Home / МАҚОЛАЛАР / Она ва ўғил муносабати

Она ва ўғил муносабати

۱٢ – حدثنا عبد الله بن صالح قال: حدثني الليث قال: حدثني خالد بن يزيد عن سعيد بن أبى هلال عن أبى حازم عن أبى مرة مولى عقيل: “أن أبا هريرة كان يستخلفه مروان وكان يكون بذي الحليفة فكانت أمه في بيت وهو في آخر قال: “فإذا أراد أن يخرج وقف على بابها” فقال: “السلام عليك يا أمتاه ورحمة الله وبركاته” فتقول: “وعليك يا بنى ورحمة الله وبركاته” فيقول: “رحمك الله كما ربيتنى صغيرا” فتقول: “رحمك الله كما بررتنى كبيرا” ثم إذا أراد أن يدخل صنع مثله”

Бизга Абдуллоҳ ибн Солиҳ ҳадис айтди. У: Менга ал-Лайс ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Холид ибн Язид Саъиддан у эса Саид ибн Абу Ҳилолдан, у эса Абу Ҳозимдан, у эса Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан[1] ҳадис айтди, – деди. Абу Муррадан ривоят қилинади: “Марвон ўз ўрнига халифа қилиб Абу Ҳурайрани қўйиб кетар эди. Абу Ҳурайра Зулҳулайфада онаси бир уйда, ўзи бошқа уйда яшар эди. У (ровий) айтади: “У (Абу Ҳурайра) қачон уйдан чиқса, онасининг эшигини олдига тўхтаб: “Ассалому алайки ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! (Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!), эй онажон,” – дер эди. Онаси ҳам: “Сенга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракаси бўлсин!” – дер эди. У (Абу Ҳурайра): Кичкиналигимда мен тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин”, – дер эди. Онаси: “Катталигим (кексалигим)да менга яхшилик қилаётганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин,” – дер эди. Кейин (Абу Ҳурайра онасининг) уйига кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди”. [2]

 Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Марвон ўз ўрнига халифа қилиб Абу Ҳурайрани қўйиб кетар эди. Абу Ҳурайра Зулҳулайфада онаси бир уйда, ўзи бошқа уйда яшар эди.

Марвон – ибн ал-Ҳакам, уммавийларнинг тўртинчи халифаси, 623-685 йилларда яшаган. Абдулмалик ибн Марвонннинг отаси. Умавийларнинг 8-халифаси Умар ибн Абдулазизнинг бобоси.

Зу-л-Ҳулайфа – ҳожилар учун беш мийқот жойидан бири. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинадаги масжидларидан 13км, Макка шаҳридан 420км узоқликдаги жойлашган. Мадина аҳолиси ва Мадина орқали ҳажга келувчилар шу ердан эҳром боғлайдилар.

Марвон ибн Ҳакам Мадинадан бошқа жойга сафар қилсалар, ўз ўринларига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни волийликка тайин қилиб кетар эди.

Саҳобийлар нафақат шариат илми, балки одоб-ахлоқ борасида ҳам буюк бир даргоҳда – Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам мактабларида таълим олганлар. Ана шундай инсонлардан бири, Пайғамбаримиз саллолллҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган, баъзан Мадинада халифанинг ўрнида халқни бошқарган мусулмонларнинг ишончли вакили буюк саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг волидаи меҳрибонларига муомалаларини Абу Мурра ривоят қилиб келтирадилар.

У (ровий Абу Мурра) айтади: “У (Абу Ҳурайра) қачон уйдан чиқса, онасининг эшигини олдига тўхтаб (яъни ташқарида туриб): “Ассалому алайки ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! (Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!), эй онажон,” – дер эди.

Онаси ҳам: “Сенга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракаси бўлсин!” – дер эди.

Юксак исломий таълимотни ўзида мужассам қилган она ва ўғил саломлашиб, бир-бирларини ҳаққига дунёдаги энг олий яхшиликлардан бири – Аллоҳнинг раҳмати ва баракотини тиламоқда.

У (Абу Ҳурайра): Кичкиналигимда мен тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин”, дер эди. Онаси: Кексалигимда менга яхшилик қилаётганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин,” дер эди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!”[3] – деб ота-онага қандай муомала қилиш ва уларнинг ҳақларига қандай дуолар қилиш лозимлигини кўрсатиб берди.

Инсоният ўз ҳаётига тадбиқ этиши учун бунданда олий муомалот ва юксак маданиятни ҳеч қайси диндан тополмаслиги аниқ.

Кейин (Абу Ҳурайра онасининг) уйига кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди”.

Қуръон ва ҳадис мактабининг буюк номоёндаси, улуғ саҳобий ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу онасининг хонадонига кирганидан кейин ҳам юқоридаги муомалани такрорлар эдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Киши узоқдан туриб ота-онасига салом беришнинг мумкинлиги.
  2. Маълумки, фарзанд ота-она турган хонадонга унинг ижозатисиз кириши мумкин эмас, бу ерда саҳоба киришга ижозат сўрашни “салом-алик” кўринишида амалга оширганлик эҳтимоли ҳам бор.
  3. Фарзандлар ота-оналари ҳақларига доимо Аллоҳ ва расули ўргатганидек яхши дуолар қилмоғи.
  4. Ота-оналар ҳам фарзандлари ҳақига ва уларнинг камолини ривожига хайрли дуолар қилмоғи.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир

[1] Абу Мурра – Уқайлнинг озод қилган қули эди.

[2] Имом Бухорийнинг  “Ал-адаб ал-муфрад” китоби. 12-ҳадис.

[3] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. “Исро” сураси, 23, 24-оятлар  мазмуни. И з о ҳ: Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нукта борки, биз, ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.(тарж).

Check Also

Қуръони карим тиловати фазилати

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни …