Home / АЛЛОМАЛАР / МИРЗО УЛУҒБЕК – ДУНЁ ТАМАДДУНИГА УЛКАН ҲИССА ҚЎШГАН АЛЛОМА

МИРЗО УЛУҒБЕК – ДУНЁ ТАМАДДУНИГА УЛКАН ҲИССА ҚЎШГАН АЛЛОМА

Ўрта асрларда Шарқда, йиллар ўтиб Ғарбда илм-фан ривожланишига улкан ҳисса қўшган қомусий алломалардан бири Мирзо Улуғбек – Муҳаммад Тарағай саналади. Муҳаммад Тарағай Шоҳрух Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, Амир Темурнинг ҳарбий “беш йиллик юриш”(1392-1396й) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида пайтида 1394 йилнинг 22 март Эроннинг ғарбидаги Султония шаҳрида туғилган. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади. Унга Муҳаммад Тарағай исми берилиб, лекин болалигидаёқ уни Улуғбек деб аталиб, бу исм кейинчалик унинг асосий исми бўлиб қолади.[1]

1405 йил соҳибқирон Амир Темур вафот этгач, унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этади ва икки йил давом этган бу курашда Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келади ва Хуросон  пойтахт Ҳирот шаҳрини танлаб, Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширди. Улуғбекни 1409 йили 16 ёшида Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинлайди.[2] Шу сабабли Улуғбек – Муҳаммад ибн Шоҳруҳ ибн Темур Кўрагоний (1394-1449) соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, ундан сўнг отаси Шоҳруҳ орқали бевосита тахт вориси ҳисобланади. Мирзо Улуғбек болалик йиллариданоқ бошқаларникига ўхшамаган хотираси, тил ўрганишга бўлган истеъдоди билан ажралиб турган. Мирзо Улуғбек аввалига араб, сўнг форс ҳамда ҳинд тилларини, нотиқлик санъати ва адабиёт сирларини ўрганган.

Улуғбек 16 ёшида ҳоким бўлиб, бобосидан фарқли ўлароқ ҳарбий юришлар билан қизиқмас, кўпроқ илм-фанга мойил эди. Маворауннаҳрдек катта ҳудудни буюк давлат арбоби бўлиши билан бирга буюк астраном, математик олим, ўз даврининг етук алломаларидан бири бўлган. У Самарқанд тахтига ўтиргандан сўнг бутун эътиборини мамлакатни ободонлаштиришга қаратади.  У ҳукмдор сифатида Мовароуннаҳрда, хусусан Самарқанду Бухорода илм-фан ривожига жуда катта ҳисса қўшиб, бу шаҳарларни дунё илмий марказларидан бирига айлантиришга ҳаракат қилади ва кўплаб илмий даргоҳларни қурилишида ўз ҳиссасини  қўшади. Улуғбек томонидан асос солинган илм даргоҳларидан бири Самарқанддаги Регистон мажмуасида жойлашган Улуғбек мадрасаси ҳисобланади. Самарқандда  сақланиб  қолган Шердор  ва  Тиллоқори обидалари билан бир қаторда  гулдаста  мисоли  Улуғбек мадрасаси ҳам шаҳар  кўркига  кўрк  қўшиб турибди. Уларнинг  энг  қадимийроғи  Улуғбек  мадрасаси  ҳисобланади.

Илм-маърифат ва зиё маскани бўлган ушбу мадраса ўз замонасида “Мадрасаи Олия – Олий билим даргоҳи” деб тан олинган. Улуғбек ушбу Мадрасаи Олияга 1417-1420 йилларда асос солади.[3]Шунингдек, 1432-1433 йилларда Бухорода (ҳозирги Ғиждувон тумани) ҳам Мирзо Улуғбек мадрасаси бунёд этилади.[4] Самарқандда жойлашган ушбу Мадрасаи Олияда диний – ақоид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, адаб билимлари билан бир қаторда дунёвий – грамматика, риёзат (математика), ҳандаса (геометрия), жуғрофия (география), фалсафа, меъморчилик билимлари ўргатиладиган олий даргогҳлардан бири бўлган десак хато бўлмайди. Чунки бу Мадрасаи Олияда Улуғбек ҳукмронлиги даврида ва ундан сўнг ҳар бир фандан замонасининг етук уламолари таълим беришганлар. Ушбу билимлар билан бир қаторда Мирзо Улуғбек томонидан битилган “Тўрт улус тарихи”, “Зижжи Кўрагоний” асарлари муаллиф томонидан бевосита талабаларга ўқитилган.

Манбаларда келтирилишича, Қозизода Румийнинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони, 1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Коший энг салобатли ва нуфузли эдилар. 1420 йили Самарканд мадрасасининг тантанали очилиши бўлади. Зайниддин Восифий “Бадоиъ ул-вақоиъ” китобида айтишича, биринчи мударрис этиб мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Хавофий тайинланади. Мадрасада асосий маърузаларни Қозизода Румий, Улуғбек, Ғиёсиддин Коший ва Али Қушчи ўқиганлар. Мадрасада толиби  илмларга Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам дарс беради.

Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия – фалакиёт фани эди.[5] Шу сабабли бу Мадрасаи Олияда Аҳмад Фарғоний (“Жавомеъу илмин нужум”), Абу Райҳон Беруний каби буюк фалакиёт илми олимларининг асарлари ва бошқа нужум илмига оид асарлар ўқитилган. Улар билан бир қаторда Мирзо Улуғбекнинг “Зижжи Кўрагоний” асари ҳам дарслик сифатида ўқитилган.[6]

Дарҳақиқат,  Мирзо Улуғбек тарих саҳифаларидан нафақат Самарқанд подшоҳи, балки буюк олим, ўз даврининг маълум ва машҳур сиймоси, атоқли математик ва астрономи сифатида ҳам ўрин олди.  Мирзо Улуғбек – Шарқ Ислом оламининг етук олимлари қаторида ўз меҳнатлари ва илмий хизматлари билан илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига таъсир кўрсатган.Мирзо Улуғбек ўрта асрларда жаҳондаги энг муваффақиятли расадхонани ташкил қилган эди. Дунёда энг кўп донг таратган мусулмон олимларидан Мирзо Улуғбек асос солган расадхона оддий расадхона эмас, балки буюк француз тарихчиси Вольтер таърифланганидек, “Фалакиётшунослик академияси” эди. Самарқандда жойлашган ушбу расадхонада фалакиёт илмига тегишли турли маълумотлар йиғилиб, олимлар бу маълумотлар устида илмий баҳслар олиб борганлар.

Мирзо Улуғбек XV аср жаҳон астрономия фани соҳасида оламшумул тадқиқотлар олиб борган йирик алломадир. Самарқанд яқинида Обираҳмат деган жойда расадхона қурдиради, ўзининг астрономияга оид кузатишларини шу ерда олиб боради. Унинг 1437 йилда ёзиб тугатган “Зижи жадиди Кўрагоний“ жадвали янги астрономик кузатишлар ва хулосалар негизида дунёга келди. Улуғбекнинг “Зижжи Кўрагоний” асари фалакиёт илмидаги нодир асарлардан биридир. Алломанинг илми нужум соҳасида етишган натижаларига ҳозирда энг тараққий этган асбоблар билан жиҳозланган фалакиёт олимлари эришолгани йўқ. Улуғбек “Зижж” жадвали нафақат ўз даврининг энг мукаммал ютуғларидан, балки ҳозирги замонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган само жадвали ҳисобланади. Чунончи, Улуғбекнинг йил ҳисоби ҳозирги замон ҳисоб китобларига қиёс қилинганида бир минут икки секундга фарқ қилар экан. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” астрономия жадвали XVI асрда Туркия орқали Ғарб илм-фан доираларига маълум бўлади ва узоқ йиллар мобайнида дунё астрономия фанида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.  

Ушбу ўринда аллома Мирзо Улуғбекнинг “Зижжи Кўрагоний” асарининг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақида қисқа маълумотлар келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Мирзо Улуғбекнинг вафотидан сўнг, дунёнинг турли минтақаларидан Самарқанддаги Улуғбек мадрасасига йиғилган уламолар билан бир қаторда фалакиётшунос олимлар ҳам бу ерни тарк этишади. Мана шу олимларнинг ўз юртига ёки илм-маърифат ривожланаётган шаҳарларга бориб, “Зижжи Кўрагоний” асаридан нусхаларини ҳам олиб кетишади. Айнан Самарқандда сиёсий тузумни ўзгариши бошқа нодир асарлар билан бир қаторда “Зижжи Кўрагоний” асарини ҳам Шарқдан Европа давлатларига тарқалишига ҳамда турли тилларга таржима қилинишига сабабчи бўлади.

Алломанинг жаҳон ҳамжамиятига, илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган ушбу асари турли давлатларда ва турли даврларга оид қўлёзма нусхалари мавжуд. АҚШ Мичиган Ислом универститети қўлёзмалар фонди №770 рақам остида сақланиб келааётган “Зижжи Кўрагоний” асари 1460-1525 йиллар оралиғида ёзилган. Асар ўрта асрлардаги астрономик абжад усулидан фойдаланган ҳолда юлдузларнинг номи, жойлашув ўрни келтирилган. Асарнинг муқоваси шарқ муқоваси бўлиб, насх ёзувида ёзилган. Ушбу қўлёзма 1933-34 йили Қоҳирада Макс Мейерҳоф томонидан сотиб олинган.

Шунингдек, Миср миллий кутубхонаси №3951 рақам остида сақланаётган “Зижжи Кўрагоний” асари XV-XVI асрга оид бўлиб, асар муқаддимасида машҳур мисрлик астроном аллома Шамсиддин Муҳаммад ибн Абулфатҳ Суфий (ваф.1494й) илтимосига биноан араб тилига таржима қилганини келтириб ўтилади. Шамсиддин Муҳаммад ибн Абулфатҳ Суфий “Зижжи Кўрагоний” нусхасини тўлиқ ўрганиб чиқиб, форс тилидан араб тилига Яҳё ибн Али Рифаъий қилган таржима қилдирган. Ушбу қўлёзма иккита “Зижжи Кўрагоний” асарни турли даврларда кўчирилган нусхалари мавжуд. Асар 29 саҳифадан иборат бўлиб, +2а  варағида қўлёзма аввалги соҳибларининг муҳрлари  келтирилган; Миср қозиси Усмон Фанавий, Мисрнинг 1811 йилдан 1848 йилгача ҳукмронлик қилган ҳокими Муҳаммад Али Пошшо, шунингдек асарнинг 43 саҳифасидан иккинчи  “Зижжи Кўрагоний” 1721 ноябрь ойида Юсуф ибн Юсуф Маҳаллий Шофеъий томонидан кўчирилган. Асарни Ҳасан ибн Қози Ҳасан номи билан танилган  таржимон таржима қилган.

Қўлёзманинг аввалида ҳаттот ушбу асарнинг кимга тегишли эканлигини, муаллиф алломанинг мартабаси ва насли насаби билан гўзал услубда баён қилиб келтирган:

 

“Бу китоби султони саид шаҳид, араб ва ажам тождори, фазл байроғининг нусратдори, ҳикматлар жавоҳирини чангаллаб олувчиси, Бани Одам манҳажларини аҳду паймони, миллатнинг шарафи, энг салоҳиятли исмларнинг кафили, давлатнинг силоҳи, ғарб ва шарқни боғлаб тургувчи робитаси, ходиму ҳарамайни-ш-шариф (Масжидул-Ҳаром ва Масжиду-н-Набавий) ходими, Қутбу-луламо ва фазилатли илмлар пойтахти Султон ибн Султон ибн Султон Улуғбекхон ибн Шоҳруҳхон ибн Темур Кўрагон ас-Самарқандий ал-ҳанафийнинг  “Зижж” асаридир.”

Шундан сўнг муаллифнинг муқаддимаси келтирилган. Муқаддимада йилларни ва ойларни вақтини билиш учун юлдузлар илмини билиш зарурлиги тўғрисидаги сўз юритиб, ушбу асарни ёзилиш сабабини ояти карима ва ҳадислар билан далилланган. Шундан маълум бўладики, шоҳ аллома яшаган даврда илми нужум билан шуғулланиш мутаассиб олимлар томонидан қаттиқ қаршилик остида бўлган.

Муаллиф асарнинг муқаддимасида кеча ва кундузнинг сабаблари улкан коинотнинг ўртасида Қуёшнинг ҳаракатланиши ва Ер сайёраси Қуёшнинг атрофида айланиши сабабли эканлигини баён қилиб, араблар, форс ва румликларда Қуёшнинг чиқиши ва ботиши орқали содир бўлишини баён этган. (3А) саҳифа.

Жумладан, муаллиф асар муқаддимасида уйғур ва хитой халқлари томонидан  ўн икки ҳайвон номи билан аталадиган ўн икки йиллик мучал ҳисобининг номларини уйғур ва хитой тилида ҳам келтиради: 1. Тингир (сичқон). 2. Уд (сигир). 3. Барс. 4. Товушқон (қуён). 5. Луй (балиқ) 6. Йилон (илон). 7. Юнд (от). 8. Қўй. 9. Пичин (маймун). 10. Доқуқ (товуқ). 11. Ит. 12. Тўнғиз.

Асар давомидаги бобда  аллома арабларни тарих ва йил ҳисобини аниқлашда қўллайдиган ойга боғлиқ йил ҳисобини ва унинг мучал йил ҳисоби билан қиёсий арифметик ҳисобларини жадвал кўринишида ёзиб  қолдиради.

Шунингдек, асарда (4-боб) араблар, румликлар ва форсларнинг йил ҳисобларини аниқлаш боби (1-, 2-боблар), ушбу турли йил ҳисобларни бир-бирларига қиёслашга оид ҳисоб-китоблар ҳам келтирилган. (14А).

Йиллар ва ойларнинг ҳисоби фаслларга ҳам ажратиб, фасллар орасидаги фарқлар ва уларнинг кириб келиш вақтлари ҳисоблаб чиқилган.

Шунингдек, аллома астрономик кузатувлари натижасида йил давомида фазода Қуёш ва ойни жойлашув ўринларини ҳисоблаб чиқиб, уларни кун ва тундаги жойлашув ўринларини аниқ рақамлар остида кўрсатиб берган. (74 А-В саҳифалар).

78- А саҳифадан синуслар ва косинуслар жадвали келтирилиб, уларнинг ҳисоблари 108-Б саҳифагача давом этган. Ундан сўнг шаҳар ва мамлакатларнинг географик  кенглиги, уларнинг ўлчами ҳисоблари шаҳар номлари билан номма-ном келтирилган.

111- А саҳифадан бошлаб ўн икки буржнинг коинотдаги  жойлашув ўринлари даражалари ҳисобланиб келтирилган. Асарда ўн икки бурж юлдуздан бошқа кўплаб юлдузларнинг жойлашув ўринлари, арифметик даражалари жадвал асосида келтирилган.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлашни истар эдик: Асарни ўқиб чиқар эканмиз, аслида бу асар билан жуда яқиндан танишиш учун араб, форс, юнон тиллари билан бир қаторда арифметика, география ва астраномия ҳамда тарихни, шу билан бирга этнография илмларини ҳам пухта эгаллаш кераклигини англаб етдик.

Аллома Мирзо Улуғбекнинг ушбу асарининг аҳамияти замонлар оша ўз долзарблигини йўқотмаган. Бундан кейин ҳам ушбу асарнинг аҳамияти, долзарблиги ошса ошадики, асло камаймайди. Фикримиз исботи учун тарихда замонлар айланишига назар ташлаймиз. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатлар қудрати қадимда дунё ҳамжамияти билан муносабат ўрнатишда қанча кенг қуруқликни забт этганлигига боғлиқ бўлган. Ўрта асрлар охирида мамлакат қудрати қанча кўп сувликларни, денгиз ва океанларни забт этиш билан белгиланган бўлса, ўтган аср ва ҳозирги асрда осмонни, ҳаво йўлларини забт этганлиги билан белгиланмоқда. Биз яшаётган ва кейинги даврларда эса мамлакатлар қудрати “коинот орқали дунё ҳамжамияти билан алоқа ўрнатиши” билан ўлчанади.

[1] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. “Шарқ”, Т-1997. – Б165.
[2]Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Самарқанд. “Uzbekistan today”, Т-2015. – Б11.
[3]Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Самарқанд. “Uzbekistan today”, Т-2015. – Б11.
[4]Абдусаттор Жуманазар. Бухоро. “Академнашр”, Т-2017. – Б535.
[5]tarix.uz 
[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Олам ва одам, дин ва илм”. “Hilol» нашриёт-матбааси”.  2019й.
Н.ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
 И.ДАУРБЕКОВА
 СамДУ магистранти.

Check Also

АЛИ AЛ-ҚОРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад Маккий Ҳанафий бўлиб, «Ал-Қорий» кунияси билан машҳурдир. …