Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ЮСУФ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ

АБУ ЮСУФ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ

Юртимизнинг тарихий тараққиёти асрлар давомида миллий урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этиб келаётган ислом дини, унинг аҳкомлари, шариат, фиқҳ масалалари каби яна бир қанча ижтимоий жараёнлар билан узвий боғлиқдир. Мақолада ислом оламида Абу Юсуф номи билан машҳур бўлган Ёқуб Абу Юсуф Ибн Иброҳим Куфий ижтимоий-фалсафий қарашларининг юртимиз халқлари ҳаётига кўрсатган таъсири ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. У ҳанафия мактабининг илк йирик вакилларидан бири бўлганига қарамай, унинг фалсафий қарашлари мамлакатимизда ҳозиргача махсус ўрганилмаган. Шу сабабдан Абу Юсуф илмий меросини чуқурроқ ўрганиш масаласи фалсафа, миллий ҳуқуқшунослик ва тарихимизни ўрганиш борасидаги долзарб муаммолар қаторида туради. Хусусан, унинг «Китоб ал-харож» (“Солиқ китоби”) асарида араб халифалиги солиқ тизими таркиб топиши ва шаклланиши билан боғлиқ қимматли тарихий маълумотлар келтирилади.

Абу Юсуф «Китоб ал-харож” асарида солиқ ундириш усуллари, солиқ турлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган. Мусулмон солиқ системаси ислом қонунчилигида солиқ ундириш турли ўлчамларини кўрсатиб ўтган. Албатта, уламолар мусулмон солиқ системасини шариатга асосланиб ишлаб чиққан бўлсада, аммо уларнинг барчаси тарихий тажрибадан келиб чиқади. Чунки, ислом давлати ташкил этилишидан олдин ҳам арабистон ярим оролида кичик бўлсада, баъзи давлатчалар мавжуд бўлган бўлиб, уларда ҳам ўзига хос солиқ тизими бор бўлган. Кейинчалик ислом давлати ташкил топгач, уларни такомиллаштириб ислом ҳуқуқи асосида солиқ тизими яратилди [1: 134]. Аммо, шариатнинг ҳуқуқий асоси тарихий ва географик жойлашувига қараб ўрнатилиши қонунчиликда бир қатор қарама-қаршиликларни келтириб чиқарди.

Ислом ҳуқуқшунослигида солиқнинг 5 тури мавжуд: Хумс, Закот (садоқат), Хирож, Ушр, Жизя.

Бу солиқ турлари ўзининг белгиланган нормаларига асосланиб ундирилган. Булар ҳақида манбадан фойдаланган ҳолда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Хумс (арабча – бешдан бир) – ислом анъанасида мусулмон қўшинлари қўлга киритган ўлжаларнинг бешдан бир қисми. Уни аввал Муҳаммад (с.а.в.) ихтиёрига, кейинчалик халифалар хазинасига ажратилган, қолган қисмини ҳарбий бошлиқлар ўзлари ва лашкарларга тақсимлаганлар. 

Закот исломнинг вужудга келиши билан қонун тусига кирди. Чунки у фақатгина солиқ бўлибгина қолмай, исломнинг беш устуни бўлмиш иймон, намоз, рўза, ҳажлар билан бир қаторда эътироф этилган. Шу сабабдан мусулмонлар унга катта эътибор қаратдилар[1: 135].

Ислом ҳуқуқшунослигида солиқнинг яна бир тури Жизя, деб аталади. Жизя солиғи ажам халқларидан, яъни исломни қабул қилмаган, араб бўлмаганлардан ундирилган. Ислом дини вужудга келгач Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошчилигида уни ёйишга киришилди. Дастлаб араблар, сўнгра ўзга юртларда ҳам ислом тарқатилди. Мана шундай ҳолатда одамлар орасида адолатсизликка йўл қўймаслик ва исломни тезроқ кишилар орасига ёйиш учун Жизя солиғи жорий этилди. Бу шундай бўлганки, кимки исломни қабул қилса, у Жизядан озод этилган ва Жизя тўламаган, кимки исломни қабул қилмаса, унда у тўлаган[2]. Лекин тарихдан маълумки, арабларга нисбатан олиб борилган муомала билан ажамларга нисбатан олиб борилган муомала бир-бирига ўхшамайди. Яъни ажамлар билан бўлган жангда улар ё исломни қабул қилиш керак бўлган ёки Жизя тўлаши лозим бўлган. Араблар эса ё исломни қабул қилиши ё ўлиши керак бўлган.

Хирож ердан олинадиган солиқ ҳисобланади. VIII-IХ асрларда араблар томонидан қурол кучи билан босиб олинган ғанимлар ерларига солинган солиқ. Бу ерда аслида ўлжа сифатида қўлга олинган ва белгиланган солиқ тўлаш эвазига арабларга, яъни маҳаллий аҳолига берилган. Хирож натура ёки пул билан тўланган. Шуни айтиш керакки, хирожнинг асосий теорияси ҳижрий V асрга келиб қолипга солинган[2: 81].

Шундай қилиб, араб халифалигида мана шундай солиқ турлари мавжуд бўлган ва одамлардан ундирилган. Бу ундирилган солиқлар байт ул-мол деб аталувчи давлат хазинасига келиб тушган. Албатта, халифаликда энг кўп даромад келтирадиган солиқ хирож бўлган. Ундан кейин ушр турган[3: 283].  Чунки, бу солиқ ерга боғлиқ бўлган ва ернинг катталиги даромаднинг катталигини белгилаган. Кейинги ўринларда Жизя ва хумс турган. Бу турли солиқлардан ҳам катта фойда тушган. Ёқуб Абу Юсуф бу солиқ турларини алоҳида, ипидан игнасигача тушунтириб берган. Бу мамлакат иқтисодий ҳаётини изга солишга катта ёрдам берган. Абу Юсуф бу солиқ турларини келтириб ўтиш билан бир қаторда, аҳолининг иқтисодий ҳолатини ҳам ёритиб ўтиб кетган. Халифалик ҳудуди жуда кенг ва катта эканлиги, у ерда турли дин, турли миллат вакиллари истиқомат қилганлигини ҳисобга олганда, уни бошқариш халифаларга осон бўлмаганлигини тушуниш мумкин. Айниқса, мамлакат иқтисодий ҳаётини тартибга солган ҳолда давлатнинг қудратини ошириш ҳам ўта муҳим саналган. Мана шундай вазиятларда Абу Юсуфнинг ва у каби бошқа уламоларнинг ёзган асарлари катта ёрдам беради.

Араб халифалигида ер биринчи ўринда бўлган, ундан фойда олишнинг энг қулай йўли ижара ҳисобланган. Шуни унутмаслик керак, гарчи араблар бу ерларни босиб олгани билан улар уни ишлатишда анча тажрибасиз эдилар. Чунки, улар деҳқончилик билан камроқ шуғулланишган. Улар асосан саҳрода яшаганлар, сув чиқариш бироз мушкул бўлган. Шу сабабдан, улар кўпроқ чорвачилик ва савдогарлик билан шуғулланишган. 

Умуман олганда, ер билан бўлган муомала орқали араб халифалиги катта ютуқларга эришган. Араб халифалиги таркибида ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёти турли даражада бўлган кўплаб мамлакатлар ва халқлар бирлаштирилган эди. Натижада маданий бойликларнинг ўзаро таъсири, бир-бирини бойитиш учун яхши имкониятлар вужудга келди. Араб халифалигидаги иқтисодий юксалиш мамлакат маданиятининг юксак тараққий қилишини таъминлади.

Миродилло БОБОЕВ,
ФарДУ Тарих факультети талабаси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …