Home / КИТОБЛАР / Асарлари

Асарлари

Имом Бухорийнинг илмий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олгани билан кишини ҳайратга солади.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий жуда ёш пайтларидан китоб ёзишни бошлаганлар.

Хатиб Бағдодий у кишининг ўзларидан ривоят қилади:

«Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеъинларнинг масалаларини ва қавлларини таснийф қила бошладим. Бу Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даврида бўлган эди. Ўша пайтда «Китобут-тарих»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда таснийф этдим».

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган мутахассисларнинг тадқиқотлари натижасида у зотнинг қаламларига мансуб китобларнинг рўйхати тузилган. Улар қуйидагилардан иборат:

1. «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ».

2. «Ал-Адаб ал-муфрад».

Бу икки китоб ҳақида кейинчалик алоҳида ва батафсилроқ сўз юритиш ниятидамиз.

3. «Ат-Тарих ал-кабийр».

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, имом Бухорий бу китобни тахминан ўн саккиз ёшларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда таснийф этганлар.

Бу китоб бугунги кундаги сиз билан бизнинг тушунчамиздаги умумий тарих ҳақида эмас, балки ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг тарихлари ҳақидаги, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг таржимаи ҳоллари ва ривоят қилиш борасидаги сифатлари ҳақидаги китобдир.

Бу китоб ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари:

«Тарихдаги ҳар бир исм ҳақида менда қисса бор. Фақат мен китобнинг чўзилиб кетишини ёқтирмадим, холос», деганлар.

Абу Аҳмад Ҳоким «Китобул-куна»да:

«Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Тарих» китоби олдига тушадиган китоб йўқ. Ундан кейин тарих, исмлар ва кунялар бўйича бирор китоб ёзганлар ундан беҳожат бўлмаганлар. Улардан баъзилари Абу Заръа, Абу Ҳотим ва Муслимга ўхшаб, уни ўзига нисбат берган. Кимдир ундан ривоят қилган. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин, ўзлари аслларнинг аслидир».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади:

«Мен Бухорийнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:

«Исҳоқ ибн Роҳавайҳ мен таснийф қилган «Тарих»ни олиб, Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига кирган ва:

«Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган.

Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга кўриб бўлганидан кейин:

«Бунинг қандай таснийф қилинганига фаҳмим етмади», деди».

Абул Аббос ибн Саъийд айтади:

«Агар бир киши ўттиз минг ҳадис ёзиб олган бўлса ҳам, Муҳаммад ибн Исмоил таснийф қилган «Тарих» китобидан беҳожат бўла олмайди».

Бу китоб баъзи манбаларда «Тарихул Бухорий» деб ҳам аталади. Мисол учун, Ҳожи Халифа номи билан танилган Мустафо ибн Абдуллоҳ Қустантиний ар-Румий ал-Ҳанафий – Мулла Котиб Чалабий ўзининг машҳур китоби «Кашфуз-зунун»да шундай деб атаган ва у ҳақида жумладан, қуйидаги маълумотларни берган:

«У муҳаддислар тариқасидаги катта тарихдир. Унда ҳадис ровийларидан ишончли ва заифларини жамлаган. Айтилишича, ўша тарих учта: катта, ўрта ва кичик бўлган. Каттасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида, ойдин кечаларда таснийф қилган.

Бу китобни ундан Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Саҳл Насавий ва Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис ва бошқалар ривоят қилганлар».

Бу китобнинг қўлёзмаси «Дорул кутубил мисрийя»да 10340 рақами ила сақланади. У ҳижрий 1361 йилда Ҳиндистонда нашр этилган.

4. «Ат-Тарих ал-авсат».

Бу китобни имом Бухорийдан Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдуссалом Хаффоф ва Занживайҳ ибн Муҳаммад Лаббод ривоят қилишган. Ушбу китобнинг қўлёзмаси Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида сақланмоқда.

5. «Ат-Тарих ас-сағир».

Бу китобни имом Бухорийдан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Ашқар ривоят қилган. У ҳижрий 1325 йилда Ҳиндистонда чоп этилган.

6. «Китобуз-зуафо».

Бу китобда ҳадис ривоят қилувчилар ичидаги имом Бухорий назарида заиф – кучсиз ҳисобланган шахслар ҳақида маълумотлар берилган. Бу китобни имом Бухорийдан Абу Бишр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳаммод Даволибий ва Абу Жаъфар Шайх ибн Саид ҳамда Одам ибн Мусо Хуворийлар ривоят қилганлар.

7. «Китобус-сунан фил фиқҳ».

Китобнинг исмидан унинг суннат асосидаги фиқҳий масалалар баёнидан иборат экани кўриниб турибди. Аммо бу китоб бизгача етиб келмаган. Имом Бухорийнинг бу номдаги китоблари борлиги ҳақидаги маълумот Муҳаммад ибн Исҳоқ Надиймнинг машҳур «Фиҳрист» номли китобидан олинган.

8. «Холқу афъолул ибод».

Бу китобнинг номидан унда баҳс юритилган масала кўриниб турибди. Унинг қадимда кўплаб тортишувларга сабаб бўлган «Банданинг амалини ким халқ қилади?» деган масалага бағишланган китоб эканига шубҳа йўқ. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, имом Бухорий бу китобни Зуҳлий билан тортишиб қолганларида ёзганлар.

Ибн Ҳажар:

«Бу китоб мавжуд, бизга эшитиш ва ижозат орқали ривоят қилинган», деб ёзган.

«Холқу афъолул ибод» китобини имом Бухорийдан Юсуф ибн Райҳон ибн Абдуссамад ва Фирабрий ривоят қилишган.

«Холқу афъолул ибод» китоби ҳижрий 1306 йили Деҳлида ва Жиддада чоп этилган.

9. «Ал-Асмаа ва куна».

Бу китоб ҳадис ровийларининг исмлари ва куняларига бағишланган бўлиб, унинг қўлёзмаси ал-Азҳар дорилфунунининг кутубхонасида 3518 рақами ила сақланади. У Ҳиндистонда ҳижрий 1360 йилда чоп қилинган.

10. «Ал-Қироату холфал имом».

Китобнинг номидан у имомнинг ортида туриб қироат қилиш масаласи ҳақида экани очиқ кўриниб турибди.

Бу китобни имом Бухорийдан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган.

Ибн Ҳажар:

«Бу китоб мавжуд, у бизга эшитиш ва ижозат йўли билан ривоят қилинган», деган. У Ҳиндистонда ва Қоҳирада нашр қилинган.

11. «Китобул ҳибати».

«Ҳиба китоби» ҳақида Варроқ Бухорий қуйидагиларни айтади:

«Имом Бухорий ҳиба ҳақида бир китоб қилди. Унда беш юзтача ҳадис бор. Вакийънинг ҳиба ҳақидаги китобида фақатгина иккита ёки учта муснад ҳадис бор. Ибн Муборакникида бештача бор, холос».

12. «Рафъул ядайни фис-солати».

Намозда икки қўлни кўтариш ҳақидаги китоб. Бу китобни имом Бухорийдан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган.

Ибн Ҳажар бу китоб ҳақида:

«У мавжуд ва бизга эшитиш ва ижозат орқали ривоят қилингандир», деган. Имом Бухорийнинг «Рафъул ядайни фис-солати» китоби Ҳиндистонда нашр қилинган.

13. «Биррул волидайни».

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги китоб.

Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да: «Бу китоб 256-санада вафот этган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга оиддир. Уни андан Муҳаммад ибн Закрума Варроқ ривоят қилган. Бу у кишининг мавжуд таснийфотларидандир. Бу ҳақда Ибн Ҳажар зикр қилган», деган.

14. «Ал-Жомеъ ал-кабийр».

15. «Ал-Муснад ал-кабийр».

Бу икки китобнинг номи ҳақидагина маълумот бор. Улар бизгача етиб келмаган.

16. «Ат-Тафсир ал-кабийр».

Имом Бухорийнинг ушбу номдаги китоблари борлигини Фирабрий зикр қилган. Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»га ёзган муқаддимаси – «Ҳадюс-сорий»да: «Ушбу китобнинг ҳадисларини чиқаришда улкан ва фидокорона хизматлар қилган. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтган», деган.

Бу китобнинг бир қўлёзма нусхаси Жазоир миллий кутубхонасида ва яна бири Париждаги миллий кутубхонада мавжуд.

17. «Китобул-ашриба».

Ичимликлар ҳақидаги китоб. Имом Бухорийнинг ушбу номдаги китоблари борлигини имом Дорақутний ўзининг «Ал-Муъталаф вал мухталаф» номли китобида зикр қилган.

18. «Асомис-саҳоба».

Саҳобаларнинг исмлари ҳақидаги китоб. Имом Бухорийнинг ушбу номдаги китоблари борлигини ва уни у кишининг ўзлари Ибн Форис орқали ривоят қилганларини Абул Қосим ибн Мунда зикр қилган. Бу ҳақда Абул Қосим Бағавий ҳам ўзининг «Муъжамус-саҳоба»сида айтган.

19. «Ал-ваҳдон».

Саҳобалардан фақат бир донадан ҳадис ривоят қилганлари ҳақидаги китоб. Бу китобни Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»га ёзган муқаддимаси –  «Ҳадюс-сорий»да зикр қилган.

20. «Китобул-мабсут».

Бу китоб ҳақида Халилий ўзининг «Иршод» номли китобида хабар берган ва уни имом Бухорийдан Муҳийб ибн Салим ривоят қилганини айтган.

21. «Китобул-илал».

Ҳадис ва ровийлардаги иллатлар ҳақидаги китоб. Бу китоб ҳақида Абул Қосим ибн Мунда хабар берган ва уни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдундан, у эса Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Шарқийдан ривоят қилганини айтган.

22. «Китобул-фавоид».

Фойдалар ҳақидаги китоб. Бу китоб ҳақида имом Термизий хабар берган.

23. «Китобу қазоёс-саҳобати ват-тобеъин».

Бу имом Бухорийнинг биринчи ёзган китобларидир. Ўшанда у зот ўн саккиз ёшда эдилар.

24. «Машийхатул Бухорий».

Бу китобда имом Бухорий ўзлари ҳадис ўрганган устозлари ҳақида маълумот берганлар. Ушбу китоб ҳақида Ибн Субкий хабар берган. Аммо бу китоб бизгача етиб келмаган.

Турли манбаларда, шу жумладан, «Табақотуш-Шофеъийя» ва «Фатҳул Борий»нинг муқаддимасида имом Бухорийнинг араб тилида бир оз шеър ҳам ёзганлари ҳақида маълумот берилган ва ўша шеърлардан намуналар келтирилган.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРИ ҲАҚИДА

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида аҳли илм турлича гапларни айтганлар. Тожуддин Субкий ўзининг «Табақотуш-Шофеъийя» китобида, …