Home / АЛЛОМАЛАР / Абу-л-Муин Насафийнинг шахси ва илмий мероси

Абу-л-Муин Насафийнинг шахси ва илмий мероси

Юртимиз мустақилликка эришгач, дунёга машҳур бўлган кўплаб буюк алломаларимиз тарихи ва уларнинг илмий-маънавий меросларини ўрганишимизга катта имкониятлар пайдо бўлди. Барча алломаларимиз тарихини ўрганиш қаторида Абу-л-Муин Насафийнинг шахси ва илмий меросига ҳам алоҳида қизиқишлар пайдо бўлди. Абу-л-Муин Насафийнинг тўлиқ исми Абу-л-Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул Насафий деб келтирилган. Баъзи манбаларда эса алломанинг юқоридаги исмига учинчи бобосини ҳам қўшиб «Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муьтамид ибн Муҳаммад ибн Муҳамад ибн Аби-л-Фазл ан-Насафий ал-Макҳулий» деб келтиради.

Абу-л-Муин Насафийнинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларда унинг вафоти 508/1114 йил деб кўрсатилган. Ибн Қутлубуғо уни шу сананинг 25 зу-л-ҳижжасида оламдан ўтганлигини зикр қилади. «Ал-Аълом» китобининг муаллифи Хайриддин Зириклий ва «Муъжаму-л-муаллифийн» асарининг муаллифи Ризо Қаҳҳола алломанинг 1063 йилда таваллуд топганлигини ёзадилар. Ибн Қутлубуғо ўзининг «Табақоту-л-ҳанафия» асарида унинг 508/1114 йил зу-л-ҳижжа ойининг 25 кунида вафот этиб, 70 йил умр кўрганлигини кўрсатади. Бу бир қадар ҳақиқатга яқин бўлиб, ундан алломанинг 1046 йилда туғилганлиги аён бўлади. Ўз-ўзидан Ризо Қаҳҳола ва ундан кўчирган Хайриддин Зириклий хатога йўл қўйганлиги аён бўлади[1].

Абу-л-Муин Насафий – мутакаллим аллома. У исломни ичдан бузишга уринган ботил қарашли оқимлар илгари сурган ғояларга қарши курашар экан, ҳар бир муаммо (ихтилоф)га катта эътибор билан ёндашди, далилларни ҳам шунга мувофиқ танлади. Абул Муин Насафий бу йўлда калом илми йўналишидаги устози Имом Абу Мансур Мотуридий қарашларини ривожлантириши натижасида содда, самарали далилларни асослаб, тарғиб қилди. Шу боис унинг замондошлари سيف الحقيقة “ҳақиқат қиличи” дея улуғладилар. Ҳақиқатда, аллома ҳақиқат, ҳақ йўлида душманларга қақшатқич зарба беришда беназир, далиллари кучли, фикрлари содда ва бир вақтнинг ўзида дақиқ эди.

Абул Муин Насафий Бухоро ва Самарқандда яшаб, самарали ижод қилган. Унинг шогирдлари орасидан Алоуддин Самарқандий, Иброҳим Саффор Бухорий каби олимлар етишиб чиққан.

Абул Муин Насафий асарларининг кўпи калом илмининг турли масалаларига бағишланган. Калом илмининг йирик намояндалари Абулҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий асарларидан таълим олган Абу Муъин Насафий калом илмида етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзган. Улардан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  1. “Ал-Умда фи усулил-фиқҳ” (“Фиқҳ усуллари таянчи”).
  2. “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”).
  3. “Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”).
  4. “Олим ва мутааллим” (“Олим ва илм ўрганувчи”).
  5. “Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан” (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш”).
  6. “Маноҳижул-аимма фил-фуруъ” (“Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари”).
  7. “Муътақидот” (Эътиқодлар). Бу асарнинг бир қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда
  8. “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”). Бу асар аллома ижодининг гултожи ҳисобланади. Асар ислом фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбадир. Унинг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.

Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом бўйича асосий манбаларидан биридир. У ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган, ўша даврда кўчирилган қўлёзма нусхалари ҳозир Саудия, Дубай, Дамашқ, Бағдод, Қоҳира ва Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. Олимнинг ушбу асари учта катта асари орасида (“Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид”, “Баҳрул калом”) биринчи бўлиб нашр этилган.

Абул Муин Насафийнинг машҳур асарларидан яна бири “Табсиратул адилла фи усулид дин ала ториқил имом Абу Мансур Мотуридий” (“Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий тариқатига биноан далиллар билан шарҳлаш”)дир. Номидан ҳам маълум, асарда мотуридия таълимоти далиллар билан шарҳланади.

Алломанинг калом илмига оид яна бир мўъжаз китоби “Китобут тамҳид ли қоваъидит тавҳид” асаридир. Жаҳон кутубхоналарида китобнинг кўплаб нусхалари сақланади. Яқинда Туркияда бу асар Истамбул кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари асосида қайта нашр этилди.

Абул Муин Насафий аббосийлар ҳукмронлиги заифлашиб, инқирозга юз тутаёган даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда улкан империя бир неча мустақил мамлакатларга бўлиниб кетди, сиёсий аҳвол анча кескинлашди. Бу ҳолат илм соҳасига салбий таъсир қилмади. Аксинча, юксак маданият маркази бўлган пойтахт Бағдодга беллашадиган Қуртуба, Қоҳира, Бухоро каби маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Шундай илм-ирфон марказларида Абул Муин Насафийдек буюк олимлар етишиб чиқди.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида[2].

 

Н. Эшмуродов
Имом Бухорий халқари илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими

 

[1] Абу-л-Муин Насафий. Муаллиф: Иргаш Даминов

[1] Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 1-сонидан олинди

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …