Home / АЛЛОМАЛАР / АБУЛҚОСИМ ҲАКИМ САМАРҚАНДИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

АБУЛҚОСИМ ҲАКИМ САМАРҚАНДИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

Aбулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд Самарқандий – ҳанафийлик мазҳабининг кўзга кўринган назариётчиси, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим, мударрис, тилшунос ва ҳаким. У киши жуда кўп ҳикмат билан гапиргани ва мавъиза қилгани учун “ҳаким” лақабини олган. Мотуридия мадрасасининг асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг шогирдларидан биридир. Имом Мотуридийдан фиқҳ ва калом илмини ўрганган. У киши Самарқандда туғилган. Ёшлигида илм олиш учун Балхга борган, у ерда Абу Бакр Варроқ Термизий ва бошқа шайхлардан тариқат таълимини олган. У киши калом, фиқҳ ва тафсир илмларини чуқур ўрганиб, ўша даврнинг машҳур шайхларидан ҳадис ва ривоятлар эшитган. У киши ўз замонасида бутун мусулмон оламида танилган эди. Манбаларга кўра, у киши Самарқандда узоқ вақт қози лавозимида ишлайди ва шу ерда ҳижрий 342 йилнинг Муҳаррам ойида вафот этади.

Абулқосим Ҳаким Самарқандий ўз замонидаёқ катта шуҳрат қозонган буюк алломалар Абулҳасан Али Рустуфағний, Муҳаммад ибн Фазл Балхий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Муҳаммад ибн Ҳузайм Қаллос, Абу Наср Ийодий, Абдуллоҳ ибн Саҳл Роизийлардан сабоқлар олади. У мазкур мутафаккирлардан тафсир, ҳадис, айниқса, фиқҳ ва калом илмларидан чуқур таълим олган ва йирик олим даражасига етишган.

Ёзма манбаларда кўрсатилишича, у киши илмга ниҳоятда қизиққан ва Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Баён илми ва бошқа илмларга оид араб тилидан қилган таржималаридан кўпчилик талабалар баҳра олган.

Абулқосим Ҳаким Самарқандий яшаган даврда мусулмон оламининг турли томонларида, жумладан, Мовароуннаҳр ўлкасида ҳам турли хил оқим ва фирқалар пайдо бўлади. Улар ислом динини бузиб талқин қилиб, нотўғри ақидалар тарқатишар, бунинг натижасида, кўп мусулмонлар ҳидоят йўлидан оғиб, ҳақиқий исломий ақидалардан узоқлашиб қолган эдилар.

Абулқосим Ҳаким Самарқандий замондоши ва устози Абу Мансур Мотуридий билан бирга Самарқанддаги мадрасада раҳбарлик қилиб, тарқала бошлаган бузуқ мафкураларга қарши курашганлар.

Абулқосим Ҳаким Самарқандийнинг калом илмига бағишланган бир нечта китоблари бор. Улар: “ал-Ҳикмату-н-набавия”, “Мухтасару ал-ҳикмати-н-набавия” бу Имом Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳу-л-акбар” китобини шарҳидир, “Ақидату-л-имом”, “ас-Саҳоифу-л-илоҳия”, “Рисолату фи-баёни анна-л-имана жузъун мина-л-амали” (Имон амалнинг бир жузи эканлигини баён қилиш ҳақида рисола) ва “ас-Савод ал-аъзам фил-калом” (Калом илмида буюк асар) номли асарлар. “Ас-Савод ал-аъзам фил-калом” асари нашр этилган ва унга бир нечта шарҳлар ёзилган. Бу асар “Ар-родду ала асҳоби-л-ҳаво” деб ҳам номланади.  

Уламолар сомонийлар амири Исмоил Сомонийга мурожаат қилиб, Мовароуннаҳрда авж олган турли мазҳаб ва фирқаларни келиштириш учун ақидалар мажмуи бўлган бир китоб ёзишни тавсия этадилар. Амир китоб ёзишни Абулқосим Ҳаким Самарқандийга топширган. Шу тариқа “ас-Савод ал-аъзам фил-калом” китоби вужудга келган. Асар илоҳиятнинг айрим асосий масалалари билан чекланиб қолмайди. Иймоннинг таърифи, гуноҳларнинг ҳолати, тақдир ёки нариги дунё ҳисоб-китоби каби кўриб чиқилиши одатий бўлган масалалардан ташқари, олим яна кўп мавзуларга тўхталади. Аллоҳ ва унинг сифатлари, Қуръон яратувчисининг қудрати, Қуръоннинг манбалари, тақво, авлиёларни ҳурмат қилиш ва зоҳидлик, жамоалар ўртасидаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ва ҳатто фиқҳ илмининг ўзига хос муаммоларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу китоб “ас-Суол ал-аъзам” (Буюк савол) деб ҳам юритилади.

Абулқосим Ҳаким Самарқандий ҳанафий мазҳабининг асосий ақидаларини ҳимоя қилиб, мазҳабни туғилиб келаётган ақлий далиллар воситасида қайта кўриб чиқишга қарши турган, ақидавий ихтилофга барҳам бериш йўли билан Мовароуннаҳр мусулмонлари ўртасидаги фикрий якдилликни сақлаб қолмоқчи бўлган. У Аҳли сунна вал жамоа таълимотининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган.

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …