Home / МАҚОЛАЛАР / Алломаларимизга муносиб ворис бўлайлик

Алломаларимизга муносиб ворис бўлайлик

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ, юртимизда миллий қадриятларимизга, қадимий маданий обидаларимизни таъмирлашга, буюк алломаларимизнинг номларини қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Бу юртда буюк муҳаддислар, фақиҳлар, мутакаллимлар ўзларининг улкан мерослари билан ўчмас из қолдирган. Алломаларимиз билан нафақат фахрланишимиз, балки уларнинг бой маънавий меросини, уларнинг нодир асарларини чуқур тадқиқ этиш бугунги кунда биз ёшларнинг  бурчимиздир.

Ўзбекистон буюк алломалар юрти деганимизда дунёни ўз илми билан ларзага солган ҳадис илмининг султони, Имом Бухорий, калом илмининг етук алломаси Имом Мотуридий, “дин ва миллатнинг ҳужжати” деган ном билан ижод қилган ислом ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа кўплаб олимларни мисол қелтириш мумкин.

Алломаларимизнинг буюк мерослари бугунги кунда ёшларимиз тарбиясида жуда муҳим манбалардан бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, Ислом оламидаги энг мўътабар уламоларимиздан бири, ҳадис илми бўйича “мўминларнинг амири”, лақабини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” – “Одоблар хазинаси” деб номланган машҳур асари инсоннинг маънавий камолотида жуда муҳим манбалардан ҳисобланади. Асарда ота-онага яхшилик қилиш, фарзанд тарбияси, яқинларга силаи раҳмда бўлиш, қариндошлик алоқаларини узмаслик, қўшнига озор бермаслик, гўзал хулқли бўлиш каби мавзулар ҳадислар билан кенг ёритиб берилган.

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда илм аҳлини шундай таърифлайди: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларигина қўрқарлар”[1] деган. Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, Унинг қудрати ва ҳикматларини қанча кўп билсак шунча кўп Аллоҳдан қўрқамиз. Динимиз доимо бизни илм олишга тарғиб қилади. Динимиз илмга чуқур аҳамият берганидан илм олишликни ҳам бизларга фарз қилди. Чунки Аллоҳни таниш ҳам илм билан бўлади. Доимо инсон илм олиб унга амал қилишлиги, ҳаётимиз мобайнида турли вазиятларда дуч келадиган муаммоларда инсон тўғри қарор қабул қилади. Яна Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  “Зумар” сураси 9-оятида эса: “Айтинг:Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?![2] деган. Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида жазо ва мукофотда тенг бўлмайдилар. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса инсон илм олиши Аллоҳни таниши нақадар фазл эканини кўрсатади.

Олим – илмни яхши билувчи шахс. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

Абу Дардо (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир”, дедилар.

Уламолар оддий кишилар эмас, Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шундай экан, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим. Инсон ёшлигидан илмга қизиқиб, илм олиш йўлида турли қийинчиликларга сабр қилса, ундай инсонлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, натижасида илм фан ривожланиб, уламоларимизнинг давомчилари сифатида етук олимлар шаклланиб боради.

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳ шўъбаси раҳбари

 

[1] Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. -Т: ТИУ,  2004.  Б- 437. оят :28

[2] Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. -Т: ТИУ,  2004.  Б- 459. оят  9

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …