Home / КИТОБЛАР / ВАФОТЛАРИ

ВАФОТЛАРИ

Имом Бухорий бутун Ислом оламига танилиб, шуҳратлари етти иқлимни олганидан кейин она ватанлари Бухорода қарор топишни ихтиёр қилдилар. Бухоро аҳли ўз фахри бўлган улуғ олимини шодлик билан қарши олди.
Одатдагидек, буюк имом халққа дарс айтишни бошладилар. Дарсларга сон-саноқсиз одам ҳозир бўлар эди. Кучли ва ёқимли овоз соҳиби бўлган мубаллиғлар – дарсни одамларга етказиб турувчилар имом Бухорийнинг ҳар бир гапларини дарсда иштирок этаётган халойиққа етказиб турар эдилар.Барча халқ оммаси ғоятда масрур эди. Бухоро аҳли имом Бухорийдан дарс олиш бахтидан мамнун эди. Кун сайин дарс иштирокчилари кўпайиб борар ва атроф жавониблардан ҳам кишилар келиб, уларга қўшилар эди. Бу билан имом Бухорийнинг обрў-эътиборлари ҳам ортиб борарди.

Шундай бир пайтда ўша даврдаги Бухоронинг волийси Холид ибн Аҳмад Зуҳлий имом Бухорийга одам юбориб, у кишидан уйига келиб, болаларига «Жомеъ» ва «Тарих»дан дарс беришларини талаб қилди.
Имом Бухорий унинг ҳузурига боришдан бош тортдилар. Волий яна одам юбориб, имомдан ўз болалари учун алоҳида, бошқаларни аралаштирмасдан, мажлис қуришни талаб қилди.
Имом Бухорий бу гапни ҳам қабул қилмадилар ва:
«Бир қавмни қўйиб, бошқасига дарс ўтиш менга тўғри келмайди», дедилар.
Волий Холид ибн Аҳмад Зуҳлий имом Бухорийга қарши Бухоронинг Ҳурайс ибн Абул Варқо каби аҳли илмларидан ёрдам сўради. Улар дарҳол имом Бухорийга қарши бўҳтон тўқишди. У кишининг бузуқ мазҳабда эканини даъво қилдилар. Волий имом Бухорийни Бухородан чиқаришга амр қилди.
Имом Бухорий дуоси мустажоб – тўхтовсиз қабул бўладиган зотлардан эдилар. Жонларидан ўтгани учун мазкур душманлар ҳақида: «Ё Аллоҳ! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, авлодларига ва аҳли аёлларига кўрсатгин!» дея дуо қилдилар.
Бир ой ўтмасдан, Тоҳирийларнинг буйруғи келиб, волий Холид ибн Аҳмад Зуҳлий урғочи эшакка тескари миндирилиб, сазойи қилинди. Кейин мазкур волий ҳажга бориш мақсадида йўлга чиқди. Бағдодга етганида халифа Муътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб, қамади ва у қамоқда вафот этди.

Ҳурайс ибн Абул Варқо аҳли аёлида балога учраб, васфига тил ожиз ҳолатлар бошига тушди.
Бошқа бири болаларида балога учраб, Аллоҳ таоло унинг бошига кўп кулфатларни солди.
Имом Бухорий Бухородан чиқиб, Самарқанд томон юзландилар. Самарқанддан икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида у кишининг қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошлариникига келиб тушдилар.
Имом Бухорий кечалари намоз ўқиб, ибодат қилар эдилар. Бир кеча тунги намоздан кейин «Аллоҳим! Батаҳқиқ, ер юзи барча нарсаси ила менга тор бўлиб қолди. Мени Ўзингга олгин!» деб дуо қилаётганлари эшитилди.
Ана шундан кейин бир ой ўтмай, имом Бухорий вафот топдилар.

«Тобақотуш-Шофеъийя» китобида Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Ғолиб ибн Жаброилдан (уйида имом Бухорий яшаган киши) ривоят қилинади:
«Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Беморлик оғирлашганда Самарқанд волийсининг элчиси келиб, у кишининг чиқишини сўради. (Аҳли Самарқанд имом Бухорийдан ўз шаҳарларига келишларини илтимос қилишган эди.)
Бухорий бизни кўргач, уловга минишга тайёрлана бошлади. Маҳсиларини кийди. Салла ўради. Йигирма қадамча юрганидан кейин, мен билагидан суяб бормоқда эдим, бошқа бир киши миниши учун уловни етаклаб келаётган эди, у киши раҳматуллоҳи алайҳи: «Мени қўйинглар, заифлашиб қолдим», деди.
Бир қанча дуолар қилганидан кейин ёнбошлади ва жон таслим қилди. Ундан тер оқди, сифатлаб бўлмайдиган даражада қуйилди. Либосларига ўрагунимизча тер тўхтамади. У киши бизга қилган васиятлари орасида: «Мени уч оқ кийим (латта) билан кафанланглар. Уларнинг ичида қомийс ва салла бўлмасин», деган эди. Биз шундай қилдик».
Абдулвоҳид Ибн Одам Тавовусий айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. Ул зот билан бир гуруҳ саҳобалари ҳам бор. Ул зот бир ерда турибдилар. Салом берган эдим, алик олдилар.

«Ё Расулуллоҳ! Бу туришингизнинг боиси не!» дедим.
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибман», дедилар.
Бир неча кундан кейин унинг вафоти ҳақида хабар келди. Кейин билсак, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган соатда вафот этган экан».

Имом Бухорий Жумъа куни Рамазон байрамидан бир кун аввал Хуфтон намози пайтида вафот этдилар. Рамазон байрами куни, Пешин намозидан кейин, ҳижрий икки юз эллик олтинчи сананинг биринчи Шаввол куни Хартангда дафн қилиндилар.
«Ал-Бидоя ван-ниҳоя» китобида имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади:
«Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У Хартангда вафот этганидан кейин Самарқанд шаҳрига олиб бориб, дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир соҳибимиз бунга йўл бермади ва Хартангга дафн қилдик».
«Ал-Бидоя ван-ниҳоя» ва бошқа китобларда Имом Бухорийнинг қабрлари тупроғидан мушкнинг ҳиди чиқиб тургани, сўнгра қабр устидан оппоқ устунлар осмонга қараб бўй чўзгани, буни кўрган одамлар турли гапларни гапира бошлашгани зикр қилинади.
Имом Бухорий бу дунёда ўн уч куни кам олтмиш икки йил ҳаёт кечирганлар.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …