Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ AЛ-ҚОРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

АЛИ AЛ-ҚОРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад Маккий Ҳанафий бўлиб, «Ал-Қорий» кунияси билан машҳурдир. «Ал-Қорий» номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун ал-Қорий номи билан шуҳрат қозонган[1: 21]. Ҳофиз Саййид Абдулҳай Китоний (ваф. 1381/1961й.) ўзининг «ат-Таротиб ал-идория ва-л-амалот ва-с-синоот ва-л-матожир ва ал-ҳолот ва-л-илмия аллатий конат ало аҳди таъсис ал-Мадина ал-мунаввара» [2: 21] китобида: «ал-Қорийнинг тахаллуси Абу-л-Ҳасан бўлиб, Нуриддин унинг лақабидир, чунончи, унинг «Шарҳ Муснад Аби Ҳанифа ривоят ал-Ҳисфакий» асари Абу-л-Ҳасан Али ал-Қорий ибн Султон ал-Маккий номи билан маълумдир», – деб таъкидлайди [3: 2].

Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Абдуллоҳ Румий ўзининг «Файз ал-аҳрам ва фатҳ ал-акрам фи шарҳ ал-ҳизб ал-аъзам ва-л-вирд ал-афҳом» китобида шундай ёзади: Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий Ҳирот шаҳридан араб диёрларига ҳижрат қилган. Ажамликлар фарзандларини жуфт исм билан аташга катта эътибор берганлар, жумладан, Фозил Муҳаммад, Содиқ Муҳаммад, унинг отасининг исми Султон Муҳаммад мана шу йўсинда қўйилган. Султон Муҳаммаднинг келиб чиқиши шоҳлар авлодига бориб тақалади, бироқ буни ҳеч ким тадқиқ этмаган [3: 3-4].

Али ал-Қорийнинг шажараси шоҳлар авлодига бориб тақалиши ҳақидаги маълумотни фақатгина тарихчи Абу Исҳоқнинг унга берган таърифида келган, аммо бошқа манбаларда бу хусусда ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Бироқ, айрим манбаларда отасининг исми ҳақида тўхталиб уни фақат Султон эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Жумладан, тарихчи олим Абдулмалик Асомий Шофеъий (ваф.1111/1699й.) отасининг исми борасида ўзининг «Сумт ан-нужум ал-аволи ва ат-таволи»[3: 4-5] асарида, ал-Қорийнинг отасининг исми Султон, деб маълумот беради. Аллома Муҳиббиддин Абу-л-Файз Муҳаммад Муртазо Балкаромий ҳам ушбу фикрни қўллаб- қувватлайди. Аммо, Зубайдий ўзининг «Тож ал-арус мин жавоҳир ал-қомус» китоби муқаддимасида ва Шайх Муҳаммад Абдулҳай Куҳнавий «Торб ал-амосил битаражим ал-афозил» асарларида: Султон Али ал-Қорийнинг отасининг исми, Муҳаммад унинг бобосини исми Султон – деб, уни Султон ибн Муҳаммад деб атайдилар [4: 45]. Алломанинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда бошқа аниқ маълумотлар келтирилмаган.

 Али ибн Султон ал-Қорий қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган. Рофизийларнинг биринчи подшоҳи султон Исмоил ибн Ҳайдар сафавий Ҳиротни эгаллаб, мусулмонларга ҳаддан зиёд тазйиқ ўтказиб, рофизийлар[1] шиорини мажбуран сингдира бошлагач, Ҳирот олимларига туғилиб ўсган ватанлари торлик қилиб қолади ва шу сабабдан имкон топганлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Илм талаби йўлида сафарларга чиқиш янада авж олди. Бунга бир неча сабаблар бор эди:

 1.Олимларни турли шаҳарларга тарқалиб кетганлиги;

 2.Тўқима ва уйдирма ҳадисларнинг кўплиги.

Хатиб Бағдодийнинг айтишича: «Ҳадис ўрганишда сафар қилишдан икки мақсад кўзланган: 1. Олий иснодни қўлга киритиш ва узоқ муддат тинглашлик; 2. Ҳадисларни кўп ёдлаганлар билан учрашиш ва улардан фойдаланиш. Агарда бу икки жиҳат муҳаддиснинг ўз шаҳрида бўлиб бошқа шаҳарларда бўлмаса, сафар қилишдан фойда йўқ» [5: 294].      

Шу қаторда Али ал-Қорий ҳам Маккаи мукаррама сари юзланди ва ўша жойда умрининг охиригача яшади. Бу ҳақида унинг ўзи: «Менга бидъат авж олган диёрдан Пайғамбарлик келган, ваҳий инган ва суннат кенг тарқалган ўлкага кўчиб, ул жойни ватан тутиб яшашимга қудрат ва имкон ато этган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деган[6: 9].

Макка шаҳри маданият, тижорат ва ҳожилар зиёратга келадиган муқаддас замин бўлганлиги сабабли, илм-фан гуллаб яшнаган ва бу ерда кўплаб ўз даврининг йирик уламолари йиғилган эдилар. Ушбу уламоларнинг ҳам кўплари китоблар ёзиш ва шарҳлар битиш билан машғул бўлишарди ҳамда мактаб ва мадрасаларда илми толибларга таълим бериб келардилар.

Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарлари диний марказ бўлганлиги сабабли атрофдан асосан Марказий Осиёдан жуда кўп илм эгалари келиб таълим олар эдилар.

Алломанинг қачон дунёга келганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолинмаган. Али ал-Қорий ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан яратилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, Алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад Муҳиббийнинг «Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар» ва Шавконийнинг «ал-Бадр ат-толеъ» асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.

«Хулосат ал-осор фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар» китобида келтирилишича, Али ал-Қорий фозил илм пешволари ва энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. У ўзида ақлий ва нақлий билимларни мужассамлаштирган бўлиб, шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган[1: 26].

Олим Шавконий, «Али ал-Қорий мазкур сифатларга эга бўлган асарлар туфайли ҳижратнинг биринчи минг йиллиги бошларида мужаддидлик рутбасига кўтарилган», – деб таъриф беради [7: 90].

У зот 1014 ҳижрий сананинг шаввол ойида (мил. 1606 й. март ойида ) Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур «ал-Муалло» қабристонига дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар жомеъсида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаган ҳолда, кўпчилик бўлиб «Солат ал-ғоиб» намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт минг кишидан ортиқни ташкил қилган [7: 91].

Али ал-Қорий кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп илмий асарлар яратган. Улар жумласига, ҳадисшунослик, фиқҳшунослик, Қуръонни қироат билан ўқиш, калом илми, тасаввуф тарих, таржима, адабиётшунослик соҳаларини киритишимиз мумкин.

Аллома ўзининг бетакрор, камёб тарзда ёзилган ҳамда латиф ва мазмунли мулоҳазаларни ўз ичига қамраб олувчи асарларининг кўплиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлардан иборат китоблар ва кўплаб саҳифалар ҳамда рисолалардан иборат  [6: 8].

Олимнинг тўпламларни ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у барча асарлардаги бобларни қимматли маълумотлар ва мубоҳасалар билан бойитган. Улар барча учун тушунарли, кўпчилик олимлар ижодида учрамайдиган йўналиш билан ёзилган бўлиб, ҳеч қандай мавҳум иборалар иштирокисиз амалга оширилган.

Кўриниб турибдики, Али ал-Қорий шариат билимларининг билимдони бўлибгина қолмай, ҳуснихат билан ҳам мунтазам шуғулланиб борган. Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир Курдий ўзининг «Тарих ал-хат ал-арабий ва одобиҳи» китобида шундай ёзади: «Али ал-Қорий насх, насталиқ ва сулс хатлари бўйича моҳир хаттот бўлган ва кўплаб беллашувлар ғолиби бўлган. Алломанинг ҳуснихат илмидаги маҳоратни Маръашийнинг шогирди Шайх Ҳамидуллоҳ Амосийдан ўрганган бўлиб йил бўйи Қуръон мусҳафи ва «Жалолайн» тафсирини ёзиб тугатгач, сотиб пулини йил давомидаги ўзининг сарф ҳаражатлари учун ишлатарди» [6: 29].

Шавконий «Ал-Бадр ат-толеъ» асарида ёзишича, Али ал-Қорий ўнинчи ҳижрий сананинг бошларида майдонга чиққан мужаддид ва мужтаҳиддир»[1: 20].

«Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий, – деб ёзади машҳур фақиҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани ал-маккий ал-Ҳанафий «Иршод ас-сорий ила маносик ал-Али ал-Қорий» асарида, ўз замонасининг буюк алломаси, машҳур олим, ақлий ва нақлий билимларни ўзида мужассамлаштирган, Қуръони карим ва ҳадис илми бўйича билдирилган фикрларни асосли тарзда шарҳловчи-тадқиқотчидир» [8: 34].

Али ал-Қорий Маккадаги кўплаб алломалардан илм олади ва ўзининг тинимсиз изланишлари натижасида етук олим бўлиб етишади. Ўша пайтда Макка шаҳри ва хусусан, Араб диёрларида кўпроқ шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга мансуб баъзи кишилар (айниқса, шофеъийга) етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни фақат «раъй»га асосланган, деган гапларни айтишарди. Баъзилар эса ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига ҳам маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида илмсизликда айблашарди.

Ҳанафия мазҳабига мансуб бўлган Али ал-Қорий илм бобида шундай юксак мартабага кўтарилдики, бу салоҳият унга айрим мазҳаб имомлари ортидан эргашиб Абу Ҳанифа тўғрисида нотўғри фикрда юрганлар қарашларига эътироз билдиришга, кескин раддиялар ёзишга ва Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто, инкор этилиш даражасига етган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга сабаб бўлди ва у бунинг уддасидан чиқди. Имом Моликка эса намозда қўлни пастга тушуриб ўқиш борасида қарши чиқади[3: 39].

Бироқ, бу чиқишлар Аллома олдида кўплаб қийин­чиликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Олим Шавконий, унинг бу борадаги жасорати ҳақида гапириб, шундай дейди: «Ушбу қараш унинг даражасини яна бир бор кўкка кўтаришнинг исботидир, чунки мужтаҳиднинг олдида турувчи вазифа ихтилофли масалаларда ҳақиқий далилни баён қилиш ва унга ўз қарашларини ҳолис ҳолда аввалги ўтган олимлар томонидан тўғри ёки нотўғри фикр билдирилганлигини аниқ баён қилишдан иборатдир» [7: 90].

Алломаннинг ижоди ва фаолиятига назар соладиган бўлсак, у кўпрок матнларга шарҳ ёзишга бағишланганлигини кўришимиз мумкин. Аллома ўз илмий ва ижодий фаолиятида араб тили ва адабиётига чуқур ҳурмат билан қараган ва ўз асарларини араб тилида ёзган. Унинг асарлари илм-фаннинг кўпгина соҳаларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, уларнинг сони юздан ҳам ортиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Олим фиқҳ, ҳадис, тафсир, қироат, усул ал-фиқҳ, калом илми, тасаввуф, тарих, табақот, адабиёт, тилшунослик ва шу каби кўплаб соҳаларда ижод қилган ва асарлар яратган.

Алломанинг асарлари нафислиги, фойдалилиги, қаноат­бахшлиги, жуда осон ва енгил тилда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, унинг асарларга шарҳ ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у инсонлар учун қийинчилик туғдирадиган ибораларни оддийгина ҳамда тушунарли тилда баён қилади ва ислом арконлари юзасидан билдирилган фикрларнинг тўғри ёки нотўғрилигини Қуръони карим оятлари ва ҳадисларни ҳанафий мазҳаби усулул-фиқҳ қоидалари асосида исботлаб чиқади [7: 89].

Хулоса ўрнида:

  • Али ибн Султон ал-Қорий қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган. Рофизийларнинг биринчи подшоҳи султон Исмоил ибн Ҳайдар сафавий Ҳиротни эгаллаб, мусулмонларга ҳаддан зиёд тазйиқ ўтказиб, рофизийлар шиорини мажбуран сингдира бошлагач, Ҳирот олимларига туғилиб ўсган ватани торлик қилиб қолади ва шу сабабдан имкон топганлар ҳижрат қилишга мажбур бўлиши, аллома, араб диёрларидан бўлган Ҳижозда умрини кўп қисмини ўтказиши;
  • Олим Шавконий, «Али-ал-Қорий ҳижратнинг биринчи минг йиллиги бошларида мужаддидлик рутбасига кўтарилган», – деб таъриф бериши;
  • Ҳанафия мазҳабига мансуб бўлган Али ал-Қорий илм бобида шундай юксак мартабага кўтарилдики, бу салоҳият унга айрим мазҳаб имомлари, Абу Ҳанифа тўғрисида нотўғри фикрда юрганлар қарашларига эътироз билдиришга, кескин раддиялар ёзишга ва Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто, инкор этилиш даражасига етган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга сабаб бўлди ва у бунинг уддасидан чиқиши;
  • Алломаннинг ижоди ва фаолиятига назар соладиган бўлсак, у кўпроқ матнларга шарҳ ёзишга бағишланганлигини кўришимиз мумкин. Аллома ўз илмий ва ижодий фаолиятида араб тили ва адабиётига чуқур ҳурмат билан қараган ва ўз асарларини араб тилида ёзган. Унинг асарлари илм-фаннинг кўпгина соҳаларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, уларнинг сони 125 тадан ҳам ортиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Олим фиқҳ, ҳадис, тафсир, қироат, усул ал-фиқҳ, калом илми, тасаввуф, тарих, табақот, адабиёт, тилшунослик ва шу каби кўплаб соҳаларда ижод қилган ва асарлар яратиши;
  • У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлида ўзга юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олган, ҳамма жойда олим ва фозиллар даврасидаги илмий учрашувларда қатнашган ва муттасил равишда ўз илмини оширишга харакат қилган. Али ал-Қорий Қуръони карим илмини мукаммал тарзда ўрганишни Макка шаҳридаги буюк қорилар ҳомийлигида ҳам давом эттирди, шунингдек уни қисмларга ажратиб ёдлаш ва етти қироатда ўқишни аъло даражада давом эттириб» ал-Қорий» номи билан машҳур бўлиши;
  • Биз тадқиқ қилаётган манба «Мирқот» асарининг асли «Мишкот ал-масобиҳ» ҳадисларининг аллома ўз устозларидан қай йўл билан олган ижозаларини келтириши;

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Муҳаммад Муҳиббий. Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарни ал-ҳади ашар. ЎзФАШИ, тошбосма, инв.№ 8130.
  2. Ҳофиз Саййид Абдулҳай Киттоний. ат-Таротиб ал-идорий ва ал-амолат ва ас-синоъат ва ал-матожир ва ал-ҳолат ва ал-илмиййа аллоти конат ало аҳди таъсис ал-мадина ал-мунаввара. Ал-мактаба аш-шомила.
  3. Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. –Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий, 1966. Ж.1.
  4. Абдулмалик Асомий аш-Шофеъий. Сумт ан-нужум ал-авали ва ат-тавали. Ал-мактаба аш-шомила.
  5. Муҳаммад Муҳаммад Абу Заҳра. Ал-Ҳадис ва ал-Муҳаддисун. – Байрут-Ливан: Дор ал-кутуб ал-арабий,1984.
  6. Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. Ж.
  7. Шавконий. ал-Бадр ат-толеъ.– Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исламий, 1909.
  8. Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани маккий Ҳанафий. Иршод ас-сорий ила маносик ал-Али ал-Қорий. Ал-мактаба аш-шомила.
Ислом УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзХИА ISESCO кафедраси мустақил тадқиқотчиси

[1] * Рофизий тоифаси ўрта асрларда ислом илоҳиётида изчил йўлдан четга чиққан шиалар оқими.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …