Home / ЯНГИЛИКЛАР / ИБХИТМ ва “Ал-Азҳар” университети ўртасида меморандум имзоланди

ИБХИТМ ва “Ал-Азҳар” университети ўртасида меморандум имзоланди

Маълумки, жорий йилнинг 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган эди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида тор ва кенг доираларда музокаралар олиб борилди. Музокарада сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлиги ва шу мақсадда турли даражаларда учрашувлар ўтказиш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланган эди. Бугунги кунда Миср Араб Республикасининг “Ал‑Азҳар” университети раҳбарлари бошчилигида бир гуруҳ олимларидан иборат делегациясининг юртимизга қилган ташрифини Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигининг янги босқичи ва амалий ишлар даври бошланиши дея таърифлаш мумкин. Зеро, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида қадимдан алоқалар бўлган. Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасида 1992 йил 23 январ куни дипломатик алоқалар ўрнатилган бўлиб, турли соҳаларда айниқса, таълим соҳасида ҳамкорлик олиб борилган. Мана, 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 
мамлакатга ташриф билан келган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилишлари Ўзбекистон билан Миср ўртасида келгусида илмий‑амалий соҳада ҳамкорлигни амалга оширишда замин яратади. Учрашувда бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётгани таъкидланди. Мисрнинг “Ал-Азҳар” университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

12 октябрь куни “Ал‑Азҳар” унверситети ректори Муҳаммад Меҳрисовий ва Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов учрашишди. Ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини учрашувда ҳар икки томондан таъкидланди.
Шунингдек, бу борада илмий‑амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида меморандум имзоланди. Келажакда марказ тадқиқотчилари ва илмий ходимлари малакаси ошириш, шунингдек, илмий‑амалий конференция ва илмий анжуманларда ҳар икки томонларни иштирок этишига келишиб олинди.

ИБХИТМ катта илмий ходими Б.Амонов

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …