Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ МАШҲУР УСТОЗИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ МАШҲУР УСТОЗИ

Мовароуннаҳр муҳаддисларининг энг дастлабкиларидан бири Имом Байкандий ҳисобланади. Унинг исми Муҳаммад ибн Салом ибн Фараж Бухорий, Абу Абдуллоҳ Байкандийдир. У ҳижрий 162, милодий 769 йили Бухоронинг Байканд (Пойканд) шаҳрида таваллуд топган.

Байкандий умрининг дастлабки йилларида тижорат билан шуғулланган. Сўнг ҳадис илмини ўрганишга рағбат қилади. Илм талаби йўлида Ислом ўлкаларига сафар қилади. У сафарини Бухорога қўшни Хоразмдан бошлайди. У ерда Абдулкарим ибн Асвад Басрий ва Муғийра ибн Мусодан илм ўрганади.

Дарё орти мамлакатларида барча илмларни эгаллаганидан сўнг у Ислом оламининг маркази – Бағдодга йўл олади. У ерда Абу Аҳвас Салом ибн Салим, Абу Исҳоқ Фазорий, Суфён ибн Уяйна ва бошқа уламолар суҳбатида бўлади.

Муҳаммад ибн Салом Ҳижоздан Мисрга сафар қилиб, у ерда Али ибн Жаъд, Ҳасан ибн Сувари ва бошқалардан илм ўрганган.

Таъкидлаш жоизки, Ибн Салом илм олишга жуда ҳарис бўлган. Унинг ҳаёти давомида қизиқарли воқеалар ҳам содир бўлиб турган. Жумладан,  Имом Заҳабий “Тарихул Ислом” китобида ёзишича, Муҳаммад ибн Салом илм мажлисларининг бирида қаламини синдириб қўяди ва бир динордан қалам сотиб олишини айтиб, жар солдиради. Шунда унга қаламлар учиб келади.

У ўзи ҳақида бундай дейди: “Илм олиш йўлида қирқ минг ва уни тарқатиш учун яна қирқ минг динор сарфладим” (Ибн Сафадий. “Ал-вофий бил вафиёт”, 3/96).

Ибн Салом илм олишга муҳаббат билан кириб келди ва унга бу йўлда мол-дунёнинг қизиғи бўлмади. У бундай дейди: “Қирқ йил мобайнида Байканднинг бозорида ўтирмадим”. Шу билан бирга, у Заҳабий айтганидек, молк-мулк эгаси бўлган камтар инсон эди (“Сиярул аълом ан-нубало”,10/629).

Хулоса қилишимиз мумкинки, Муҳаммад ибн Салом Ислом оламининг улуғ масканларида бўлди ва замонасининг кўплаб машойихларидан дарс олди. Ҳатто, Заҳабий айтганидек, унинг устозларининг сони 400 нафаргача етади. У дарё орти мамлакатларидан тортиб Мисргача бўлган узоқ давом этган дунё бўйлаб сафарида кўплаб ҳадислар тўплашга муваффақ бўлди.

Муҳаммад ибн Салом Байкандий Ислом оламида ишончли муҳаддис сифатида шуҳрат қозонди. Унинг ҳузурига илм толиблари кўп келишди ва олимнинг илмидан сипқориб, хулқидан ибрат олишди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Муҳаммад Ибн Салом Байкандий илмнинг барча турлари бўйича китоблар ёзган.

Имом Байкандий ҳижрий 225, милодий 839 йилнинг декабрь ойида якшанба куни Мисрда вафот этди. Аллоҳ раҳмат қилсин.

 Ҳасан РАСУЛОВ,
Чилонзор туманидаги “Муҳсинхон тўра эшон”
жоме масжиди имом ноиби
Манба: vakillik.uz

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …