Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Булғор ислом академияси магистр ва доктарантлари учун махсус ўқув курсини бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Булғор ислом академияси магистр ва доктарантлари учун махсус ўқув курсини бошлади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Булғор ислом академияси (Россия Федерацияси, Татаристон) ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари томонидан “Марказий Осиёда ислом таълимоти” мавзуидаги қатор мавзуларни ўзида мужассам этган беш кунлик ўқув курси бошланди.

Мазкур ўқув курси жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Zоом видеоконференция дастури орқали бўлиб ўтади.

Курс давомида Марказнинг етакчи илмий ходимлари томонидан “Мовароуннаҳр калом илми тарихида мотуридия таълимоти”, “Марказий Осиё кутубхоналари тарихи”, “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ўрни”, “Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожланиш тарихи”, “Фиқҳга оид манбалар таҳлили”, “Имом Термизий илмий мероси тадқиқотчилар нигоҳида”, “Алоуддин Усмандий Самарқандий илмий меросининг калом илми ривожида тутган ўрни”, “Иброҳим Саффор Бухорий илмий меросининг Мовароуннаҳр ҳудудида ислом ақидасини кенг ёйилишидаги ўрни”, “Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” шоҳ асари ислом динида муҳим манба” каби мавзуларда маърузалар қилинади.

Бугун, 23 ноябрь куни онлайн тарзда мазкур ўқув курсининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Булғор ислом академияси раҳбарияти ҳамда илмий ходимлари иштирок этди.

Очилиш маросимидан сўнг, Марказ директори Шовосил Зиёдовнинг “Марказий Осиё кутубхоналари тарихи” ва етакчи илмий ходим Алоуддин Неъматовнинг “Мовароуннаҳр калом тарихида мотуридия таълимоти” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …