Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҚАШҚАДАРЁЛИК ИМОМ-ХАТИБЛАР МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

ҚАШҚАДАРЁЛИК ИМОМ-ХАТИБЛАР МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Имом-хатибларни юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратувчилик ва бунёдкорлик ишларидан яқиндан хабардор этиш мақсадида ташкил этилган танишув дарслари, ўқув-семинарлар давом этмоқда.

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил қилинган навбатдаги танишув дарсида қашқадарёлик имом-хатиблар иштирок этди.

Диний соҳа ходимлари дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ул Зот ҳаққига Қуръон тиловот қилишди.

Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.

Семинар давомида эса, Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, мовароуннаҳрлик алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг ҳадис илмида тутган ўрни ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти мавзуларида маърузалар қилинди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналари ҳамда янги нашр этилган китоб ва рисолалар билан ҳам танишдилар.

Имом-хатиблар шунингдек, Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда талаба ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятларни кўздан кечиришди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Баҳрайндан муносабат: Мотуридийнинг «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, тинчлик-осойишталик ғояларини аҳолига, айниқса, ёшларга етказишимиз зарур

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Мотуридийлик – мўътадил таълимот» мавзусида …