Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯНИНГ ЎРНИ

ИСЛОМДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯНИНГ ЎРНИ

Жисмоний тарбия инсон саломатлиги учун энг муҳим воситалардан биридир. У инсонни ҳам жисман, ҳам руҳан енгил бўлишига сабаб бўлади.

Исломда инсонлар учун фойдали бўлган ҳар бир нарсага тарғиб қилинади. Ислом таълимоти бўйича инсон илм ўрганиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, одамларга яхши муносабатда бўлиш, яхши хулқли ва одоб-ахлоқли бўлиш каби инсонни руҳий жиҳатдан комил бўлишига сабаб бўлувчи омиллар билан бир қаторда, ўз оиласини, ватанини ҳимоя қилиши, жисмини ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилиши учун ўз танасини чиниқтириши ва меҳнат қилиши лозимдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бадантарбия билан шуғулланишга тарғиб қилганлар.

Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:

“Жобир ибн Абдуллоҳ ва Жобир ибн Умайр Ансорийнинг камондан ўқ отаётганларини кўрдим. Улардан бири иккинчисига: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг зикри бўлмаган ҳар бир нарса беҳудадир, ўйиндир. Фақат тўрт нарса мустасно: эркакнинг аёли ила кўнгилхушлик қилиши, кишининг отини ўргатиши, унинг икки мўлжал орасида юриши ва кишининг сузишни ўргатиши” деганларини эшитдим”, – деди”.

Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини “отни ўргатиши” (яъни чавандозлик), “икки мўлжал орасида юриши” (мерганлик) ва сузишни ўрганиши беҳуда иш эмаслигини, балки, уларни ўрганиш лозимлигини таъкидламоқдалар.

Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг, менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: “Ҳалиги билан биру бир”, – дедилар”.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад келтирган ривоятда эса саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

“Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: “Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани, ким мусобақа қила олади?” – дея бошлади.

Шунда мен: “Ҳурматли кишини ҳурматини, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?” – дедим.

“Фақатгина Росулуллоҳ соллалоху алайҳи васалламни” – деди.

“Ё Расулуллоҳ ота-онам сизга фидо булсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, – дедим.

У зот: “Хоҳишинг бўлса, майли”, – дедилар. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим”.

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларни кураштириб, мусобақалар ўтказишга ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларини аскарликка қабул килинишларини талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

“Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида “хироб”[1] уйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй Умар, тек қўй уларни!” – дедилар”.

Ҳабашийларнинг бу ўйини Пайтамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунасидир.

Шу каби кўплаб ҳадиси шарифларда инсон ўз танасини тарбиялаш учун жисмоний машқлар билан шуғулланиши кераклиги баён этилган.

Булардан маълум бўладики, исломда жисмоний тарбияга алоҳида эътибор қаратилади. Шу сабабли, одамлар руҳий ва жисмоний жиҳатдан етук бўлиши учун доимо спорт машқлари билан шуғулланиб, ўз танасини соғлом бўлишига эътибор қаратиши лозим.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

[1] “Хироб” ‒ курол ушлаб, чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйини.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …