Home / ЯНГИЛИКЛАР / Марказ олимларининг мақолалари нуфузли халқаро журналларда эълон қилинмоқда

Марказ олимларининг мақолалари нуфузли халқаро журналларда эълон қилинмоқда

Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сохани янада ривожлантириш, тизимни малакали мутахассис кадрлар билан тўлдиришга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди.

Бу эзгу юмушларни амалга оширишда эса, юртимизда фаолияти йўлга қўйилган илмий-тадқиқот муассасалари муҳим ўрин тутмоқда.

Айтиш жоиз, Тошкентда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда ташкил этилган Имом Бухорий, Сурхондарёдаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бугунги кунда дунёнинг нуфузли таълим муассасалари, ислом тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, мазкур йўналишдаги илмий изланишларни халқаро миқёсда амалга ошириб келмоқда.

Чунончи, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳозирга қадар хорижий мамлакатларнинг 30 дан ортиқ нуфузли университетлари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Келишувларда асосан юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий-маънавий меросини тўплаш, уларни чуқур тадқиқ этиш, илмий-амалий конференцияларда иштирок этиш, ёш олимларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, муассасалар нашрларида илмий мақолалар билан иштирок этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг “Мотуридийлик мактаби ва аҳли сунна таълимотининг ёйилиши” мавзусидаги илмий мақоласи Мисрнинг “Ал-Азҳар” журналида чоп этилди. Мазкур журнал ислом оламида муҳим ўрин тутиб келаётган “Ал-азҳар” университетининг илмий нашри ҳисобланади.

Мақола Мовароуннаҳрда мотуридийлик таълимотининг шаклланиш тарихига бағишланган бўлиб, унда калом илмининг асосчиси, буюк мутакаллим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, устоз ва шогирдлари, мотуридийлик таълимотига ҳанафийлик мазҳабининг ғоя ва қарашларига таянган ҳолда асос солинганлиги, мазкур таълимотнинг Мовароуннаҳр ҳудуди ва ундан ташқарида кенг ёйилишида ўзининг беназир ҳиссасини қўшган аждодларимиз ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.

Юртимиз ёш олимларининг хорижий нашрларда илмий мақолалар билан иштирок этишлари дунёҳамжамиятини шонли тарихимиз ва аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров …