Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

Ўзбекистон мустақилликка эришган даврдан бошлаб миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни амалга ошириш мамлакатнинг муҳим устувор йўналишидан бири бўлди. Мамлакатда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар ҳамжиҳатликда яшаши учун тенг шароит яратиш, давлатимизнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада шундай деган эди: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир” [1].

Тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат экани ислом манбаларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Қуръони каримнинг “Бақара” сурасининг 208-оятида:

“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз!…” [1:32] – дейилади. Ушбу оятдаги “ёппасига итоатга киришингиз” дегани тафсир китобларда сулҳга, ўзаро тинчликка киришинг, урушни тарк этинг маъносида берилади [2: 335-338]. Шунингдек, “Бақара” сурасининг 205-оятида “Аллоҳ бузғунчилик – фасодни севмайди” [1:32] дейилган. Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида эса “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар”, “Кимки бизларга қарши тиғ кўтарса, у аҳли исломдан эмас” [7: 176], дея инсонларни тинчликни қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга чақирилган.

Ислом динининг тинчлик ва осойишталикка бўлган эътибори юқори бўлиши билан бир қаторда, бағрикенглик унинг негизи ҳисобланади. Исломнинг бош манбаи бўлган Қуръони каримда шундай дейилади: “… бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!”[1:108]. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги барча амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилар эдилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганда уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки, Нажрон насронийларига масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар [4:165].

Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни нафақат мусулмонларга, балки ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган. Унинг таълимотига биноан барча пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар, қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим. Бу борада Қуръони каримда: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

Ушбу оят тафсир китобларда айтилишича: “Сизлар билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг” [5. 376]. Шунингдек, “Ҳужурот” сураси 13-оятда бундай дейилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. Ушбу оят тафсирида Аллоҳ таоло “Эй, одамлар” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – демоқда, яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Бундан келиб чиқадики, турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга инсонларни бўлинишлари Аллоҳнинг иродаси билан бўлган.

Лекин, ғоялар кураши авж олган XXI асрда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Натижада ўзга дин вакиллари ўртасида исломнинг “ёвузлик салтанати” ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, динлараро ва миллатлараро низоларнинг пайдо бўлишига замин яратилмоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солмоқда. Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғатиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашиш умуман ислом динига ёт ҳолат ҳисобланади.

Умуман олганда, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сураларининг юзлаб оятларида мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган[7]. Демак, ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Айнан диний бағрикенглик, яъни ҳар бир диний таълимотга ҳурмат билан қараш, сабр-тоқатли бўлиш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, қайси давлат ва халқларда диний бағрикенглик масаласи яхши шаклланган бўлса, турли динларга эътиқод қилувчи бир давлатда яшовчи халқлар, миллатлар ўртасида шунчалик тотувлик ҳукм суради.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан мамлакатимиз ҳам минг йиллар давомида динлараро бағрикенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Қадимдан минтақада буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик ва ислом динлари ёнма-ён яшаб, масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб келган. Уларда турли динга мансуб бўлган халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келганлар. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида низолар бўлмаган [6: 40-41]. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқи ўзининг бутун тарихи давомида ҳамма вақт бошқа халқ, миллат ва дин вакилларига нисбатан ўзининг ҳурматини намоён этган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эди[8]. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир[9:], дея бежиз таъкидламаган. Халқимиз маънавиятига хос бўлган миллатлараро тотувлик, конфессиялараро ҳамжиҳатлик таъминланиши аввало, жамиятимизда эзгу ғоялар ва инсоний фазилатларни камол топтириш орқали юртимизда тинчлик ва барқарорликнинг ҳукм суришида муҳим ўрин тутади.

Бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз даркор. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилиб, жамиятга ҳар томонлама зарар етказилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳаракатлар ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик, диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Шундай экан, бундай ҳаракатларга қарши курашиш, ёшлар қалбини жаҳолат ва шунга ўхшаш ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳам тинчлик ва бағрикенглик масалаларини мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Мирзиёев Ш.М. Мамлакат ривожидаги истиқболли вазифалар. (Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома). /https://kun.uz/99444746
  2. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур). – Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012. Б-32.
  3. Тафсир ат-Табарий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1999. Ж.2. Б -335-338.
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1997. Б-141-142.
  5. Аҳмад Шалабий. Ал-Ислом. – Қоҳира: Дор ан-наҳда ал-мисрийя, 1997. Б-165.
  6. Абу Лайс Самарқандий. Баҳр ал-улум. Т.III. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. Б-376
  7. Маърифат – тинчлик асоси. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. Б-176.
  8. Саидов А.Х. Халқаро ҳуқуқ. Дарслик. – Т.: Адолат, 2001.
  9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017
  10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. http://www.uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-oliasy-28-12-2018
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …