Home / АЛЛОМАЛАР / ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ ТАЪЛИМОТИНИНГ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАРИ

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ ТАЪЛИМОТИНИНГ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган тариқат ва сулукларнинг умумий ва муштарак хусусияти Аллоҳ васлига етишга, ислом дини, Қуръон ва шариат қонун-қоидаларига амал килишга даъват этишдир. Баҳовуддин Нақшбандга пир бўлган ҳазрат Мир Кулолнинг таъкидлашича, «Тариқат, шариатни муҳофаза этувчи илоҳий амалдир». Аҳмад Яссавий ҳам ўзининг диний-фалсафий қарашларида Қуръон ва шариатга асосланган. Таниқли олим И. Султоннинг Аҳмад Яссавий таълимотининг асосий жиҳатлари ҳақидаги қуйидаги фикрларига қўшилса бўлади: «Тўрт мавзу, яна ҳам тўғрироғи – тўрт мақсад Яссавий меросининг асосини ташкил этади, – деб ёзади у. – Бу мутафаккирнинг биринчи мақсади, – одамларни Аллоҳни танишга, унинг яқини бўлишга даъват этишдир. Иккинчиси – дунёдаги гуноҳни, айниқса, адолатсизликни қоралаш, учинчиси адолатсизлик қурбони бўлган инсонни ҳимоя этиш ва адолатга даъват этишдир. Тўртинчи мақсади – бу дунёнинг доғларини инсонга юқтирмаслик учун, унинг гуноҳларидан инсоннинг тозалигини сақлаш йўли ёки воситаси сифатида бу дунёдан нари туришга, яъни таркидунёчиликка даъват этишдир. Яссавий ижодининг ҳам бошқа ғоялари шу тўрт мавзу, мақсад доирасидан узоққа кетмайди» [3: 17].

Аҳмад Яссавий ўз тариқатининг ўзагини ташкил этувчи мақомларни шундай келтиради: “Ва 10 мақом тариқатда турур: таслим турур, яъни агар бало ва меҳнат бошига келса ўзини таслимга жону дил бирлан солгай. Яна ичмакдин ва емакдин, киймакдин халқдин тиламасун ва гилам порасини атласдан зиёда кўрсун. Кундузи рўза, кеча намозда бўлсун ва тиловати Қуръон бирла бўлсун” [3: 18].

«Фақрнома»да мақом, нур, йўл ва ўрин хусусидаги маълумотлар пайғамбарлар, олдинроқ ўтган машҳур шайхлар ривоятлари асосида берилиши шундан далолатки, Хожа Аҳмад Яссавий тасаввуфнинг тажридий тараққиёти ва қонун-қоидаларини чуқур ўрганган, ўз тариқати талабларини ишлаб чиқиш зарурати туғилганда улардан унумли фойдаланган. Шу ўринда «Хўш, тасаввуфнинг бутун йўл-йўриқлари олдиндан мавжуд экан, Аҳмад Яссавий унга қандай янгилик киритди, тариқатини қайси асосларга суяниб яратди?» – деган савол ўйғониши, табиий. Бизнинг фикримизча, бу савол яссавийлик таълимотининг бутун моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, Марказий Осиё тасаввуфидаги икки буюк тариқат – яссавийлик ва нақшбандийлик асосчилари Аҳмад Яссавий ҳам, Баҳовуддин Нақшбанд ҳам улкан тасаввуф мактабини яратган Юсуф Ҳамадоний (1048-1144)нинг шогирдлари ҳисобланадилар. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Ҳамадоний хусусида шундай ёзади: «…Олим ва имоми раббоний ва орифи соҳиб аҳвол ва-л-мавоҳибу-л жазила ва-л-каромат-ва-л-мақомату-л-жалила. Ибтидода Бағдодга борди ва Шай Абул Исҳок Шерозий мажлисида мулозамат қилди ва иши юқори бўлди ва … фиқҳ илмида ва ўзга улумда, хусусан, назар илмида фоик бўлди..» [2: 123]. Мазкур «имоми раббоний» хирқа кийган шогирдлардан яна бири Абдухолиқ Ғиждувонийдир. Нақл қилинишича, – дейди Садриддин Салим Бухорий, – бир кун Абдухолиқ Ғиждувоний Қуръони Карим тафсирини мутолаа этаётганларида қуйидаги оятга дуч келганлар: “Сен Парвардигорингга ёлвор ва махфий ҳолда дуо қил, чунки у ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди”: Абдухолиқ Ғиждувоний бу оят мазмунини устозларидан сўрайдилар: “Агар зокир (зикр этувчи киши) овоз чиқарса, бу ҳол бошқаларга аён бўлади. Мабодо дилда, яъни товуш чиқармай зикр этса, шайтон воқиф бўлур. Чунки одам фарзандининг ичида шайтон қондек оқиб юради, деган ҳадис шунга ишорадур”. Хўш, унда хуфия зикр этиш қоидаси ва тартиби қай тарзда бўлур? Имом: «Сен сўраётган илм «илми ладуний»дир, яъни Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм» [1: 9].

Кўриб ўтганимиздек, зикр турли шаклларда, шу жумладан, жаҳрия (овоз чиқариб) ва хуфия (овоз чиқармай) адо қилинади. Тариқатда мусиқа ёрдамида куйлаб Аллоҳни зикр этиш йўли самоъ (араб тилида «эшитмоқ») ҳам мавжуд. Чунончи, Жалолиддин Румий асос солган мавлавия сулукида зикри самоъ алоҳида ўрин тутади. Аҳмад Яссавий тариқатида эса жаҳрия самоъ билан узвий қўшилиб кетган ва «зикр-самоъ» атамаси илму аъмолини назарда тутган бўлиши керак. «Дарвоқе, тасаввуфнинг бошқа тариқатларида бўлганидек, яссавиянинг ўзига хос қатъий қоидалари (одоблари) бор. «Яссавийлик таълимотидаги соликлар қуйидаги қоидаларни сўзсиз бажаришга мажбур бўлганлар. 1) Мурид ҳеч кимсани ўз шайхидан афзал кўрмаслиги, унга мутлақо таслимият изҳор этмоғи лозим; 2) мурид шунчалик зукко ва идрокли бўлиши керакки, то ўз шайхининг барча румуз ва ишораларини мукаммал англай билсин; 3) шайхнинг барча аҳволи (сўзлари) ва афъоли ишларига мурид солик бўлиб унга мутлақо муте ва муьтакид бўлмоғи лозим; 4) мурид ўз муршиди (пири)нинг барча топшириқларини мусту чалолик (чаққонлик) ила ва сидқидилдан бажариб, уни ҳамиша рози қилиб юрмоғи зарур; 5) мурид ўз сўзига содиқ, ваъдасига росих бўлиб, муршиди кўнглида ҳеч қандай шаку шубҳа туғдирмаслиги зарур; 6) мурид ўз ваъдасига вафодор ва сўзида устивор туриши шарт; 7) мурид ўз ихтиёридаги барча мол-мулкини, бутун бору-йўғини шайхига нисор этмоқ учун доимо тайёр турмоғи лозим; 8) мурид ўз шайхининг барча сир-асроридан огоҳ бўлиб, унинг ифшосини ҳеч вақт ҳаёлига келтирмаслиги керак; 9) мурид ўз шайхининг барча таклифларини назарда тутмоғи, унинг мушкулотини осон қилмоги; панду насиҳатларини бажо келтирмоғи шарт; 10) мурид Аллоҳ висоли учун ўз шайхи йўлида бутун моли ва жониғга нисор этмокда тайёр туриши, унинг дўстига дўст, душманига душман бўлиб яшамоғи шарт [4: 6].

Муршид ва муридликнинг ушбу шартларига қалбан, вужудан рози бўлганлар Яссавийлик тариқатига кирганлар. Аслида «хонақо» ҳам Аҳмад Яссавийдан илгарироқ пайдо бўлиб, исломдан олдин Бухорода, «Қасри Ҳиндиён»да Баҳоуддин давригача номи сақланиб келган «Вагн вихара», «Нигошаклар, яъни Будда сутралари сақланган, буддавий авлиёлар муқим таълимотидаги соликлар қуйидаги қоидаларни сўзсиз бажаришга мажбур бўлганлар. 1) Мурид ҳеч кимсани ўз шайхидан афзал кўрмаслиги, унга мутлақо таслимият изҳор этмоғи лозим; 2) мурид шунчалик зукко ва идрокли бўлиши керакки, то ўз шайхининг барча румуз ва ишораларини мукаммал англай билсин; 3) шайхнинг барча аҳволи (сўзлари) ва афъоли ишларига мурид солиҳ бўлиб, унга мутлақо муте ва муътақид бўлмоғи лозим; 4) мурид ўз муршиди (пири)нинг барча топшириқларини мусту чалолик (чаққонлик) ила ва сидқидилдан бажариб, уни ҳамиша рози қилиб юрмоғи зарур; 5) мурид ўз сўзига содиқ, ваъдасига росиҳ бўлиб, муршиди кўнглида ҳеч қандай шаку шубҳа туғдирмаслиги зарур; 6) мурид ўз ваъдасига вафодор ва сўзида устивор туриши шарт; 7) мурид ўз ихтиёридаги барча мол-мулкини, бутун бору-йўғини шайхига нисор этмоқ учун доимо тайёр турмоғи лозим; 8) мурид ўз шайхининг барча сир-асроридан огоҳ бўлиб, унинг ифшосини ҳеч вақт хаёлига келтирмаслиги керак; 9) мурид ўз шайхининг барча таклифларини назарда тутмоғи, унинг мушулотини осон қилмоғи; панду насиҳатларини бажо келтирмоғи шарт; 10) мурид Аллоҳ висоли учун ўз шайхи йўлида бутун моли ва жонини нисор этмоққа тайёр туриши, унинг дўстига дўст, душманига душман бўлиб яшамоғи шарт [4: 7].

Аҳмад Яссавий тариқатини таҳлил қилиш шундан далолат берадики, бу тариқат худо васлига етишнинг ўзига хос йўлини танлаган ва турли амалий маросимларни бажаришда бошқа сулуклардан фарқ қилса ҳам, моҳияти ва мазмуни жиҳатидан улар орасида муштарак ва ўхшаш томонлар кўп. Яссавийлик тўғрилик, софдиллик, жабр-зулмга норозилик, поклик ва ҳалоллик, сахийлик ва меҳр-шафқат, илм-маърифат, касб-ҳунарни эгаллаш, адолат учун кураш, имон-эътиқодли бўлиш, меҳнат билан машғул бўлишни тарғиб қилди, ярамас иллатларни қоралади. Яссавийлик тариқатининг айнан мана шу жиҳатлари бугунги кун ёшлар тарбиясида қимматлидир.

М. ХАЖИЕВА,
фал.ф.д., УрДУ кафедра мудири,
Р. САУРОВ

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Бухорий С.С. Дилда ёр. – Т.: Ғ. Ғулом, 1993.
  2. Навоий А. Насойим-ул-муҳаббат. Асарлар. Т. 15. – Т., 1968.
  3. Султон И. Баҳовуддин Нақшбанд абадияти. – Т.: Фан, 1994.
  4. Усмон Ориф. Ваҳдат шаробин ичдим (Яссавия тариқати) // Мулоқот. 1991 йил, 6-сон.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …