Home / МАҚОЛАЛАР / ФАН ЭТИКАСИ

ФАН ЭТИКАСИ

ФАН ЭТИКАСИ – илм-фан билан шуғулланишда олимнинг фаолиятини жамият томонидан тан олинган ахлоқий қадриятларга қай даражада мос эканлигини кўрсатувчи мезонлар ва унинг фаолиятидаги мазмуни ва аҳамияти жиҳатдан ахлоқий масалаларга, этикага алоқадор масалаларни акс эттирувчи тасаввурлар системаси. Бу фаннинг ўз олдига қўйган асосий мақсади илмий тадқиқотлар жараёнида, илмий билишда амал қилувчи ахлоқий нормаларни тушунтириш ва ўрганишдан ҳамда фанни илгари силжитиш жараёнида жамиятда рўй берадиган одоб-ахлоққа оид масалаларни таҳлил этишдан иборатдир.

Ф.Э. этика фанининг касб этикаси йўналишига оид фан бўлиб, бу фан фаннинг гуманистик мақсадга хизмат қилишини таъминлайди. Ф.Э.нинг мақсади: фаннинг манфаатпарастлик мақсадларига хизмат қилишининг олдини олиш; илмий тадқиқот ва экспериментларнинг шахсга, жамиятга, экологик муҳитга деструктив таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик; инсониятнинг, жамият ва табиатнинг келажагини таъминлашдан иборатдир. Физика, химия, замонавий технологиялар (нанотехнология, рақамли информацион технология, лазерли супертехнология ва бош.), медицина ва генетика физиология ва микробиология, саноат ва қишлоқ хўжалиги фанлари, психология ҳамда бошқа аниқ ва гуманитар фанларни ривожлантиришда Ф.Э.нинг роли каттадир. Ф.Э. билан шуғулланувчи мутахассислар олим ва унинг фаолияти ўртасидаги зиддиятни енгишда, олимнинг фаолиятини гуманистик мақсадларга йўналтиришда, уни манфаат-парастларнинг меркантил мақсадлари йўлида фойдаланишдан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди.

Рус олими А.Д.Сахаровнинг ёзишича ҳозирги замон фанлари ва техник-технологик тараққиётнинг ҳали фойдаланилмаган қудратли имкониятлари бор, бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда ер юзида ҳали муҳтож, ҳаёт тарзи ниҳоятда оғир, очлик, касаллик ва қашшоқликка маҳкум одамлар ҳам борлигини, улар ҳам ҳаётнинг ноз-неъматларидан бахра олишларига хақли эканликларини чуқур англаган ҳолда фаннинг бу имкониятларини уларнинг ҳам яхши яшашларига йўналтирилиши кераклигини унутмаслиги лозим.

Ф.Э. асосий вазифаларидан бири, фанни инсон ва инсоният учун, уларнинг истиқболи учун, ер юзида тинчлик ва барқарорликнинг сақланиши учун, табиат ва жамият ўртасидаги мувозанатнинг, гармоник муносабатнинг сақланиши учун хизмат қилдиришдан иборат. Ф.Э. яна бир муҳим вазифаси фанни тадқиқ этувчи олимнинг ахлоқий қиёфасини тарбиялашда, унда инсон ва инсоният тақдири учун жавобгар эканлигини англатувчи масъулият туйғусини тарбиялашдан иборатдир. Масъулиятли олим ўз тадқиқотларининг инсоният тинчлигига, саломатлигига, атроф-муҳитнинг экологик мувозанатига қарши қаратмайди. Мўмай даромад илинчида инсониятга қарши химиявий, биологик қуролларни ишлаб чиқарувчи олимларнинг фаолиятини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Бундай олимлар фан этикасини йиғиштириб қўйиб, беихтиёр равишда дунё устидан ҳукмронлик қилишни истовчи кучларнинг қўғирчоғига айланиб қолишган. Уларда на эътиқод, на инсоф, на диёнат, на виждон бўлмайди.

 Бахтиёр Тураев
фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори бош маслаҳатчиси
АДАБИЁТЛАР:
  1. Ганжин В.Т. Нравственность и наука. М., 1978;
  2. Фролов И.Т., Юдин Б.Г. Этика науки: проблемы и дискусси. М., 1986;
  3. Этико-правовые аспекты проекта «Геном человека»: Международные документы и аналитические материалы. М., 1998;
  4. Этика науки. М., 2007;
  5. Shrader-Frechette K. Ethics of Scientific Research. Lanham, MD, 1994.
  6. Сахаров А.Д. Ответственность ученых // Собрание сочинений., 8-том. М.: Наука, 2014.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …