Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЮНЕСКО Бош директори Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади

ЮНЕСКО Бош директори Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясига мурожаати чоғида 2021 йилда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форумни ўтказиш ташаббуси ЮНЕСКО доирасида катта қизиқиш уйғотди. 
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним ушбу ташаббусни жуда илиқ кутиб олди ва уни ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали қўллаб-қувватлади. Ташкилот раҳбари ушбу тадбирнинг муҳимлиги ва ўз вақтида ўтказилишини таъкидлади. Унинг фикрича, “халқаро форум Марказий Осиёнинг умумий маданиятига шўнғиш имкониятини яратади”. 
“Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуидаги халқаро форумни ўтказишга қизиқиш юқорилигини қуйидаги жиҳатларда кўриш мумкин. 
Аввало, бу форум ЮНЕСКО мандатига кирувчи асосий йўналишлар – илм-фан ва маданиятни тарғиб қилишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. 
Иккинчидан, ташаббус ЮНЕСКО фаолиятига тўла мос тушади. Ташкилот бир неча ўн йиллар давомида Марказиё Осиё маданияти ва тарихи ҳақида улкан тадқиқотлар олиб бормоқда. ЮНЕСКОнинг “Буюк ипак йўли” махсус онлайн платформасида минтақамизга тегишли кўплаб маданий ва илмий артефактларнинг нусхалари тўпланган. Бугунги кунда “Ипак йўли” дастури доирасида изланишлар ва тадқиқотлар давом этмоқда. ЮНЕСКО 6 томдан иборат “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” номли китоблар тўпламини ҳам нашр қилган.
Президентимизнинг ушбу ташаббусига қизиқиш юқорилиги ЮНЕСКО билан тобора мустаҳкамланиб бораётган икки томонлама алоқаларимиз маҳсули, десак тўғри бўлади. Президентимизнинг ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан 2018-2019 йилларда Париж ва Самарқандда бўлиб ўтган учрашувлари натижасида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. ЮНЕСКО раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматининг ўзаро алоқаларни кенгайтиришга интилишларини доим юқори баҳолаб келади. 
Қолаверса, ЮНЕСКО Ўзбекистон билан ҳамкорликда йирик халқаро маданий-маьрифий ва илмий тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тажрибага эга. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган “Шарқ тароналари”, Бахшичилик ва Мақом фестиваллари ушбу ташкилот шафелигида ўтказилди. Бундан ташқари, ўтган йили Самарқандда ЮНЕСКО иштирокида “Моддий ва номоддий меросни сақлаш: долзарб муаммолар ва уларни ечиш стратегияси” мавзуида халқаро анжуман ташкил этилди. 
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси Президентимизнинг ушбу ташаббусини амалга оширишга киришди. Форумни ўтказишнинг ташкилий ва бошқа масалалари бўйича ЮНЕСКО вакиллари билан музокаралар бошланди. 

Ишончим комил, Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКОнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ушбу тадбир энг юқори савияда ўтказилади ва нафақат минтақа давлатлари, балки бутун халқаро ҳамжамият ёдида ёрқин ва узоқ муддат қолади.

Умид ШОДИЕВ, 
Ўзбекистон Республикасининг 
ЮНЕСКОдаги доимий вакили
Манба: ЎзА

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …