Home / ЯНГИЛИКЛАР / Баҳрайндан муносабат: Мотуридийнинг «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, тинчлик-осойишталик ғояларини аҳолига, айниқса, ёшларга етказишимиз зарур

Баҳрайндан муносабат: Мотуридийнинг «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, тинчлик-осойишталик ғояларини аҳолига, айниқса, ёшларга етказишимиз зарур

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Мотуридийлик – мўътадил таълимот» мавзусида онлайн халқаро семинар ўтказилди. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизматининг хабар беришича семинарда Баҳрайн университети араб тили ва исломшунослик кафедраси профессори, ислом илмлари бўйича етакчи олим Aднон Муҳаммад Зарзур маъруза қилган.

– Aйни пайтда инсоният Имом Мотуридийнинг фикр-мулоҳазаларига эҳтиёж сезмоқда,– дейди Aднон Муҳаммад Зарзур. – Чунки инсон қадр-қиммати, унинг жамиятда тутган ўрни Мотуридий таълимотида юксак ўринни эгаллаши, шубҳасиз. Мазкур билимларни муфассал ўрганиш ва тадқиқ этиш орқали “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини аҳолига, айниқса, ёшларга етказиш зарур.

Олим ҳар қайси юртнинг миллий-диний қадриятларини асраб-авайлаш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, ислом оламида мутаассиблик ҳамда ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олдини олишда ислом дини ва Мотуридийлик таълимоти муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Семинарда сўзга чиққанлар Имом Мотуридийнинг ҳаёти, илмий фаолиятига тўхталиб ўтишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мутахассис изоҳи: Совуқда ниқобдан бир соатдан ортиқ фойдаланманг!

Коронавирус пандемияси сабабли дунёда, жумладан юртимизда ҳам жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Бироқ, қиш келиб, …