Home / МАҚОЛАЛАР / АЖДОДЛАР МЕРОСИГА САДОҚАТ

АЖДОДЛАР МЕРОСИГА САДОҚАТ

Турон ўлкаси ўзининг бой ўтмиши, тарихий маданияти билан азалдан дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб келган. Мустақил тараққиёт сари юзланган давлатимиз олдида миллий қадриятлари, айниқса, бой ва қадимий мумтоз адабиётимизнинг беқиёс намуналарини ўрганишга бўлган эътибор янада кучайди. Адабиётларда ҳадис илми устозлари саналган юртдошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби муҳаддисларнинг буюк хизматлари туфайли юртимиз улуғ муҳаддислар юрти деб эътироф этилган. Манбаларнинг хабар беришича: “VIII-ХII асрлар орасида Мовароуннаҳрда 3000 нафардан ортиқ аждодларимиз ҳадис илмига ўзларининг ҳиссаларини қўшган бўлиб, уларнинг 1000 нафари самарқандлик бўлган экан” [6: 173].

Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиб, фан тараққиётида беназир из қолдирган шундай буюк ақл соҳиби муҳаддис имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий билан нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун мусулмон олами фахрланади.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (194/810-256/870) умр бўйи ҳадисларни тўплаш ва бир тизимга солиш билан шуғулланиб, уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (хато ёки заиф)га ажратганлар. 40 йилдан зиёд вақт давомида ҳадис ровийларининг кечирган ҳаётлари, яшаш жойлари, таваллуд ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан қилган ўзаро мулоқотларини ўрганиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаб тарихда улкан мерос қолдирдилар. Бу хизматлари туфайли унвонлари “Амирул мўминин”, яъни ҳадис илмида мўминларнинг амири, “Имомуд дунё”, яъни дунёдаги барча мўмин ва мусулмонларнинг имоми, ҳамда “Шайхул ислом” мусулмонларнинг устози, яъни дини ислом ғамида соч-соқоли оқарган устоз [4: 12] деб улуғланган бобомиз қадамжолари йилдан-йилга зиёрат маскани марказига айланмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги 217-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А. Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида 8 ой мобайнида “Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи” барпо этилди. 1998-йил октабрда буюк мутафаккир Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги кенг нишонланди. Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланувчи “Ал-жомиъ ас-Саҳиҳ” номли асар ёзиб ўчмас ном қолдирган бобокалонимиз қадамжолари обод этилди. 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бошланган бу хайрли ишни халқаро миқёсда асослаб берган Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” [7] ва маърифат тарқатади деган нутқларида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, эзгулик руҳида тарбиялайдиган, уларни бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудратни назарга тутганлар деб ўйлайман. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий мақбаралари жойлашган мажмуа пештоқ ёзувларида ҳам эзгуликқа чорловчи даъватлар битилган.

10 гектар майдонни ўз ичига олган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Қўқон ва Шаҳрисабз халқ усталарининг қўллари билан шарқона меъморчилик услубида қад ростлаган.

Ёдгорлик мажмуи кириш дарвозаси пештоқида куфий ва сулс хатида Қуръони каримнинг Бақара сураси 186-ояти: “Агар бандаларим сиздан мени сўрасалар, Мен албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” [1: 43-44] ва “Ҳашр” сурасининг 10-ояти: “ Улардан кейин келганлар: “Эй Раббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизга иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дедилар” [1: 819-820] деб битилган [5: 119].

Қуръони каримнинг ушбу оятларининг мазмун-моҳиятини ҳадисларда батафсил очиб берилган. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин”, [1: 44] деган эканлар. Шарқ фалсафасига кенг ўрин эгаллаган ушбу ҳадис замонавий психология фанида ҳам ҳозирда қўлланилиб келинмоқда. Бу ривоятда қалби пок, иймон-эътиқодли шахснинг мақсади аниқ бўлиши ва Аллоҳдан фақат эзгу амалларни ижобат бўлишини астойидил сўраб, иккиланмасликка чорламоқда.

Ёдгорлик мажмуига кириш дарвозаси пештоқ ёзуви иккинчи оятида олдин бу оламдан ўтган ҳар бир бандасини ким бўлишидан қатъий назар яхшилик билан эслаш ва уларнинг номларини эъзозлашга даъват этмоқда. Албатта, бу оят мазмунини англаган шахс қалбида авлод-аждодлар руҳига эзгу фикрлар айтгиси келади.

Имом Бухорий қабрлари устидаги мақбара уста Мирумар Асатов томонидан мураббаъ шаклида (Яъни тўғри тўртбурчак шаклда, усти гумбазсимон) лойиҳалаштириб қурилган бўлиб, томонларининг ўлчамлари 9х9 метрдан иборат. Бинонинг умумий баландлиги гумбази билан биргаликда 17,6 метрни ташкил қилади.

Имом Бухорий қабрлари устидаги мақбара юқорисининг тўрт томонида дастлаб куфий хатида Қуръони каримнинг “Фотиҳа” сураси такрор ёзилган. Катта ҳажмда оқ ранг билан Қуръони каримнинг “Мулк” сураси сулс хатида тўлиқ ёзилган [5: 121].

Мақбаранинг жанубий томонида пастдан юқоригача сулс хати билан оқ рангда “Юсуф” сурасининг 101-ояти: “Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй, осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимга вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин” [1: 365] – деб ёзилган.

Ҳадисда: “Аллоҳ таолонинг: “Улар орасида “Парвардигор, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгил, охиратда ҳам яхшилик ато қилгил ва бизни дўзах азобидан сақлагил!” деб айтувчилар ҳам мавжуд” деган қавли ҳақида: Анас ибн Молик бундай дейдилар: “Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Аллоҳ, парвардигоримиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгил охиратда ҳам яхшилик ато қилгил ва бизни дўзах азобидан сақлагил!” – деб илтижо қилар эрдилар” [2: 115] деб ривоят этилган.

Имом Бухорий ривоятларидан бирида: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, меҳмонни ҳурмат қилсин”, дедилар.

Эзгуликка чорловчи ушбу ҳадислар кишини иймон-эътиқодли бўлишга, инсониятга яхшиликни раво кўришга чорламоқда.

Мақбаранинг шарқий томонида куфий хати билан сариқ рангда Аллоҳнинг 19 та исм-сифатлари ва сулс хати билан оқ рангда “Фотиҳа” сураси ва “Оли Имрон” сурасининг 189-194 оятлари (189. Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 190. Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. 191. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яралишини тафаккур қиладиганлар: “Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ! Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин! 192. Роббимиз, албатта Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ. 193. Роббимиз, биз нидо қилувчининг Роббингизга иймон келтиринг, деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин. 194. Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъданга хилоф қилмагайсан) [1: 111] ёзилган.

Мақбаранинг шимолий томонида “П” ҳарфи шаклида куфий хати билан сариқ рангда Аллоҳнинг 29 та исм-сифатлари ёзилган:” Аллоҳ, Раҳмон, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Мўмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусаввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Ҳофиз, Рофеъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам …” ҳамда сулс хати билан оқ рангда “Оли Имрон” сурасининг 1-7-оятлари: 1. Алиф, Лом, Мим. 2. Аллоҳ (ягона) ҳеч бир Тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир. 3-4. Сизга (Эй Муҳаммад), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди. (Энди эса) ҳақ билан ноҳақни ажратгувчи (Қуръонни) нозил қилди. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кимсалар учун шубҳасиз қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир. 5. Албатта, Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир. 6. У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берган зотдир. Ҳеч бир Тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикматлидир. 7. У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ – тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. – Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. – Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: “У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир”, – дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар” [3: 79] – деб ёзилган

Мақбаранинг ғарбий томонида “П” ҳарфи шаклида куфий хати билан сариқ рангда Аъроф сурасининг 180-ояти ёзилган: Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар” [3: 81].

Шунингдек мақбаранинг ғарбий томонида сулс хати билан оқ рангда “Бақара” сурасининг 285, 286-оятлари: 285. Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг биронталарини ажратмаймиз. Ва эшитдик ва итоат қилдик. Эй Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз. Ва қайтиб бориш сенгадир, дедилар. 286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан зарари ҳам касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизларни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен ҳожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил [1: 73] – деб ёзилган.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятларида: “Ислом беш нарса устига барпо қилингандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш” – деб ёзилган.

Мақбара пештоқида ёзилган сатрлардан хулоса шуки, ҳар бир инсон эзгу иш, эзгу амал ва эзгу сўзлаши таъкидланади. Инсон дунёга бир марта келади. Унинг томонидан яратилган мерос ва қолдирган яхшилик бир умр ёддан чиқмайди. Чунки эзгулик абадийдир. Зеро, шундай экан, биз ҳам ўз аждодларимиз каби келажак авлодга муносиб ворис бўлмоғимиз даркор.

Давлатимиз томонидан моддий-маданий ёдгорликларнинг тикланиши орқали тарихимизнинг ёзма ва маънавий меросини ўрганишда катта қадам ташлангани билан изоҳланади. Шунингдек, меъморчиликда хаттотлик санъатини уйғунлаштирилиб аждодлар меросини қайта тикланиши келажак авлод учун интеллектуал салоҳиятларни бойитиш ва аждодлар меросига садоқат йўлида хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. www.islom.uz.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 3-жилд. 17-боб. www.ziyouz.com.
  3. Имом Бухорий таърифи. Сайдазим Мамадалиев. – Т., 1996.
  4. Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар. – Т., 2011.
  5. Имом ал-Бухорий сабоқлари маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал. 3/2006.
  6. Ишонч газетаси 2017 йил 21 сентябр.
Сухроб ЭРГАШЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …