Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН АБУ БАКР – БУХОРОЛИК БУЮК АЛЛОМА

МУҲАММАД ИБН АБУ БАКР – БУХОРОЛИК БУЮК АЛЛОМА

Маълумки, собиқ шўролар тузуми мафкурасига кўра ислом динига ҳамда улуғ аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросга муносабат бутунлай бошқача эди. Юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий-диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб, ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломаларимизнинг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бинобарин, буюк алломаларимиз ҳаёти ва уларнинг бой маънавий меросларини ўрганиб тадқиқ қилишда мамлакатимиз олимлари томонидан кўплаб илмий ишлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Чунончи, бу тарздаги тадқиқотлар жамиятимиз учун ҳар томонлама муҳим бўлган маънавий комил инсонларни тарбиялаш, қолаверса уларда соғлом диний тафаккурни шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ўринда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак”[13], деган фикрларини келтириш ўринлидир.

Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий ҳам ана шундай алломалардан бири бўлиб, Бухоро ва Самарқанд ўртасидаги “Жуғ” қишлоғида туғилиб ўсган. Баъзи манбаларда алломанинг туғилган қишлоғини “Шарғ” , “Журъ” ва “Ажраъ” деб аталган. Шунинг учун алломага берилган “Шарғий” нисбасини учратиш мумкин [6: 335; 1044].

Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг маълумотларига кўра, “Шарғ” ўша пайтларда Бухоронинг энг яхши қишлоқларидан бири бўлган [18: 96].

Аллома туғилган қишлоқ номида тарихчи олимлар ўртасида турли қарашлар бўлган. Баъзи олимлар бу қишлоқ номини “Чарғ” деб ҳам айтишган. Вақтлар ўтиши билан мазкур қишлоқ номи “Жарғ” ва “Шарғ” тарзида ёзилган ва талаффуз қилинган. Абдулҳай Лакнавий ва Абулвафо Кафавийлар ушбу қишлоқни “Жуғ” номи билан аташган ва алломага Жуғий нисбасини беришни маъқул деб ҳисоблашган. Аммо Абдулкарим Самъоний ва Ёқут Ҳамавийлар ўзларининг асарларида “Жуғ” (جوغ) сўзини ёзилишида хатолик ўтган. Аслида “Жуғ” сўзидаги و ҳарфи ر бўлиб, бу сўз “Жарғ” (جرغ) яъни “Чарғ” сўзини араб тилидаги ёзилиши дейишган ва араб тилида “Ч” ҳарфи бўлмаганлиги боис, уни “Ш” ҳарфи билан ёзишлган.

Бошқа тарафдан олиб қараганда эса, “Жарғ” қишлоғи Бухородан Самарқандга қараб юришда 4 фарсах (23 км) узоқликда жойлашган бўлиб, уни Самарқандга нисбат бериш нотўғри ҳисобланади. Чунки Бухоро ва Самарқанд ўртасидаги масофа 250 км.ни ташкил этади [19: 16].

Аллома ўз даврида “Имомзода”, “Шарғий”, “Жуғий”, “Жарғий”, “Рукнул ислом”, “Воиз”, “Муфтий аҳли Бухоро”, “Маждуд дин”, “Садийдуд дин” ва “Соҳиби ширъатил ислам” каби лақаблар билан лақабланган.

Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорода яшаб ижод қилган ва у ерда муфтийлик вазифасида ҳам фаолият олиб бориб, фиқҳ ва калом илмларида етук аллома бўлган [7: 6; 54].

Машҳур тарихчи ва ҳадис ҳофизи Абдулкарим Самъоний “Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухоро аҳлининг муфтийси бўлиб, асли “ Ажраъ” қишлоғида ҳижрий 491, милодий 1098-йилда таваллуд топган. У зот имом, фозил, фақиҳ, воиз, адиб, шоир, тақводор, дин ва яхшилик аҳлларидан бўлган чиройли сийрат эгаси эдилар. Ўғли Масъуд учун бир китоб ёзиб, уни “Ширъатул ислам ” деб номлади. Бу китоб нафис ва фойдали эканини англадим” деганлар [10: 1; 370].

Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухоро фақиҳларидан таълим олган. Манбаларда, Абул Фазл Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Заранжарий (в.512) [2], Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Фоил Сурхакатий (в.518) [14], Розийюддин Нишопурий ва Хожа Юсуф Ҳамадоний (в.535)лар унинг устози эканллиги қайд этилади.

  Муҳаммад ибн Абу Бакрдан Бурҳанул ислом Зарнужий (в.610), Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий (в.642), Жамолиддин Абул Фазл Убайдуллоҳ ибн Иброҳим Маҳбубий Бухорий (в.630), Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ва Саъдуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Авфийлар таълим олишган [11: 1; 546; 2; 362].

Имомзода Бухорий Мавароуннаҳрда Имом Мотуридийдан кейин унинг таълимотини тарқатган ва ривожланишига ўзларининг ҳиссасини қўшган Абул Ҳасан Сирожиддин Али Фарғоний Ўший (в.575) ва Нуриддин Собуний Бухорий (в.580) лар билан замондош бўлган.

Абул Муин Насафий (в.508), Иброҳим Саффор Бухорий (в.534), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (в.537), Абу Бакр Алоуддин Самарқандий (в.539), Абу Сано Маҳмуд Ломиший (в.539) ва Абул Фатҳ Алоуддин Усмандий (в.552) каби фақиҳ ва мутакаллим алломаларни ўзининг шайхлари деб эътироф этган [19: 23].

Муҳаммад ибн Абу Бакр Аббосий халифа Мустазҳир Биллоҳ даврида туғилган. Бу даврда Самарқандни Ҳорун-тегин бошқарарди. Маълумки, Ҳорун-тегинни Самарқандга ҳоким этиб ўша пайтдаги Мовароуннаҳр подшоси Султон Баркяруқ тайинлаган эди [4: 1; 381; 149-150].

 Алломага берилган лақаблардан унинг нотиқлик санъатида, фиқҳ ва адабиёт илмида алоҳида ўрни бўлганини кўриш мумкин. Аллома нафақат фиқҳ илмидан хабардор балки дарс бериш мақомига ҳам етган. Алломанинг ёзган асарларида тасаввуфга оид мавзулар келтирилганидан ва ўша даврдаги тасаввуф шайхи Юсуф Ҳамадонийга шогирд бўлганидан ҳам маълум бўладики, Муҳаммаб ибн Абу Бакр тасаввуф соҳасида ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган.

 Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Муҳаммад ибн Абу Бакр давридаги сиёсий вазият анча кескин тус олган эди. Салжуқийлар ва қорахонийлар ўртасида бўлиб турган урушлар Мовароуннаҳрдаги маърифий ва маданий ҳаётга ўз таъсирини ўтказар эди. Ана шундай кескин бир пайтда аллома шариат таянчи бўлган одоб-ахлоққа доир масалаларни ёритилишига ўз ҳиссасини қўшди. Аллома ҳижрий 573, милодий 1177- йилда вафот этган. Унинг қабри ва қаерда дафн этилгани тўғрисида аниқ маълумотлар топилмади. Манбаларда келтирилишича аллома Муғулларнинг Бухорони босиб олган илк кезларда шаҳид бўлган. Муҳаммад ибн Абу Бакр ва ўғли Масъуд ҳам Муғуллар қўлида шаҳид бўлган [19: 9; 415; 5; 308]. Ибн Асир “ Тарихда эркаклар, аёллар ва болалар энг кўп йиғлаган кун, ўша кун эди” деб ёзган.

Муҳаммад ибн Абу Бакр ҳақида уламолар шундай фикрларни билдиришган:

  1. Абдулкарим Самъоний: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, Бухоро аҳлининг муфтийси эди”.
  2. Абдулқодир ибн Муҳаммад Қураший: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, фақиҳ, шоир, парҳезкор, чиройли сийратли, яхшилик аҳилларидан ва диндор эди. Унинг бир жилдли нафис ва кўп фойдали “Ширъатул ислам” асарини кўрдим” [10: 1; 36].
  3. Ёқут Ҳамавий: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, илм аҳилларидан эди” [5: 3; 335].
  4. Ҳожи Халифа: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, “Садидуд дин” яъни, диннинг ҳимоячиси эди. Унинг бир жилди кўп фойдали ва нафис “Ширъатул ислам” ва “Уқудул ақоид фи фунунил фавоид” номли манзума шаклида ёзилган китоблари мавжуд” [12: 2; 1044].
  5. Хайруддин Зириклий: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, “Рукнул ислам” яъни, исломнинг устуни эди. Унинг китоби “Ширъатул ислам” 61 фаслдан иборат бўлиб, қўлёзмасини Брусавий ўзининг “Мафатиҳул жинан ва масабиҳул жанан” китобида шарҳлаган” [7: 6; 54].
  6. Умар Каҳҳола: “Муҳаммад ибн Абу Бакр, фақиҳ ва мутакаллим, бўлиб, унинг “Ширъатул ислам” ва “Уқудул ақоид фи фунунил фаваид” номли асарлари мавжуд” [15: 9; 116].
  7. Карл Броккельман: “У рукнул ислам, садидуд дин Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий имомзода бўлиб, ҳижрий 491, милодий 1098-йил робийъул аввал ойида туғилган. Бухро аҳлининг муфтийси бўлиш даражасига етган. У шоир ва мутасаввиф эди. Ҳижрий 573, милодий 1177-йил вафот этган” [9: 3; 675].
  8. Али ибн Ҳусайн Исфаҳоний: “Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг “Ширъатул ислам” китобини мутолаъа қилиб чиқдим. Китоб фиқҳий ва тасаввуфий одоб-ахлоқ масалаларини ўзида қамраб олганлиги билан мени ром этди. Лекин унда келтирилган ҳадислар ихтилофли ва мавзу ҳадислардир” [15: 7; 75].

Алломанинг илмий мероси ўрганилар экан унинг қаламига оид учта асар аниқланди. Улар : “Ширъатул ислам”, “Уқудул ақоид фи фунунил фаваид” ва “Ғароибул Қуръон” асарларидир.

“Уқудул ақоид” китоби назмий услубда ёзилган бўлиб, унинг қўлёзма нусхаси ҳозирда дунё китоб фондларида хусусан, Миср Араб Республикасида “Жаваҳир уқудудил ақоид” номи билан қайд этилган. Ушбу манзумага Ҳамидуддин Ҳомид ибн Айюб Қураший “мирқотул мубтадиийн” яъни (Бошланғич таълим олувчилар ойнаси) номли шарҳ ёзган. Ушбу шарҳ Британия музейида 7708 рақам билан сақланади [9: 6; 305].

“Ғароибул Қуръон”        китобининг қўлёзма нусхаси эса, Ҳиндистондаги Рам Пур кутубхонасида 1/57 рақами билан сақланиб келмоқда [1: 2; 123].

“Ширъатул ислам” нинг тўлиқ номи “Ширъатул ислам ила дорис салом” (Тинчлик диёрига ислом қонунчилиги)дир. Мусанниф китобни 61 та фаслга ажратган. Манбаларда келишича, китоб 560-ҳижрий санада ёзилган [16: 2; 1041].

Ундаги мавзулар диний уламолар ва имомларнинг китобларидан саралаб олинган бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида тузилган, одоб ахлоққа оид китобдир. Мўъмин-мусулмон кишиларни пайғамбаримизнинг суннатларига кўмакдош бўладиган айниқса ёш болаларга ўқиб берилса, боланинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган асардир [16: 2; 1056].

Асар ҳанафий мазҳаби бўйича одоб масалаларини кенг ёритилиши билан катта аҳамият касб этади. Асарни ўрганиш давомида шу нарса маълум бўладики, ўз даврида мазкур китоб ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинган. Ушбу асар нафақат юртимизда балки хориж мамлакатларида ҳам севиб ўқилган. Китобнинг қўлёзма нусхалари дунёнинг кўплаб кутубхоналари жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази”, Туркиянинг “Сулаймония”, “Аёсофя”, “Лалели кутубхонаси”, “Нур Усмония”, “Боязид давлат кутубхонаси”, “Кўпрули кутубхонаси”, “Фозил Аҳмад Пошо кутубхонаси”, “Файзулло Афанди кутубхонаси”, “Ҳожи Рашидбей кутубхонаси”, “Қилич Али Пошо кутубхонаси”, “Миср китоблар уйи”, Фаластиндаги “Ақсо масжиди” кутубхонаси, Ҳиндистондаги “Рам Пур” ва Бағдоддаги “Қодирийя” кутубхоналарида сақланаётганини ҳам алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир.

Қуйида мазкур асарнинг дунё китоб фондларида сақланаётган бир нечта нусхалари ва шарҳлари ҳақида маълумотлар берилади:

  1. “Ширъатул ислам”. Муаллифи Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар 1073 ҳижрий йилда Исмоил ибн Халил томонидан кўчирилган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 3783 рақамда қайд этилган.
  2. “Ширъатул ислам ила дорис салам”. Муаллиф Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар тахминан ҳижрий ўнинчи асрларда кўчирилган. Кўчирувчи ҳақида маълумот берилмаган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 6694 рақамда қайд этилган.
  3. “Ширъатул ислам ила дорис салам”. Муаллиф Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар 1134 ҳижрий йилда Мустафо ибн Муҳаммад томонидан кўчирилган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 4824 рақамда қайд этилган.
  4. “Ширъатул ислам”. Муаллиф Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар 859 ҳижрий йилда ёзилган. 1038 йил Ҳасан ибн Али Буснавий томонидан кўчирилган. Фаластиндаги “Ақсо масжиди” кутубхонасида 257 рақамда қайд этилган.
  5. “Ширъатул ислам”. Муаллиф Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар 975 ҳижрий йил рамазон ойининг ўрталарида Муҳаммад ибн Хизр томонидан кўчирилган. Фаластиндаги “Ақсо масжиди” кутубхонасида 256 рақамда қайд этилган.
  6. “Ширъатул ислам”. Муаллиф Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр. Асар 1090 ҳижрий йил Абдулкарим ибн Абдулбоқий томонидан кўчирилган. Фаластиндаги “Ақсо масжиди” кутубхонасида 258 рақамда қайд этилган.
  7. “Мафатиҳул жинан шарҳу ширъатил ислам”. Муаллиф Яъқуб ибн Саййид Али Брусавий. Асар кўчирилган сана ва кўчирувчи ҳақида маълумот берилмаган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 1315 рақамда қайд этилган.
  8. “Шарҳу ширъатил ислам ли Имомзода”. Муаллиф Мулло Алий Қори Муҳаммад ибн Султон. Асар тахминан ҳижрий ўн учинчи асрда кўчирилган. Кўчирувчи ҳақида маълумот берилмаган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 6186 рақамда қайд этилган.
  9. “Шарҳу ширъатил ислам”. Муаллиф Яҳё бин Яхший бин Бахший бин Иброҳим Қурра Яҳё Афанди (1436 йилда вафот этган). Асар 259 вароқдан иборат бўлиб, 1085 ҳижрий йил Мавло Мустафо Қози томонидан кўчирилган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 4164 рақамда қайд этилган. Шунингдек ушбу асарнинг бошқа бир нусхаси Истанбулдаги “Нур Усмония” кутубхонасида 2440 рақами билан қайд этилган.
  10. “Асрорул аҳком фи шарҳ ширъатил ислам”. Муаллиф Муҳммад ибн Яъқуб Бунёний. Асар Ҳиндистондаги Рам Пур кутубхонасида 164 рақамда қайд этилган.
  11. “Мафатиҳул жинан фи шарҳи ширъатил ислам ли Имомзода”. Муаллиф Яъқуб ибн Саййид Али Брусавий. Асар тахминан ҳижрий ўнинчи асрда Мустафо ибн Муҳаммад томонидан кўчирилган. “Подшоҳ Файсал исломий тадқиқотлар маркази” кутубхонасида 5044 рақамда қайд этилган.
  12. “Мафатиҳул жинан ва масобиҳул жанан” шарҳу “Ширъатил ислам”. Муаллиф Яқуб ибн Саййид Али. Яқуб бин Саййид Али ушбу китобини Аллоҳга ҳамдни ифода этувчи қуйидаги ибора билан бошлайди:”حمد لمن من على عباده” яъни, (Бандаларига миннат қилган зотга ҳамд айтаман). Айтиш мумкинки, бу шарҳнинг нусхалари ҳар бир аҳли илмнинг уйида топилади. Бизга маълум бўлишича, “Мафатиҳул жинан ва масобиҳул жанан” китоби охирги маротаба 2007 йил Туркиядаги “Ҳақиқат” кутубхонасида нашр қилинган [3]. Ушбу асарни Яқуб ибн Саййид Али ушбу шарҳни ёзиб бўлгач уни султон Боязидхон II га тақдим қилади. Султон Боязидхон II “Ширъатул ислам” китобини севиб ўқир эди. У бу шарҳни шарҳлагани учун Яқуб ибн Саййид Алига “Ширъат шориҳи” деган лақаб берган [8].
  13. “Муршидул анам ила дорис салам фи шарҳ ширъатил ислам”. Муаллиф Шайх Муҳаммад ибн Умар Қурд Афанди (996/1588й.) Бу китоб “Ширъатул ислам” га ёзилган шарҳларнинг энг каттаси ҳисобланади [16: 2; 1044].
  14. “Муршидул анам ила дорис салам фи шарҳ ширъатил ислам”. Муаллиф Маҳмуд Мавло Солиҳ Дурданжий Азбон (1183 йил вафот этган). Асар ҳозирда “Миср китоблар уйида” сақланади [9: 6; 1304].
  15. “Албадрут там фи тахрижу аҳадиси ширъатил ислам”. Муаллиф Собириддин Ҳомид бин Юсуф Аскадарий Бандаромий (1700-1758й) ёки (1111-1172 й) нақшбандия тариқатида бўлиб, ҳанафий уламоларининг фақиҳларидан бўлган. Остонада туғилиб, бошланғич таълимини шу ерда олган. Кейинчалик Миср ва Сурияга сафар қилиб, у жойнинг уламоларидан ҳам дарс олган.
  16. “Ғоятул маром фи тахрижи ахбари ширъатил ислам”. Муаллиф Иброҳим Ҳаниф ибн Мустафо афанди Румий (1189 йил вафот этган).

           Ушбу асар одоб-ахлоқ борасида ёзилган китобларнинг орасида мўъжазлиги ва кенг қамровлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Алломанинг илмий-маънавий меросини ўрганиш жамиятимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 Зеро, қарийб бир аср мобайнида халқимиздан мажбуран тортиб олинган ва йўқ қилишга ҳаракат қилинган муқаддас Ислом динининг соф таълимотларини ўрганиб, уни оммага етказиш илм аҳлларининг зиммасидаги вазифалардандир.

Асардаги кўп мавзулар бугунги кунда ҳам ўз қадрини йўқотгани йўқ, негаки, бугунги глобаллашув ва турли маданиятлар оқими ватанимизга хуруж қилиб турган вақтда Пайғамбаримизнинг суннатларига асосланган одоб-ахлоққа доир китобларга эҳтиёж сезилмоқда. Муҳаммад бин Абу Бакрнинг ушбу асари одоб ва тасаввуф илмининг тарихи, унинг ривожланиш босқичларини, айниқса ҳанафия таълимотини ўрганишда қимматли манба ҳисобланади. Мусанниф ўз китобини мўъжаз қилиш мақсадида баён қилинган суннат ва одобларни далилларини кўп ўринларда баён қилмаган. Мусанниф ўзлари ҳанафий бўлганлари учун ҳам китоб ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган.

Хулоса қилиб шуни айтиб ўтиш мумкинки, ушбу асардан ҳозирда ҳам тадқиқотчилар ва бутун мусулмон уммати одоб – ахлоққа ҳамда тасаввуфга доир масалаларни ўрганишда фойдаланиш мумкин.

Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ,
ЎзХИА Малака ошириш маркази
Самарқанд вилояти минтақавий
филиали директори
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
  1. “Имом ал-Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали. 2/2013. Б.123.
  2. “Мўъжамул булдон” асарида “Заранжар” Бухоро қишлоқларидан бирининг номи бўлиб, Шамсул Аимма Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фаз Бухорий ҳам шу қишлоққа нисбат берилган алломалардан. У ҳам Бухоро муфтийси ва ҳанафий шайхи бўлган. Бухоро аҳли уни ҳанафий мазҳабидаги масъалаларни яхши билганлиги ва ҳатто уларни ёдлаб олганлиги боис “Кичик Абу Ҳанифа” деб аташган.
  3. al-kutubiyeen.com
  4. Бартольд. “Сочинения”. – Т. I. – С. 381; “История”. – С. 149-50.
  5. Ёқут Ҳамавий. “Муъжамул Булдон”. Ж.III. Б.335
  6. Ёқут Ҳамавий. “Муъжамул Булдон”. Ж.III. Б.335, Мустафо ибн Абдулло Қистатиний Румий Ҳанафий. “Кашфуз зунун ан асамиъил кутуб вал фунун”. Ж.II. Б.1044.
  7. Зириклий Хайруддин. “Ал-Аълом”. Байрут: Дорул илм лил малайин, Ж.VI. 1998. Б. 54.
  8. Ислом олимлари энциклопедияси. www.ahlisunnebuyuykleri.com
  9. Карл Бруккелман. “Араб адабиёти тарихи”. Дорул маъориф. 1993. Ж.III. Б.675.
  10. Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий. “Жавоҳирул мудийа фи табақотил ҳанафийа”. Ж. I. Б. 370.
  11. Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий. Жавоҳирул мудийа фи табақотил ҳанафийа”.Ж.I. Б.546, Ж. II. Б. 362.
  12. Мустафо ибн Абдулло Қистатиний Румий Ҳанафий. “Кашфуз зунун ан асамиъил-кутуб вал фунун”.Ж.II.Б.1044
  13. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қуриладиган ҳудудга ташрифи давомидаги нутқидан.
  14. Самъоний “Аансоб” асарида “Сурхакат” Мовароуннаҳрдаги икки қишлоқнинг номи. Уларнинг бири Ғузор туманида, иккинчиси Самарқандда бўлган. Маждул аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Фоил Сурхакатий асли Самарқандлик бўлиб, уни шу қишлоққа нисбат беришган деб маълумот берган.
  15. Умар Ризо Каҳҳола. “Муъжамул муаллифийн”. Ж.IX.Б.116.
  16. Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ан асамиъил кутуб вал фунун”. Истанбул. 1360-62/1941. Ж. II. Б. 1041.
  17. Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. “Тарихул ислам”. Ж.9. Б.415, ибн Асир. “Ал-камил фит тарих”. Ж.5. Б.308.
  18. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий. Бухоро тарихи – Тошкент. Камалак, 1991. Б.96.
  19. Муҳаммад Усмон Дўғон. Уқудул ақоид фи фунунил фаваид. Амман. Дор ал-Фатҳ лид дирасаат ван-нашр, 2018. Б.16.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …