Home / МАҚОЛАЛАР /  УРУШ ДАВРИ БОЛАЛАРИ … (2-ҚИСМ)

 УРУШ ДАВРИ БОЛАЛАРИ … (2-ҚИСМ)

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан…

(1-қисм)Уруш давридаги болалик, аниқроғи, болаликни четлаб ўтиб, бирданига “катта” бўлиб, улар каби меҳнат қилишга, фикрлашга мажбур бўлганлар хотирасида мангу из қолдирган бўронли йилларни айтамиз. Ўша давр болалари аллақачон бобо бўлиб, бирин-кетин ўтиб боришяпти…

Айни болалик палласи икки жаҳон уруши даврига тўғри келган 1937 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган журналист ва публицист Анвар ака ТОЖИЕВ билан машъум тарихий воқеалар ҳақида дилдан суҳбатлашдик.

– Оиламиздан отам ва унинг икки укаси бирин-кетин қариндош-уруғларнинг фарёдли кўз ёши билан фронтга жўнаб кетишди. Катта амаким ҳам фронт орти ишларига жалб қилинди.

Раҳматли отам Москва остоналарида, бир амаким Сталинградда ҳалок бўлган.

Кечагидек ёдимда, 1943 йилнинг изғиринли қишида эндигина 18 га тўлган кичик амаким қўлтиқ таёқ билан уйга қайтди.

Машъум уруш туфайли, хонадонимиздан икки киши ҳалок бўлиб, бири умрбод ногиронлик тамғасини бўйнига илиб қайтди.

Маҳалладан ҳар куни бир-икки киши (18 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар) урушга кетарди. Чақириқ қоғозини олиб келган одамни ҳамма “шумқадам” деб қарғаб, ҳайдашавергани сабаб уни ҳам ҳарбийлар тарқатадиган бўлишди.

1941 йилнинг кузидан бошлаб “қора хат” деган ибора жуда кўп такрорланадиган бўлиб қолган. “Қора хат”ларда жангчининг фронтда “Ватан озодлиги учун қаҳрамонларча ҳалок бўлгани” ёки “бедарак кетгани” ҳақидаги маълумот келарди. Шундан бошлаб болалар отасизлик нима эканини сеза бошладилар. Етимлар сони кун сайин кўпайиб борарди. Айниқса, отаси урушга кетган ёки ҳалок бўлганидан кейин туғилган болаларга оғир эди. Ота боласини, бола эса отасини лоақал узоқдан бўлса ҳам кўрмаган бўлишарди. Ёш келинчаклар чақалоқни чойшабга ўраб, дарахт соясига, арқон беланчакка солиб, ўзлари кетмон билан ғўза чопиқ қилишарди.

Мактаблар камайиб кетган, болалар боғчалари кўп жойларда ҳарбий госпиталларга айлантирилди. Кўп ўқитувчилар урушга жалб қилинган, мактабга қатнайдиган болалар сони анча камайиб кетган эди.

 Очлик ўз таъсирини аввало, болаларга кўрсатарди. Оналар топган бир бурда нони ҳам ўзлари емай, болаларига тутқазишарди. “Онанинг кўнгли болада” деб шуни айтсалар керак. Бир сафар ўқишга оч-наҳор кетганимда, онам бир бўлак нон топиб, кетимдан (2 километр узоқликдаги) мактабга олиб бориб, менга едиргани эсимда!

Онасини елкада ҳаж сафарига олиб борган одам ҳам унинг шунақа вақтда бир кунлик қилган ҳиммати, саъй-ҳаракатларининг бир қисмидан ҳам қутула олмаса керак!

Уруш вақтида болалар очлик хавфидан сақланиб қолишига сабаб бўлган Аллоҳ таолонинг инъомлари – туршак, шафтоли қоқи, ёнғоқ, қовоқ, қанд лавлаги, арпа, жўхори каби нарсалар бўлган. Зоғора нонларнинг таъми эса ҳамон эсимда. Шафтоли қоқиси шунчалик ширин бўладими?

Ёнғоқлар бизга валюта ўрнига хизмат қиларди. 5-10 дона ёнғоқни бир дафтарга алмаштириб ўқиганмиз.

Бозорда буғдой нони ҳам бўлган, уни фақат ўзига тўқ оилаларгина беркитиб, тановул қилишган.

Мактабда, сўнгги дарснинг охирида болаларга кичкина бўлак нон устига бир чой қошиқ шакар ёки павидло суриб беришарди. Кўпчилик болаларнинг бир кеча-кундузда ейдигани шу эди.

Баъзи болалар шу ноннинг ҳам ярмини еб, қолган ярмини уйига олиб кетарди! Уруш даври болаларига хос чизгилар – бу!

Бундай чизгиларни кўплаб санаш мумкин. Бирортасида велосипед, футбол тўпи ёки папка бўлмаган. Аммо, улар онаси, бобоси ёки бувисига бирор нарсани талаб қилиб, тихирлик қилишмас, аксинча укаларини ҳимоя қилишарди.

Урушдан ногирон бўлиб қайтган 18 ёшли амакимнинг аҳволи қийин кечди. Чунки ой охирида оладиган нафақаси бир кунлик таомига етарди, холос. Дори-дармон етишмас, амаким оғир иш қилолмас, енгил ишни ҳеч ким таклиф қилмасди. Ноилож, амаким қўлтиқ таёқни дўқиллатиб райкомга борди. Котиб амакимни бозорнинг ун растасига тарозибон қилиб қўйди. Бу жуда масъул вазифа эканини биз кейин билганмиз. Чунки тарозибон маош ёки тарози пули учун эмас, унни тортиш вақтида тўкилиб қоладиган кукунлари учун ишлар экан! Кун давомида тарози атрофига бир косагача ун тўпланиши мумкин эди. Бу эса, бир оиланинг бир кунлик эҳтиёжи учун етарли озуқа бўларди. Бу юмуш оиламиз аҳволини бирозгина енгиллатгандай бўлди.

Яна бир ҳолат. Уруш йиллари шафқатсизлик ҳоллари кам учрарди. Болалар бирор сабаб билан ўзаро ёқалашиб қолишса, иложи борича кийим-бошларига зарар етказмасликка ҳаракат қиларди. Чунки, боланинг устидаги кийими ҳатто ўзиники бўлмаслиги мумкин эди! Радио, газеталар деярли йўқ, ҳамма эртак, қаҳрамон аждодларимиз ҳақида қиссалар эшитишга ошиқарди.

Уруш ва ундан кейинги йилларда “фронтчи оиласи” деган ибора кенг тарқалган. Бу – шафқатга, меҳрга, моддий ёрдамга муҳтож оила дегани эди.

1945 йили тугаган бўлса ҳам унинг асорати яна узоқ йиллар давом этди. Озиқ-овқат етишмовчилиги, кийим-бош тақчиллиги, тиббий хизматнинг сустлиги, уй-жойларнинг харобага айланиши оддий ҳол эди. Уруш охирида қўлтиқтаёққа суянган, қўлсиз ёки оёқсиз ногиронларнинг аксарияти ҳарбий гимнастеркадаги ёш йигитлар бўлиб, улар тиламчилик қилишарди. Кўкракларида ҳарбий жасоратларининг белгиси – орден ва медаллар, давлат ҳатто шуларни ҳам боқолмасди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги оч, юпунлик, даволаниш имконияти етарли бўлмаганлиги туфайли эрта ўлиб кетишди. Бу ҳам қирғинли урушнинг асорати эди!

Аёллар-чи?

Шундай оғир кўргуликлар уларнинг тақдирида бор экан!

Ёш келинчаклар (баъзилари куёв билан бир неча кунгина бирга яшашган, холос) қайноналари ёнида, болаларини бағрига босиб, тиним билмай ишлашган, эрлари (ногирон бўлса ҳам) омон қайтишини умидворлик билан кутишган. “Қора хат”ларга ишонишмаган.

Умидни узмасликда катта сир бор экан…

Уруш тугаб, омон қолган аскарлар уйларига қайтганларидан кейин аёллар фожеаси бошланган. Умид билан эрларини кутган аёллар (бева қолган келинлар, келинчаклар)нинг кўплари асаб касалига дучор бўлиб, ёш ҳолича оламдан ўтишди. Энди ҳам онасиз қолган уруш етимларини боболари ва бувилари ўз бағриларига олишди. Кўп ўтмай, бу қариялар кучдан қолгач, урушда ҳалок бўлган фарзандлари ўрнига невараларига таяниб қолишди. Минг бор шукрлар бўлсинки, уларнинг тарбиясини олган уруш даври болалари меҳнаткаш, ҳалол бўлиб вояга етди, олий даргоҳларда таълим олди, мамлакатимиз мустақиллиги йўлида астойдил ҳаракат қилдилар ҳам.  

Шунинг учун бўлса керак, хотира майдонида мотамсаро аёл тасвирланган. Вилоятлар, туманлардаги ёдгорликларда ҳам болаларини етаклаб, эрини кутаётган аёл сиймосини кўрамиз. Улар ҳам эрлари каби қаҳрамондирлар.

Уруш тугади. Юзлаб, минглаб, юз минглаб эрлар, ҳали уйланмаган бўйдоқ йигитлар қайтишмади.

Кўплари ҳатто тракторни ҳам кўрмаган содда меҳнаткаш эркаклар эди. Тақдир, аниқроғи, Сталин, Гитлер ва бошқа сиёсатчилар уларни энг замонавий танклар, самолётлар, замбаракларга қарши ташлади. Шукрлар бўлсинки, буюк ғалабада, Москва, Ленинград, Сталинград мудофаасида, Курск, Днепрни кечиб ўтиш, Берлинни олиш жангларида, рейхстаг устига ғалаба байроғини илишда ўзбек йигитлари беқиёс жасорат намуналарини кўрсата олди.

Халқимиз жасур фарзандларининг мардлигини доим ёдда сақлайди, уларнинг хотирлаб, ҳақларига Қуръон тиловат қилади.

2018 йил 9 майда айтилган маълумотларга кўра, иккинчи жаҳон урушида 420 минг киши ҳалок бўлган, 152 минг киши бедарак кетган, 640 минг киши жароҳат олган. 120 минг киши орден-медалга, 82 нафар киши 3-даражали “Шуҳрат” ордени, 280 нафар киши қаҳрамон, деб тақдирланган.

 Ўзбекистондан ФРОНТ учун тайёрланиб жўнатилган нарсалар:

2300 та ЛИ самолёти, 17.342 та авиамотор, 17.100 та миномёт, 22 млн. дона мина, 560 минг снаряд, 1 млн. граната, 2.130 минг авиабомба, 2.96 млн. жуфт этик, 7.5 млн. гимнастерка, 3 млн. радиоаппарат ва бошқа фронт учун зарурликлар. Бундай беқиёс ишни фронт ортида бўлган ота-боболаримиз бажаришди.

Уруш даври менинг тенгдошларим, маҳаллам (Тошкент шаҳри Жомеъ маҳалласи, олдинги номи Кўмирхона)нинг болалари: Ҳожиакбар, Рустам, Саидакбар, Карим, Тўлаган, Туйғун, Исмат, Икром, Эркин, Саидғани, Зоҳид, Ғофур, Зайниддин, Юсуф, Ғани, Бахтиёр, Мўмин, Ҳожимурод, Тўлқин, Ўлмас, Зокир, Маҳбуба, Дилбар, Масъуда, Нафиса, Мавжуда, Нурия, Шарифа, Муаттар, Мамлакат, Матлуба, Марҳамат, Ҳалима….

Уларнинг ёши (1945 йилгача туғилган бўлса) аллақачон 70 ёшдан ошган, жамиятимизнинг кўрки, хонадон чироғи, оила қуёшига айланишган. Юртдан, элдан, фарзандларидан рози бу отахон ва онахонларимиз бугунги ва келажак авлодлар учун намунадир. Ҳаёт синоатлари уларни сабрга, шукрга, қаноатга, шижоатга, жасоратга ўргатди.

Уруш бўлмасин! Мен уруш даври болаларининг ҳаёт йўли авлодларимиз учун ҳам намуна, ҳам сабоқдир, дея баралла айтаман! (давоми бор)

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ
тайёрлади.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …