Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БУХОРО ВИЛОЯТИ ИМОМ ХАТИБЛАРИ ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

БУХОРО ВИЛОЯТИ ИМОМ ХАТИБЛАРИ ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир фуқародан фаоллик ва ташаббускорликни талаб этмоқда. Жумладан динимиз пешволари бўлган имом-хатиблардан ҳам.

Бунда аввало, соҳа мутахассислари диний илмлар билан бир қаторда ён-атрофда содир бўлаётган воқеа ҳодисалар, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнидан яқиндан хабардор  бўлиши лозим.

Шу боис, айни кунларда имом-хатибларнинг билим савиясини ошириш, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратувчилик ва бунёдкорлик  ишларидан яқиндан хабардор этиш мақсадида уларнинг жойларга саёҳатлари уюштирилиб, ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.  

Хусусан, жорий йилнинг 4 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига Бухоро вилояти имом-хатибларининг саёҳати уюштирилиб, улар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, ул зот ҳақига Қуръон тиловот қилишди.

 Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олди ва марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар хусусида маълумот берилди.

Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ташкил этилган ўқув-семинарда эса, Марказ илмий ходимлари томонидан  Имом Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва унинг хозирги кундаги аҳамияти, Мовароуннаҳрлик алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг  ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти мавзуларида маърузалар қилинди.

Юртимиздан минглаб буюк зотлар, фақиҳлар, илм намояндалари етишиб чиққан ва сермаҳсул ижод қилган. Давлатимиз раҳбари 1 октябрь – Ўқитучи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда ушбу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Мамлакатимиз илм-маърифатнинг Учинчи ренессанс даврига қадам қўяётганини таъкидладилар. Албатта, янги ренессанс даврида буюк аллома ва мутафиккирлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш жуда муҳим саналади.

Бугун биз кўриб турган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам буюк аждодларимизнинг бой маънавий-илмий меросини тадқиқ этишда ва халқимизга етказишда муҳим маскан бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан янги ренессанс даврида ушбу марказнинг ҳам хизмати катта бўлади деб ўйлайман. Имом-хатиблар учун ташкил этилган ушбу саёҳат ва ўқув-семинар бизни фақатгина диний илм билан чекланиб қолмасдан, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг амалий натижасини кўришга яна бир бор шароит яратди. Биз бу тадбирлардан олган таассуротларимизни ўз ҳудудимизда фуқаролар билан ўтказаётган суҳбатларимизда сўзлаб берамиз. Бу эса, уларнинг келажакка бўлган ишончини янада оширишга, бугунги ўзгаришлар жараёнида уларни ҳам фаол иштирок этишга ундайди деб ўйлайман, – деди Вобкент туманидаги “Сариосиё” масжиди имом хатиби Жўрабек Муродов.

Дарҳақиқат, оилаларимиз, маҳаллаларимизда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни тўғри йўлга бошлашда, муқаддас динимиз софлигини асраш, нотинч оилаларни соғлом ҳаётга қайтаришда имом- хатибларнинг ўрни беқиёс. Ташкил этилаётган мазкур тадбирлар эса, диний соҳа ходимларининг бу борадаги билим ва тажрибасини оширишда, уларнинг халқ орасига кириб ишлашида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …