Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мовароуннаҳр нафақат ислом дини, балки барча соҳалар тараққиётида цвилизациялар чорраҳаси бўлган

Мовароуннаҳр нафақат ислом дини, балки барча соҳалар тараққиётида цвилизациялар чорраҳаси бўлган

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ҳозирга қадар дунёнинг ўттизга яқин етакчи ислом тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Ушбу илмий муассасалар Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Россия ва Малайзиядаги етакчи илмий марказлардир.

Марказ вакиллари ўтган давр мобайнида мазкур илмий муассасалар томонидан ташкил этилган халқаро конференция ва семинарларда иштирок этиб, илмий-тадқиқотчиларнинг ўзаро тажриба алмашинуви бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Жорий йилда Covid-19 инфекцияси хавфи туфайли эълон қилинган карантин сабаб Марказ халқаро келишувларни онлайн тарзда амалга оширмоқда.

Хусусан, синовли кунларда хорижий турдош марказлар ва нуфузли университетлар билан ҳамкорликда алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросига доир 15 га яқин конференция ва онлайн семинарлар ташкил этилди.

Ана шундай семинарларнинг навбатдагиси 20 август куни Малайзия халқаро ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилиб, “Мовароуннаҳр диёри уламоларининг ислом ва инсоният цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусига бағишланди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг профессор ўқитувчилари ва ёш олимлари иштирок этди.

Онлайн мулоқот давомида малайзиялик исломшунос олим, Малайзия халқаро ислом университети профессори, доктор Муҳаммад Саиднинг Мовароуннаҳр диёрига ислом динининг кириб келиши, Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, ислом ва инсон қадр топган ва юксалган диёр, Ўзбекистон – буюк уламолар юрти мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Олим ўз маърузасида Мовароуннаҳр ўз даврида нафақат ислом дини, балки барча соҳалар тараққиётида цвилизациялар чорраҳаси бўлганини алоҳида таъкидлади.

Семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Марказ бугунга қадар Малайзиянинг Исломий фанлар университети (USIM), Исломни англаш институти (IKIM) ўртасида қўшма конференциялар, семинарлар, аллома ва мутафиккирлар илмий-маънавий меросини ўрганиш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …