Home / АЛЛОМАЛАР / “ФАСЛУ-Л-ХИТОБ”ДА ТЕРМИЗИЙЛАР ЗИКРИ

“ФАСЛУ-Л-ХИТОБ”ДА ТЕРМИЗИЙЛАР ЗИКРИ

Тасаввуф таълимотининг XIV аср охиридаги назариётчиларидан бири, Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофизий Бухорий (1349-1420) ҳам ана шундай улуғ сиймолардан биридир.

Хожа Муҳаммад Порсо Бухорода туғилган, мадрасаларда ўқиб, Қуръон, ҳадис, калом каби турли диний илмларни чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст кишилардан бири бўлиб етишган ва Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда назариячиси сифатида машҳур бўлди. Муршидлик мартабасига етган Хожа Муҳаммад Порсо тафсир, ҳадис, тасаввуф, тарих, фиқҳ каби соҳаларда ҳам моҳир олим бўлиб, йигирмадан ортиқ асарлар ёзган [3].

Порсонинг шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари “Фаслу-л-хитоб би-вусули-л-аҳбоб” (“Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”) номли асаридир. Асрлар бўйи ислом уламолари учун қўлланма вазифасини ўтаб келган “Фаслу-л-хитоб” муаллифнинг асосий асарларидан биридир. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, бу масалаларнинг ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва Порсо бу масалаларни турли асарларга суянган ҳолда ечиб берган. Масалаларни таҳлил қилишда муаллиф Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Ғаззолий, Юсуф Ҳамадоний, Абу Толиб Маккий каби қатор уламоларнинг асарларидан фойдаланган. Жумладан, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий каби термизлик алломаларнинг илмий меросидан ҳам фойдаланган.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ота-боболари ва ёшлик йиллари тўғрисида маълумотлар кам, манбаларда ота-боболари асли Марвдан бўлиб, Термизга кўчиб ўтишган, деб қайд қилинади. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Менинг бобом марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб ўтганлар”, деганлар [1].

Имом Термизий раҳимаҳулллоҳ 209 ҳижрий санада таваллуд топганлар. Бу милодий 824 йилга тўғри келади. Баъзи ривоятларда 200/815 йили ҳам дейилган. Вафотлари эса, 279 ҳижрий сана 13 ражабда бўлган. Бу милодий 892 йили 9 октябрга тўғри келади.

Ислом оламининг буюк муҳаддисларидан бўлмиш Имом Термизийнинг асарларидан Хожа Муҳаммад Порсонинг унумли фойдаланиши табиий бир ҳол албатта.

“Фаслу-л-хитоб”да Абу Исо Имом Термизий ривоят қилган ҳадислардан ташқари термизлик яна бир аллома Ҳаким Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ҳам ҳадислар ривоят қилинган. Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ диёримиздан етишиб чиққан буюк олим ва авлиёлар сирасидандир. У зотнинг исмлари Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр бўлиб, кунялари Абу Абдуллоҳдир. Эл орасида Ҳаким лақаби билан танилганлар. Термиз шаҳрида таваллуд топганлар. Таваллуд топган саналари маълум эмас. Ҳижрий 320 – милодий 932 йили вафот этганлар.

Хожа Муҳаммад Порсонинг “Фаслу-л-хитоб”да ҳазрат Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг фазли борасида сўз борган қисмида Ҳаким Термизийдан қуйидагилар нақл қилинган [4]:

قال الشیخ الامام العارف الولی ابو عبد الله محمد ابن علی الحکیم الترمذی رحمه الله فی قوله صلی الله علیه وسلم إني لا أدري ما بقائي فيكم فاقتدوا باللذين من بعدي) و اشار الی (أبي بكر وعمر رضى الله عنهما اخرجه الامام ابو عیسی الترمذی رحمه الله فهما رضى الله عنهما و من بمثل حالهما قد لزمت طاعتهم الخلق لان قلوبهم قد وصلت الی الله عز و جل و صارت فی القبضة و لهم الثبات من القبضة فاذا نطقوا فبالحق ینطقون و اذا حکموا بذالک الحق فبالعدل یحکمون

“Шайх Имом Ориф Валий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган “Мен орангизда қанча қолишимни билмайман, бас мендан кейингиларга эргашинг” дея Абу Бакр ва Умарга (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин) ишора қилдилар” ҳадиси шариф борасида фикр билдирдилар. Бу ҳадисни Имом Абу Исо Термизий раҳимаҳуллоҳ нақл қилган”.

“Улар (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин) ва уларнинг ҳолатида бўлган (бошлиқлар) кишиларга халқнинг итоат қилмоғи лозимдир. Зеро, уларнинг қалблари Аллоҳ азза ва жаллага восил бўлиб (Унинг) тасарруфига ўтиб бўлгандир. Улар мазкур тасарруфда мустаҳкамдирлар. Шунинг учун қачон гапирсалар ҳақни айтадилар ва ана шу ҳақ ила ҳар қачон ҳукм қилсалар адолатли ҳукм қиладилар”.

Муҳаммад Порсо “Фаслу-л-хитоб”нинг жуда кўп ўрнида Ҳаким Термизийни шайх, имом, ориф, валий нисбалари билан улуғлайди.

“Фаслу-л-хитоб”да яна бир термизлик аллома Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Холид Термизий ҳазратларининг сўзларидан мисоллар келтирилган. Бу зот ҳижрий III асрда аҳли сунна вал-жамоатнинг улуғ олимларидан ва сунний тасаввуфнинг йирик вакилларидан бири бўлган. У киши ҳақида Абу Абдурраҳмон Сулламий бундай ёзган: “У Хуросон машойихининг атоқли вакилларидан, пок хулқли ва гўзал сиёсат соҳиби эди”. Аҳмад ибн Хазравайҳнинг шогирди бўлган. Унинг таваллуд санасини тахминан 830-840 йиллар оралиғидан излаган мақбул [2].

Хожа Муҳаммад Порсо “Фаслу-л-хитоб”нинг тасав-вуф тарихи, истилоҳлари ҳақида сўз кетган бошланиш қисмида Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ҳақида қуйидагиларни қайд этган [4]:

“Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий – Аллоҳ уни раҳмат қилсин – “ат-Табақот” китобида учинчи табақадан деб зикр қилинган. У Балхнинг илк машойихларини, жумладан, Аҳмад ибн Хазравайҳ ва ундан кейингиларни кўрган, – Аллоҳ уларни раҳмат қилсин”.

Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ҳақида қисқача таъриф берганидан кейин Хожа Муҳаммад Порсо унинг айрим ҳикматли сўзларини ҳам нақл қилган. Масалан: “Банда ҳар доим жиноят қилишга мубталодир. Банданинг тоатларида қилган жиноятлари гуноҳларида қилган жиноятидан кўпроқдир. Чунки, гуноҳнинг жинояти биргина жиҳатдан бўлса, тоатдаги жиноятлар эса бир неча сабабдан бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу Қиёмат кунида банданинг юклари енгил бўлиши учун унинг жиноятларини турли мусибатлар орқали поклаб боради. Банда ўзининг гуноҳу маъсиятлари кўплигини билгани учун ва Парвардигорининг – азза ва жалла – чексиз лутфу карамини кўргани учун, авфу мағфиратини туйгани учун унинг қайғуси ва хижолати ортаверади”.

Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ҳақида маълумотлар кам. Айрим манбаларда у айтган ҳикматлардан айримлари келтирилган. Чунончи: “Авлиёларни менсимаслик Аллоҳ таолони яхши танимасликдандир”, “Машойихларнинг ишлари ва одобларидан рози бўлмаган кишини бирор китоб, ҳеч бир суннат тарбияла олмайди”, “Ҳар қачон қайси бир мусулмонни паст кўрсам, албатта иймонимда ва маърифатимда нуқсон топдим”, деганларини мисол тарзида келтириб ўтсак.

Нақшбандия тариқати назариётчиси Хожа Муҳаммад Порсонинг қаламига мансуб асарларни ўрганар эканмиз Хожагон-нақшбандия таълимоти ўзининг салкам 900 йиллик тарихи давомида ислом олами ва умуман, инсониятга улкан бир маънавий меросни тақдим этган алломаларимизнинг ибратли ҳаёти, дин ва дунё, олам ва одам, илм ва маърифат, ишқ ва муҳаббат ҳақидаги қарашлари, турли илмлар ва мавзуларга бағишланган илмий-адабий асарлари борасида, умуман олганда, ислом тафаккури тарихи ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Али ал-қори. Жамъ ал-васоил. Ж.1. – Миср: Шарқия, 1900.
  2. Турсунов С., Муртазоев Б. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Т.: O’zbekiston, 2016.
  3. Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот ан айн ал-ҳаёт. – Т.
  4. Хожа Муҳаммад Порсо. Фаслу-л-хитоб. – Т.: Ғулом Ҳасан Орифжонов нашриёти.
Масъудхон ИСМОИЛОВ,
ЎзР ФА ШИ катта илмий ходими, т.ф.н., доцент

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …