Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ НАСР ФОРОБИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИНСОННИНГ ИЖТИМОИЙ ТАБИАТИ

АБУ НАСР ФОРОБИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИНСОННИНГ ИЖТИМОИЙ ТАБИАТИ

Шарқдаги араб-мусулмон фалсафаси деб номланувчи улкан фалсафий тизимнинг асосчиси ва ҳақли равишдаги энг йирик вакили шубҳасиз Абу Наср Форобийдир. У ислом дини ўзининг ибтидоий шаклидан ўтиб, навқиронлик даврига кирган бир паллада яшаб ижод қилган. Сиёсат ва бошқарув соҳасидаги баҳслар, мазҳаблар ўртасида вужудга келди. Бу баҳслардан-да мураккаброқ ва ўткирроқ мавзу – тақдир, адолат, қисмат, инсоннинг эркинлиги каби масалалар бор эдики, буларнинг жавобини Қуръони карим ёки ҳадисларни шунчаки билиш билан англаб бўлмас эди. Шу сабабдан бу масала бўйича баҳслар VII – IX асрлар давомида жабарийлар (мажбур қилиш, зўрлик, жабр), яъни инсоннинг барча хатти-ҳаракатлари унинг тақдирида азалдан белгилаб қўйилган деган фикр тарафдорлари билан қадарийлар (ҳокимият, яъни инсоннинг ўз хатти-ҳаракатлари устидан ҳокимияти) ўртасида олиб борилдики, улар фикрича, Худо адолатли бўлиб, ёмонлик манбаи бўла олмаслиги туфайли гуноҳли хатти-ҳаракатлар унинг томонидан олдиндан белгилаб қўйилиши мумкин эмас. Демак, инсон ўз ҳаракатларида озод бўлиб, унинг оқибатлари учун Аллоҳ ҳузурида жавоб бериши лозим [1:79].

Юқорида кўриб чиқилган масала инсониятни азалдан қийнаб келаётган масалалар қаторига киради. Бу каби масалалар ақидавий масалалар ҳисобланиб, динда чуқур кетиш яхшиликка олиб келмайди, Худога ишониш керак, уни таҳлил қилиш жоиз эмас. Негаки, биз ожиз бандаларнинг ноқис ақлимиз Худони таҳлил қилишга ҳеч қандай ҳолатда ҳам қобил бўла олмайди. Биз ҳатто ўзимизни мукаммал даражада била олмаганимиздек, Аллоҳ ҳақида мушоҳада қилишга йўл бўлсин. Инсонларни қизиқтириб келган исломдаги энг долзарб масалаларга жавоблар аниқ тарзда мавжуд эмаслигидан баъзи бир мутафаккирлар атеистик қарашларга мойиллик билдирганлар. Чунки динни ёлғон, инсон томонидан тўқилган афсоналар мажмуаси, унда ҳеч қандай илоҳийлик йўқ, Аллоҳ қандай қилиб ўз сўзларини жўнатиши мумкин? Ҳолбуки, Аллоҳда инсондаги каби моддийлик йўқ бўлса, у қандай қилиб бутун дунёдаги жараёнларни кузатиб туриши мумкин? Ахир Аллоҳда моддий кўз ёки бўлмаса шунга ўхшаш аъзо бўлмагач, қай йўсинда кузатиши мумкин? Энг мураккаб, аммо аксарият алломаларни қизиқтирган саволлардан бири бу – Худо адолатли ва ҳақиқатни қарор топтирувчи зот бўлиб, ҳеч қачон адолатсизлик қилмайди. Шундай экан, унда нега ўз инсонлари орасидан маълум кишиларни танлаб пайғамбар қилади. Аксинча, баъзиларни хўрликда ва азобда қолдиради?

Шу каби саволлар гирдобида бўлган Аҳмад ибн Тайёб Сарахсий, Ибн Равандий (вафоти 910), Абу Бакр Муҳаммад Закариё Розийлар (X аср) [2:60] атеистик қарашлари билан ном чиқаришган. Албатта, илк ислом даврида дин бизнинг кунимиздаги каби кенг жамоатчиликнинг онгига чуқур сингиб улгурмаган эди. Ибн Равандий диний ақидалар шубҳасига хатарли даражада яқинлашди. Ибн Равандий ваҳийни ғайри зарурий нарса ҳисоблаган. Унинг фикрича, инсон ақли Худони танишга, хайр билан шаррни бир-биридан фарқлашга қодир. Унинг ақидасича, Қуръон ҳам бадиий жиҳатдан бошқа арабча асарлардан беназир ва тенги йўқ ижод намунаси эмас[3:255]. Розийнинг фикрлари ҳам ўз даври кишилари учун ниҳоятда “хавфли ва мусулмончиликка зид” қарашлар бўлган. “Дарҳақиқат, бирламчи модда азалийдир, негаки, нарсаларнинг бошқа нарсалардан пайдо бўлишининг имкони йўқ, агар у жисм бўлса, чунки, ақл бундай таълимотни қабул қилмайди” [4:74].

Инсон ақл эгаси бўлгани учун ҳам, у билмасликдан билиш томон ҳаракат қилади, билганларини эса тушинтиришга интилади. Инсон қанчалик ақлли мавжудот бўлмасин, унинг ақли Яратувчининг мўжизакорлиги олдида чекланган. Бугунги кунга қадар нозил қилинган муқаддас китоблар ва ҳадисларда одамларни яхшилик қилишга даъват этилган, рухсат берилган ва ман этилган амаллар очиқчасига қайд қилинганлигига қарамасдан, одам нафсининг қули бўлиб, ваҳший мавжудотга айланаётганга ўхшайди. Ваҳоланки, ер юзидаги ягона ақлли мавжудот Инсон ҳисобланади.

Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, имом Ғаззолий, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб аллломаларимиз инсон ақлини юксакликка кўтардилар. Улар инсонни жонзотлар ичидаги ягона ақлли мавжудот сифатида эътироф этдилар. Шунинг учун уларнинг асар ва рисолаларида: эътиқод масаласи, комиллик, инсон ҳаёти ва ўлими, тақдир, тинчлик, жамият, борлиқ, билиш каби кўплаб масалалар устида фикр юритилинган.

Инсон билмасликдан билишга томон ҳаракат қиладиган мавжудот. У ҳар нарсанинг моҳиятига етишга уринади. У нарса хоҳ бир неча сониягагина мавжуд бўлсин, хоҳ бир неча аср мавжуд бўлсин ҳамма нарсани билишга интилади. Инсон ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида борлиқни ўрганиб, ўзлаштиради. У борлиқни ўзлаштириш жараёнида моддий ва маънавий ҳимояланишига эҳтиёж туғилади. Баъзан бунёдкорлик, баъзан эса афсус бузғунчилик ишларини ҳам амалга оширади. Сенга қўл кўтармаган ва озор бермаган инсонни ўлдириш, сени ва яқинларингни саводли қилган, ҳимоя қилган, вояга етказган Ватанга қарши бориш яхши эмаслигини англаш учун катта илм талаб қилинмаслигига қарамасдан, афсуски, баъзи одамлар тубанлик қилишда беллашмоқдалар.

Инсон ақли барча ашё ва ҳодисаларнинг моҳиятини билишга қодир эмас. Ақлнинг чекланганлиги одамнинг барча ноинсоний хатти-ҳаракатларини оқлай олмайди. Чекланган ақл – эзгулик билан ёвузликнинг фарқига ҳар доим ҳам бора олмасада, аммо яхшилик билан ёмонликнинг фарқига бориши зарур. Ақлни ким яхшилик учун кимдир эса, ёмонлик учун қандай ишлатиши ҳамманинг ўз ихтиёрида. Бу холатга мисол тариқасида одамларнинг бир-бирини ўлдириши (тириклайин ёқиб юбориши, кимёвий қуроллар билан, биологик қурол ишлатиб касаллик тарқатиш йўли билан), азоблаши, қийнаши, вайронкор хатти-ҳаракатлари ва ҳоказо жоҳилликларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Жалолиддин Румий шогирди билан кетаётганида икки итни бир-бирига суйкалиб, эркаланаётганини кўришади, шогирд: “Бу итлар бунчалар бир-бирига меҳрибон. Айрим одамлар меҳр-муҳаббатни, дўстликни, самимиятни ана шу тилсиз жонворлардан ўрганса яхши бўлармиди…”-дейди. Шунда Румий: “Сен буларнинг олдига битта суяк ташлагин, ўшанда бу итларнинг бир-бирига бўлган “муҳаббатини” кўрасан” – деган экан. Бу ҳикматдан мақсад, Жалолиддин Румий инсонни бошқа жонзотлардан фарқ қилишини, ҳайвонлар каби арзимаган нарса деб бир-бирини ғажимаслигини, ақл эгаси эканлигини таъкидламоқда. Афсуски, ҳозирда ҳокимият, бойлик, мансаб, шуҳратга эришиш йўлида одамзот инсонни аямасдан, қотиллик ва ёлғонлари эвазига ўзининг жоҳилликларини амалга ошириб келмоқда. Жамиятдаги адолат масаласи хусусида Форобий асарларида айнан ҳукмдорнинг сиёсатига катта эътибор берилганлигини кўриш мумкин. “Агар ҳукмдор одамларни ўзига бўйсундириш, итоат эттириш, уларни буткул ўз измига солиб, нима истаса, нимани буюрса, шуни сўзсиз бажо келтиришлари учун жанг қилса, бу адолатсиз курашдир. Агар ҳукмдор кимдандир устун туриш мақсадида жанг қилса, бу ҳам адолатсиз уруш ҳисобланади. Борди-ю, ҳукмдор кимнидир ёки кимларнидир ўз ғазабини қондириш ёҳуд шунчаки ҳузурланиш учун ўлдирса, бу ҳаракат ҳам адолатсиз саналади”- дейди Форобий. Террористик гуруҳ сифатида тан олинган “ИШИД”нинг хатти-ҳаракатлари инсон шаъни ва номига зид бўлган адолатсизликнинг барча кўринишларини ўзида жамлаган, у қилаётган қотиллик, вайронкорлик ва тубанликлар бунинг исботидир. Бу ва бошқа террористик гуруҳларнинг нафснинг қули бўлганликлари юқорида тилга олинган икки ақлсиз ва забонсиз итнинг қиладиган ҳаракатлариданда ёмон.

Ўзида жоҳилликни қамраб олган барча “исломий” террористик гуруҳларнинг моҳияти қандай йўл билан бўлишига қарамасдан ҳалифаликни, ислом давлатини барпо қилишдир. Бугунги кунгача шакллантирилган уларнинг жоҳил жамияти Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри аҳлининг қарашлари ҳақидаги китоби”да таърифланган жоҳил шаҳар, зарурий эҳтиёжлар шаҳри[5:162], разолат (тубанлик) ва бадбахтлик шаҳри, обрўпарастлар шаҳри, амалпарастлар, ҳокимиятпарастлар шаҳри, шаҳватпарастлар шаҳри, беномуслар шаҳри, беқарор шаҳар, адашган шаҳар каби шаҳарларнинг йиғиндисидан ҳам ёмонроқки, “исломий” террористик гуруҳлар бу шаҳарларнинг алоҳида бир турини эмас, ҳаммасини битта қилиб ўзида жам эттиради: мусулмонларни кофирга чиқариб уларга нисбатан ваҳший фатволарни амалга оширади, “учинчи ва кейинги томон”нинг нағмасига учиб, буйруқларини бажаради, Қуръони Карим ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, натижада адолатсиз, ноинсоний, исломга зид фатволарни чиқаради, динлараро зиддиятларни келтириб чиқаради. Ўзларини ҳақиқий мусулмонлар деб билган “ИШИД” террористик гуруҳининг ғайриисломий хатти-ҳаракатлари муқаддас ислом динига, унинг асосий тамойилларига бутунлай зиддир. Террористларнинг жоҳилликлари улар эгалик қилаётган ҳудуддан ташқари бўлган жойлардаги инсонларнинг ҳаёти ва руҳиятига азият бермоқда. Жангарилардан қочган миллионлаб аҳоли ватанларини ташлаб, қочоқ бўлишга мажбур бўлмоқда. Натижада кўплаб қочоқлар болалари билан азобли, машаққатли йўлларни босиб ўтишга мажбур ва баъзи ҳолларда йўлда ва денгизда ҳалок бўлмоқда. Бу ҳалокатларнинг асосий сабабчиларидан бири ҳам уларни шу кўйга солган террорист жангарилардир ва уларнинг ортидаги сиёсатчилардир. Уруш маконларидан қочишга мажбур бўлган ҳомиладор ва ёш болали қочоқлар ҳам омонат қайиқларга ўтириб, бир қирғоқдан иккинчисига ўтиш жараёнида ҳамиша ҳам кўзлаган манзилларига тирик ҳолатда етиб бора олмаяпти. Денгиз оша сузаётган омонат қайиқлар манзарасини “денгиздаги олов” тушунчасига қиёслаш мумкин. “Олов” тушунчаси баъзи ҳолларда “ҳаёт” тушунчасини ҳам англатгани учун, у “ҳаёт” бўлишига қарамасдан денгизда ўчиб қолиши, яъни вафот этиш эҳтимоли борлигини англатади.

На моҳияти жиҳатидан, на ақидалари жиҳатидан инсонни ишонтира ололмаган ихтиёрий дин адашган, хато дин деб ҳисобланади… Диннинг аксарият қисми фалсафага тааллуқли масалаларни муҳокамага қўяди. Шу туфайли фалсафа ва дин ягона таркибни ташкил этади. Дин тавсия этган ақидаларга одамлар табиий ҳолатдан ёки динга асосланиб риоя қиладилар, яъни бунинг ўзи ҳам фалсафадир[6: 323-324, 326].

Исботда илм, тортишувда иккиланиш, хитобда ишонтириш қанчалик аҳамиятли бўлса, инсоннинг эътиқоди ва динни соф холатда англаши ҳам бугунги куннинг талабидир. Инсон олдига қўйган мақсадига эришиш учун тўғри ва ҳалол йўлдан бормоғи зарур, акс ҳолда у эришган мақсад ҳам ҳалол бўлмайди. Бу ҳар бир инсон шахси ўзига хос. У одилона тартибда ҳаракатланади. Оламнинг низомида бир зулм, бир-бирига ҳалал берадиган нарсанинг ўзи йўқ. Оламнинг низоми, коинотнинг айланиб туришида бир камчилик, ноаниқлик йўқ. Мавжуд табиат ҳам ғоят мукаммал яратилган – дейди Форобий.

Одам ва оламни билиш ҳақида, барча фан мутахассислари қадим даврлардан қизиқиб келганлар. Мақолада фақат инсон табиатини билиш, яъни ҳақиқатни англаш билан чекланилмасдан, танқидий томондан ҳам ёндашиб, бизгача қилинган фалсафий мушоҳадаларнинг нақадар асосли ёки асосли эмаслигини бугунги кун воқеа-ҳодисалари билан синовдан ўтказдик. Абу Насрнинг инсонга оид қарашларини шу давргача қилинган фалсафий тизимдан чиқариб, фалсафанинг ўзида янгиладик. Бундай ҳаракатимиздан мақсад Форобий илмий меросидаги инсон мавзусининг долзарблиги ҳозирда жамиятда, давлатда, миллатлараро тотувликка хизмат қилишига ишонамиз. Бахт-саодат ҳақидаги қарашлар ҳар бир инсон диққат маркази ҳисобланади. Инсон жамоа бўлиб яшаганида бахтли, чунки якка инсоннинг ўзи кўп нарсага қодир бўла олмайди. Ҳар бир кишидан қолган яхшилик, бахт – унинг умумий бахтга, яъни умуминсоний маънавий маданиятга қўшган хиссасидир. Инсон, инсоният – ўз яхшиликлари билан мангудир.

Мунира ХЎЖАҚУЛОВА,
Ўзбекистон миллий университети мустақил изланувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Аҳмедова М.А. умумий таҳрири остида. Фалсафа.-Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти, 2006.
  2. Хотамий С. М. Ислом тафаккури тарихидан. –Т.: Минҳож, 2003.
  3. Қодиров М. Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқнинг фалсафий тафаккури. –Т.: ТошДШИ, 2010. // Rosenthal, Ahmad b. at-Tayyib as-Sarahsi, New Howen, 1943. –P.132 // Ибн Надим, Феҳрист.
  4. Қодиров М. Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқнинг фалсафий тафаккури. –Т.: ТошДШИ, 2010. // Насири Хисрав. Зод ал-мусофирин. Берлин. 1935, б.74.(форс тилида).
  5. Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993.
  6. Аль-Фараби. Естественно-научные трактаты. //Отношение философии к религии.-Алма-Ата.: Наука, 1987.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …