Home / МАҚОЛАЛАР / Масжид ва ибодат одоблари

Масжид ва ибодат одоблари

Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унинг деворлари ва устунлари, Аллоҳ номи билан қурилган. Унда ибодат қилинади, Аллоҳ улуғланади, мақталади, Унга руку ва саждалар қилинади. Бу борада, Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”( Жин сураси, 18 оят).

Аллоҳ таоло масжидларни қуришга, обод қилишга ва уни асраб- авайлашга чақиради: “(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир” (Нур сураси, 36 оят).Дарҳақиқат, масжидларни пок тутиш, тозалаш ва хушбўйлантириш борасида бир қанча шаръий кўрсатмалар мавжуд.

Масжидлар қанчалик шарафли жой эканидан келиб чиқиб, шариатимизда намозхонлар учун одоблар, суннатлар ва аҳкомлардан иборат кўрсатмалар бор. Уларнинг ҳурматини сақлаш, ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва намознинг шаънини улуғлаш учун мана шу кўрсатмаларга эътибор бериб юриш гўзал амалдир. Қуйида мазкур кўрсатмаларни зикр қилиб ўтамиз:

1)  Зийнатланмоқ –  Масжидга боришни қасд қилган киши, намоз учун имкони борича безаниши лозим яъни, тоза кийим кийиши, хушбўйланиши ва мисвок тутиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31оят), дейди.

Масжидга тоза, хушбўй ифор билан кирган киши иззат-икромда бўлади. Шундай экан, намозхон кийим-кечагида ва емак-ичмагида ёқимсиз ҳидлардан узоқ бўлиши, бадани ёки кийимидан келадиган ҳар қандай ёмон ҳидлар билан намозхонларга озор бермаслиги зарур. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ ва (кўк пиёз каби) ўсимликлардан истеъмол қилган бўлса, бас, масжидимизга яқинлашмасин! Чунки фаришталар одам фарзанди озор чекадиган нарсалардан озорланади”-дедилар (Имом Муслим ривояти).

2) Оҳиста юрмоқ –  Намозга келаётган мусулмон шошмасдан сокинлик ва виқор билан юриши керак, ҳатто намозга иқомат такбири айтилса ҳам шошмаслиги даркор, балки қадамини қисқа қилиб майдалаштириши лозим. Чунки китобларда, масжид сари кўп қадам босган киши учун буюк ажр-савоблар борлиги зикр қилинади. Набий алайҳиссалом: “Намозга иқомат такбири айтилса (ҳам) ўзингизга сакинатни лозим тутган ҳолда юрингиз! Бас, улгурганингизча (имомга эргашиб) намоз ўқинг, (улгурмай) ўтказиб юборганингизни қазосини ўқинг!”, деганлар.

Масжидга кираётганда айримларнинг шошилиши ва намоз ўқиётганларни безовта қилиши, айниқса имом руку қилган пайтда (тезлашиш) хато саналади, айрим ҳолларда баъзилар овозини кўтариб юборади ва намозхонларни чалғитади.

Яна бир гап, масжидга кирган киши имомни ўтирган ёки сажда ҳолатда топса, намозга қўшилмасдан имомни тик туришини кутиб турмасдан, балки имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, яъни қиёмдами, рукудами, саждадами ёки жалсадами, фарқи йўқ, қулоқ қоқиб намозга қўшилиб имомга эргашмоғи лозим. Имом Термизий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингиз намозга келса, имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, у қилганидек қилсин! (яъни, рукуъда бўлса рукуъ қилсин, саждада бўлса сажда қилсин ва ҳоказо)”. Яна Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомни сажда қилган ҳолатида топсангиз, сажда қилинг, ёки рукуъ қилган ҳолатда топсангиз, рукуъ қилинг, ёки қоим (тик турган) ҳолатда топсангиз, қоим бўлинг! Агар рукуъга улгурмасангиз саждани (бир ракъат) ҳисобламанг!”- деганлар. Шу ҳадисга биноан айтиладики, ким масжидга кирса ва имом намозни тугатай деб турган бўлса ҳам намозга қўшилиш афзалдир. Орқада кечикиб келганлар билан алоҳида жамоат бўлиб ўқиш ниятида кутиб туриш яхши эмас. Чунки катта фазилат у учун азон айтилган биринчи жамоатдир.

3)  Намозга азон ва такбир айтмоқ – Намозга такбир айтиш мустаҳаб амалдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар инсонлар нидода нима борлигини (яъни, азоннинг ажрини) ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, (кучли эътибор билан) қатнашган бўлар эдилар. Яна “таҳжийр”да, (яъни, такбирда) нима борлигини билганларида, (уни айтишда) мусобақалашиб юборган бўлар эдилар ҳамда “ъатама”да (яъни, хуфтон намозида) ва “субҳ”да нима(яъни, бомдод намозида қандай буюк ажрлар) борлигини билганларида эди, бу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам келган бўлардилар” (Муттафақун алайҳ).

4)  Масжидга ўнг қадам билан кириб, чап қадам билан чиқмоқлик – Масжидга кираётган киши ўнг оёғи билан кириб: “Аъузу биллаҳил азийми ва биважҳиҳил карийми ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм” (маъноси: Буюк Аллоҳдан карим юзи ва қадим салтанати ила тошбўрон қилиб қувилган шайтондан паноҳ сўрайман), дейди ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик”(Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини оч!), дейди. Масжиддан чиқаётганда чап оёғи билан чиқади ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳумма иъсимний минаш шайтон”(Аллоҳим! Мени шайтондан асра!) ёки “Аллоҳумма ажирни минаш шайтонир рожим. Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба фазлик!”(Аллоҳим! Мени тошбўрон қилиб қувилган шайтондан йироқ қил. Аллоҳим! Менга фазлинг эшикларини оч!), дейди.

6)  Масжидда барча баробар бўлмоқлик- Масжидда барча намозхонлар баробардирлар, ким аввалги сафни олдинроқ келиб эгалласа, у бунга ҳақлидир. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўтириш учун ўтирган кишини жойидан ҳаргиз тургизмасин!”. (Имом Муслим ривояти). Ҳеч бир кишига масжиддан бирор нарсани ўзлаштириш мумкин эмас, яъни, бир жойни ўзи учун белгилаб, келишидан олдин гилам солиб ёки ҳасса ёки стол қўйиб ёки шунга ўхшаш ишлар қилиб ёки вакил жўнатиб қўйиши мумкин эмас. Шунинг учун нимаики қўйилган бўлса, олиб ташлаб, ўрнида намоз ўқилаверади. Ким масжидга аввалроқ кириб бир жойни эгалласа, сўнг таҳорат янгилаш мақсадида жойини тарк қилса, ўша жойни эгалик ҳуқуқи ўзида қолади, ўрнига биров ўтириб олган бўлса, уни тургизиб юборишга ҳақлидир.

7)  Йўлакларни тўсиб қўймаслик – Имкон даражасида намозхон масжид эшиклари ва кириш йўлларида намоз ўқимаслиги керак, чунки намозхонларни киришига халақит бериб, киришга тўсқинлик қилиши мумкин, (намоздан сўнг чиқишда ҳам шундай), балки олдинги сафга интилиш керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Аввал) олдинги сафни тўлдиринг сўнг кейингисини, агар қисилиб (сиғмай) қолса, орқа сафга ўтсин!”. (Абу Довуд ва Насаий ривояти).

8)  Намоз ўқувчи олдидан одам ўтиши хавфи бўлса, сутра қўймоқлик – Имом [1] ёки ёлғиз киши олдига сутра [2] қўйиб намоз ўқиши мустаҳабдир, гарчи уларнинг рўпараларидан кишилар ўтиб қолиш хавфи бўлмаса ҳам сутрага яқинроқ туришлари керак [3]. Агар бирор киши намоз ўқиётган кишининг олди тарафидан ўтишга уринса, намозхон қўли билан тўсиб уни қайтаради, агар шунда ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтаришга буюрилган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирингиз намозда бўлса, бас, (шу пайт) бир инсон олдингиздан ўтишни ирода қилса, кучингиз етганча уни қайтаринг! (Насаий ривояти).

Шунинг учун намоз ўқиётган киши рўпарасини кесиб ўтиш жоиз эмасдир, гарчи бошқа имконият ва бошқа ўтишга йўл топа олмаса ҳам, фақат зарурат юзасидан ёки имкони йўқ даражадаги катта машаққат бўлсагина рухсат берилади. Абу Жуҳайм Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоз ўқиб турган кишини олдидан ўтувчи киши, (бу иши учун) унга қандай нарса (яъни, қанчалик гуноҳ) борлигини билганида эди, унинг олдидан ўтмасдан қирқ (кун ёки ҳафта ёки ой) бўлса ҳам кутган бўлар эди” (Бухорий ривояти).  Ҳадисдаги қирқдан қайси маъно мақсад қилинганини Аллоҳ билади. Бу ҳадисда намозхон олдидан ўтишни арзимас санаш хатарли эканига далил бордир.

9)  Намозхонларга озор бермаслик – Масжидни қасд қилган киши одамларнинг зич бўлиб турган сафларини оралаб ўтиб, уларга озор бермаслиги лозимдир. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир киши одамлар сафларини оралаб ўтиб кела бошлади, шунда Набий алайҳиссалом унга: “Ўтир! Бас, озор бердингку!”, дедилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар, шунда ҳаммага эшиттириб Қуръон тиловат қилаётган қориларни овозини эшитиб қолдилар ва пардани очиб: “Огоҳ бўлинг! Албатта, барчангиз ҳам Раббингизга муножот қилгувчисиз, бас, айримларингиз айримларга озор бермасин ва қироатда баъзиларингиз баъзилардан овозини баланд кўтармасин!” ёки “намозда”, дедилар (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Шунингдек, масжидда ёмон сўзлар гапириш ва шовқин-сурон қилишдан сақланиш лозим. Саид ибн Мусайяб: “Ким масжидда ўтирса, бас, албатта, Раббиси билан ўтирибди. Унинг яхши гапдан ўзгасини айтмоққа ҳаққи йўқдир”- деган эканлар.

10)  Сафни тўлдирмоқ – Олдинги саф тўлмай туриб, янги саф тортилмайди, балки, аввалги сафни тўлдириш суннатдир. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фаришталар Раббилари ҳузурида саф тортганларидек саф тортмайсизларми?!” Биз: Ё Расулуллоҳ! Фаришталар Рабби ҳузурида қандай саф тортишади? – дедик, Расулуллоҳ: “Аввалги сафларни тўлдирадилар ва сафда жипслашадилар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Намозхон масжидга кирганда, саф тўлиб бўлган бўлса, сафдагилардан бирини ўзи билан саф тортиши учун тортқиламайди. Чунки Набий алайҳиссалом Ибн Умар ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Ким сафга уланса, Аллоҳ у билан уланади. Ким сафдан узилиб қолса, Аллоҳ ундан узилади” (Имом Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган ва Имом Муслим шартига кўра саҳиҳ дейишган). Бундай ҳолатда, тўлган саф орасидан жой излаш энг яхши ишдир, айниқса, сафнинг икки чет тарафидан излаш яхши (чунки ўртаси зич бўлади) ва топилган оралиққа кириб олаверади. Лекин янги сафда ёлғиз намоз ўқимагани яхши. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: “Сафнинг ортидаги ёлғиз киши учун намози мукаммал бўлмайди”, деганлар. Аммо олдинги сафдан очиқ жой топа олмасангиз, кейинги сафда бир ўзи тураверади, намози дуруст бўлади. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди: “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз!” (Тағобун сураси, 16 ояти).

Набий алайҳиссалом сафда турган нмозхонлар орасига шайтон кирмаслиги учун оралиқ масофани тўсишга, яъни, зичлашишга буюрар эдилар. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сафни тўғри олинг, елкаларни баробар қилинг, бўш жойларни тўлдиринг ва шайтонга бўшлиқ қолдирманг!”. (Имом Абу Довуд ривояти).  Бошқа  ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (саф орасидаги) битта бўшлиқни тўлдирса, Аллоҳ уни даражасини кўтаради ва жаннатда у учун бир уй бино қилади”- деб марҳамат қилганлар. Хулоса шуки, сафларни барпо қилишда имом ҳам ва унга эргашганлар ҳам бир-бирларига ёрдам беришлари лозимдир.

11) Масжидда жимлик сақламоқ- Масжидда шивирлашиш, тартибсизлик (шу жумладан шовқин қилиш ҳам) қилишдан қайтарилган. Ҳозирги кунда, айрим намозхонлар масжидга киришдан олдин, телефонларини товушсиз ёки умуман ўчириб қўймасликлари натижасида, намозхонларнинг ибодатларига халақит беришмоқда. Намозхонларга озор берадиган ўткир оҳанглар ва мусиқий товушлар намоздаги хушуъ ва хузуни бузмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, мусулмонга ибодат қилаётган пайтда озор бериш янада оғирроқ гуноҳ ҳисобланади. Раббисидан қўрқадиган ва масжидларни улуғлайдиган ҳар бир мусулмон масжидга киришдан олдин, телефонини ўчириб қўймоғи лозимдир.

Хулоса қилиб айтганда, масжид одобларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир намозхоннинг вазифасидир. Зеро, масжидда намоз ўқиш, зикр ва ибодат қилишга ташна бўлиш ҳам масжидни обод қилиш эканини, унутмаслик лозим.

[1] Имом деб айтилишини сабаби, жамоат бўлиб намоз ўқилганда имомнинг олдидаги сутра орқадаги барча эргашганлар учун кифоя қилади.

[2] Сутра – намозхон ва унинг рўпарасидан ўтадиган кишиларни орасида тўсиқ қилиб қўйиладиган нарса, шариатимизда унинг бўйи 30-40 см бўлиши шарт қилинган, ёчочдан ясаладиган нарсадир.

[3]Сутра билан намозхоннинг ораси 1 метрдан ошмаслиги керак.

Манба: islaminstitut.uz
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
«Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув раиси
Жалолиддин Ҳамроқулов

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …