Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг фиқҳ борасида таянган далиллари

Имом Бухорийнинг фиқҳ борасида таянган далиллари

Маълумки, ислом динида энг тўғри йўл аҳли сунна вал жамоа ҳисобланиб, бу йўлда ижтиҳод қилган уламолар ўзларига Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва қиёсни далил қилиб олганлар. Мана шу тўртта далилга суянган ҳолда, фиқҳ борасида ўз ижтиҳодларини олиб борганлар. Шулар жумласидан, Имом Бухорий ҳам ҳадис китоб ёзиш билан бирга, шариат қонунларини чиқариб олишда ушбу далилларга суянган:

  1. Қуръони карим. Имом Бухорий тузган бобларнинг сарлавҳаларида Аллоҳ таолонинг каломидан кўпгина оятларни далил қилиб, ўша оятлардан ажойиб далилларни чиқариб олган. Бунга мисол, Имом Бухорий “Савдо китоби”да “Унда яна (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Унинг фазли (ризқи)дан талаб этишингиз ва (неъматларига) шукр қилишингиз учун (шундай қилди)”[1], деган оятни Матор раҳматуллоҳи алайҳдан келган ривоятга кўра, денгиздаги кемага тижорат қилиш учун минишнинг жоизлигига далил қилади. Бу билан Имом Бухорий худди Абу Довуд ўзининг сунанида “Жиҳод китоби”да Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: “Денгиздаги кемага фақат ҳаж ё умра ёки Аллоҳ йўлида душманга қарши уруш учун чиқилади”, деб ривоят қилган ҳадисига раддия бергандек. Чунки, Абу Довуд ўзи бу ҳадисга изоҳ бериб шундай деган: “Бу ҳадис жуда заифдир. Уни ривоят қилган Абу Абдуллоҳ ва Башир ноаниқ ровийлардир”.
  2. Суннат. Имом Бухорийнинг суннатдан далил олишда пухта билимга эга эканлиги ҳамда у кишида саҳиҳ ҳадислар тўғрисида жуда кўп маълумотлар бўлгани маълумдир. Ҳатто у киши кўпгина масалаларни шартига тўғри келмайдиган ҳадисни сабаб қилиш билан сарлавҳа тузиш орқали, чиқариб олади ва ўша сарлавҳа остида шартига мос келадиган ҳадисларни келтиради.
  3. Ижмоъ. Уламолар ижмоъси ҳам Имом Бухорий наздида далил сифатида қабул қилинган. Шу сабабли у кишининг фикрига кўра, агар уламолар ижмоъси қозининг чиқарган ҳукмига қарши чиқса, унда қозининг ҳукми бекор бўлади. Имом Бухорий мана шу сўзини қувватлаш учун “Ҳукмлар китоби”да “Ҳоким шавқатсизлик қилишни ёки илм аҳлига хилоф иш тутишликни буюрса, рад қилинади”, деб сарлавҳа тузган. Бу бобда Солим отасидан ривоят қилган ҳадисни келтирган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидни аскарларга бошлиқ қилиб, Бани Жузайма қабиласига юбордилар. Улар: “Исломни қабул қилдик!”, дейиш ўрнига, билмай: “Диндан қайтдик!”, деб юборишди (яъни, “Аввалги динимиздан қайтиб исломга кирдик!”, деб айтмоқчи эдилар). Шунда Холид Ибн Валид уларга қарши аскарларни жангга ташлади, натижада кўпчилиги ўлдирилиб, қолганлари асир олинди. Кейин, ҳар биримизга ўзимиз қўлга туширган асиримизни ўлдиришни амр қилди. Мен ўлдиришдан бош тортдим, шерикларим ҳам шундай қилишди. Қайтиб боргач, бу ҳақда Жаноб Расулуллоҳга айтган эдик, у зот: “Эй Парвардигоро, Холид ибн Валиднинг қилмишида қўлим йўқдир!”, дедилар, яъни Холид ибн Валид, суриштирмай уларни ўлдирганини назарда тутдилар. Имом Бухорий бу бобда Холид ибн Валид бошлиқ бўлишига қарамай, саҳобалар у кишининг чиқарган ҳукмига ўз ижмоълари билан қарши чиққанларини эътиборга олган.

         “Китоб ва суннатни маҳкам ушлаш китоби”да, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм аҳлининг иттифоқи ҳақида сўз юритганлари ва ундаганлари; Икки ҳарам – Макка ва Мадина (уламолари) ижмо қилган нарсалар ҳақидаги боб”, деб сарлавҳа тузиб, бу бобда ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисни келтирди. 

         Бундан ташқари, Имом Бухорий сукутий (жим туриш) ижмоъ билан ака-укалар учун бўлган меросдаги ҳақдан бобонинг ман қилинишига қарши Абу Бакр (р.а.)нинг сўзини ҳужжат қилиб келтириб, бобонинг мерос олишини жоиз қилди ва бу ҳақда “(Маййитнинг) отаси ва ака-укалари билан бирга бобосининг ҳам мерос олиши ҳақида”, деб боб тузган. Бу бобда биринчи саҳобаларнинг сўзини келтирди, яъни, “Абу Бакр, Ибн Аббос ва Ибн Зубайр розияллоҳу анҳум айтди: “Бобо ота (ўрнида)дир”, (сўнгра) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Эй Одам болалари[2], “Оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллатига эргашдим[3] оятларини қироат қиларди. (Бу масалада) Абу Бакрга ўз замонасида бирор кишининг қарши чиққани зикр қилинмаган, ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда кўп эди.

         Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Мендан (кейин) ака-укаларим қолиб, ўғлимнинг ўғли мерос олади-ю, мен ўғлимнинг ўғлидан мерос олмайманми?” деган. Бу борада Умар, Алий, Ибн Масъуд Зайд розияллоҳу анҳумдан бошқа қавллар ҳам ривоят қилинган”. 

         Изоҳ: Агар маййитнинг отаси ўлиб кетган бўлса, бобоси, яъни отасининг отаси ота ўрнида мерос олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бунга далил сифатида мазкур оятларни эсга олган. Зеро, Қуръони каримда инсониятга “Одам болалари” дейилгани, яъни Одам алайҳиссалом бутун инсониятнинг отаси деб қаралиши, шунингдек, Юсуф алайҳиссалом ўз боболарини ҳам “оталарим” деб айтгани бобонинг ота ўрнида кўрилишини тақоза этади.

         Имом Бухорий Ибн Аббос (р.а.)дан бобонинг мерос олишига бошқа бир қиёсий далил келтирмоқда: набира отаси бўлмаганда бободан мерос оладими, демак, бобо ҳам ўртада ўз фарзанди бўлмаганда набирадан мерос олади. Бобонинг мерос олиши ҳақида ижмоъ собит бўлса-да, қанча миқдорда олиши ҳақида турлича фикрлар бор. 

         Демак, Абу Бакр (р.а.) бобони отага тенглаштириб, бобони ота деб ҳукм чиқардилар, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кўп бўла туриб, ўша вақтда бирорта саҳоба у кишига қарши чиқмади. Яъни, Абу Бакр (р.а.)нинг сўзига ҳеч бир саҳоба қарши чиқмасдан сукут қилдилар. Уларнинг сукут қилиши шу ҳукмга рози эканлигини билдиради. Имом Бухорий бу масалада саҳобаларнинг мана шу ижмоъсини далил қилиб олган.

  1. Қиёс. Имом Бухорий қиёсни далил ўрнида қабул қилган. Аммо баъзи аҳли илмлар каби, қиёсни кенг йўл қилиб олмаган. Балки, “Китоб ва суннатни маҳкам ушлаш” китобида, “Раъй (ўз билганича фикр юритмоқ) ва қиёсда такаллуф қилиш жумласидан бўлган ишларни қоралаб айтилган нарсалар ҳақидаги боб”, ва яна, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркагу аёл умматларига раъй ва қиёс (ўхшатиш) билан эмас, Аллоҳ У Зотга ўргатган нарсадан ўргатганлари ҳақидаги боб” деб сарлавҳа тузди. Биринчи бобда Урва Абдуллоҳ ибн Амрдан: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ илмни уларга (одамларга) бергандан кейин уни бирдан суғуриб олмайди, балки ораларидан уламоларни илмлари билан қабз қилиб, уни суғуриб олади. Шунда жоҳил одамлар қолади. Улардан фатво сўралади, улар ўз раъйлари билан фатво бераверишади. Натижада адаштиришади ва адашишади”, деб айтганларини келтирган. Имом Бухорий бу бобни Қуръон ва ҳадис илмига таянмасдан ўз фикри билан фатво чиқаришни қоралаш мақсадида тузган. Иккинчи бобда эса, Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирган, яъни: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Эркаклар ҳадисингиз(ни ўрганиш)да илгарилаб кетишди. Бизга ҳам бир кунни таъйин қилсангиз, шу кунларда ҳузурингизга келсак, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан бизга ҳам ўргатсангиз”, деди. Шунда “Фалон-фалон кунлари фалон-фалон жойга тўпланинглар”, дедилар. Улар тўпланишди. У зот келиб, Аллоҳ ўзларига ўргатган нарсалардан уларга ўргатдилар…”. Имом Бухорий бу бобни тузиш билан худди юқоридаги бобни таъкидлагандек, яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматини ўз раъйлари билан фатво беришдан қайтаришларидан ташқари, у зот ҳам эркагу аёл умматларига раъй ва қиёс билан эмас, балки Аллоҳ у зотга ўргатган нарсадан таълим берганларини айтиб ўтаяпти.

        Имом Бухорий қиёс бобида учинчи сарлавҳани тузиб, уни “Сўровчига тушунтириш мақсадида Аллоҳ ҳукмларини баён қилиб қўйган маълум аслни баён қилинган аслга ўхшатиш ҳақидаги боб”, деб номлади. Бу билан қиёсга ижобий фикр билдириб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирган: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Аёлим қоп-қора бола туғди. Мен эса уни тан олмадим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сенинг туяларинг борми?” дедилар. У “Ҳа” деди. “Ранглари қанақа?” дедилар. “Қизил” деди. “Ораларида кулранги ҳам борми?” дедилар. “Ҳа, кулранги ҳам бор”, деди. “Бу уларга қаердан келган деб ўйлайсан?” дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, наслига торгандир-да”, деди. Шунда у зот: “Эҳтимол, бу ҳам наслига тортгандир”, дедилар ва ундан тонишга унга рухсат бермадилар”. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчига қиёс билан жавоб бераяпти. Имом Бухорий юқоридаги сарлавҳани шунга асосан тузган. 

        Имом Бухорий қиёсга тааллуқли тўртинчи сарлавҳани ҳам шу китобда тузиб, у бобни “Далиллар билан билинадиган ҳукмлар ҳақида. Далолатнинг маъноси ва унинг изоҳи қандай бўлади?”, деб номлади. Ушбу бобда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам от ва ундан бошқа нарсаларнинг закотини бериш ҳукмини айтиб бердилар. Кейин эшак(дан закот бериш-бермаслик) ҳақида сўрашган эди, уларга Аллоҳ таолонинг “Бас, ким зарра оғирлигича яхшилик қилса ҳам, уни кўради”[4] деган сўзини эслатдилар”, деган хабарни келтирган. Яъни, от ҳақидаги гапларни эшитган одамлар, энди эшак боқиш ва ундан закот бериш-бермаслик ҳақида сўрашган. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умумий маънодаги оятни келтириб, яхшилик учун боққан одам савоб олишини тушунтирганлар. Яъни, бу ҳадисдаги далил билан билинадиган ҳукм шуки, юқоридаги оятга биноан эшак боқишда ундан закот берилмасада, аммо яхшилик учун боққани учун савоб олиши маълум бўлади.

        Демак, бу сарлавҳаларнинг баъзиси қолганлари билан жам қилинганда, ўқувчида шундай тушунча ҳосил бўлади, яъни аввалги тузилган икки бобда раъй ва қиёснинг салбий тарафи олинган бўлса, кейинги икки бобда эса уларга ижобий қаралган. Бундан маълум бўладики, Имом Бухорий оз ўринда бўлса ҳам қиёсни далил сифатида олган ва қиёс у кишининг наздида далил ўрнида олинган, аммо кенг қўлланилмаган.

Отабек Бахриев
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Наҳл,14.
[2] Аъроф, 26.
[3] Юсуф, 38.
[4] Залзала сураси, 7-оят.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …