Home / МАҚОЛАЛАР / ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОТА-ОНАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОТА-ОНАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

Ҳар бир фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, у шаклланиб оиласи, халқи ва жамияти учун хизмат қиладиган, комил инсон бўлиб вояга етиши бевосита ота-оналар ўзларининг тарбия борасидаги бурчи ва масъулиятларини ҳар томонлама теран англаган ва ҳис қилган ҳолда адо этишларига боғлиқдир. Албатта, ушбу бурч ва масъулиятлар аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий ва диний қадриятларимизда ўз ифодасини топган бўлиб, улар бир неча босқичларни ўз ичига қамраб олган. Қуйида улардан баъзиларига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Насаб (гўзал хулқли, парҳезкор турмуш ўртоқ танлаш).

Ҳар бир инсон оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилади. Аввало, бунинг учун ҳар бир оила қурувчи инсон бўлажак турмуш ўртоғининг иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ ва шарм-ҳаёдан иборат инсоний фазилатларига алоҳида эътибор бериши лозим. Чунки, улардаги яхши хулқ ва хислатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам бўлажак фарзандга кўчиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Исломий ахлоқ илми уламоларининг фикрича, инсонга ота-онасидаги баъзи ахлоқларнинг қоришмаси (хамиртуруши) онасининг қорнида ҳомила пайдо бўлганида ўтади. Аллоҳ таоло бандани халқ қилиш (яратиш) чоғида унга ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон ўсиб улғайиши жараёнидаги тарбия, муҳит ва қандай одатланишига қараб ўша хулқини ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турмуш ўртоғ танлашда қайси жиҳатларига эътибор бериш кераклигини қуйидагича баён қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ [1]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлнинг тўрт нарсаси учун уйланилади: моли учун, зоти (насаби) учун, жамоли ва дини учун. Сен ўзингга диндорини танлагин, барака топгур”, – дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадисда аёлнинг тўрта нарсаси – моли, насаби, жамоли ва дину диёнатига қараб уйланилиши ва улар орасида энг афзали дину диёнатлиси эканлиги баён этилган. Шу боис, турмуш ўртоқ танлашда аввало, унинг иймон-эътиқоди, дину диёнатига ва гўзал сифатларига эътибор бериш лозим.

Эмизиш. Чақалоқ туғилганда аввало, уни она сути билан озиқлантириш лозимдир. Бу онанинг олдидаги муҳим вазифалари сирасига киради. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай марҳамат қилган:

وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلاَدَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِۖ لِمَنْ أَرَادَ أَن يُتِمَّ الرَّضَاعَةَۚ…. ﴿البقرة:٢٣٣﴾[2]

“Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар…”. (“Бақара” сураси, 233-оят)

Демак, оятга мувофиқ фарзандни икки йил эмизиш онанинг бурчи ҳисобланади. Аммо, она сути бола жисмига ёқмайдиган ёки бола эмизиш онани соғлигига зарар келтирадиган ҳолат бўлса, икки йил тўлмасдан болани сутдан ажратиш мумкин. Айрим узрлар сабабли она болани эмиза олмаса, бола учун эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг вазифаси ҳисобланади.

Танглайини кўтариш. Бола туғилганда танглайини кўтариш (оғизлантириш) суннат амаллар сирасига киради. Бу амал аҳли илм, солиҳ ва тақводор кишилар томонидан амалга оширилади. Хурмо ёки шунга ўхшаш нарсани олиб, аввал ўзи чайнаб, сўнгра чайналган нарсадан озгина олиниб боланинг оғзига қўли билан секин солиб, танглай томонига босиб қўйилади.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: «وُلِدَ لِي غُلاَمٌ، فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ، فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ، وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ وَدَفَعَهُ إِلَيَّ. وَكَانَ أَكْبَرَ وَلَدِ أَبِي مُوسَى». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ [3].

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ўғлим туғилгач, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келдим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга Иброҳим деб исм қўйдилар, хурмо билан (чақалоқнинг) танглайини кўтардилар. Сўнг унга барака тилаб дуо қилдилар-да уни менга қайтардилар”. Бу Абу Мусонинг тўнғич ўғли эди. Имом Бухорий ривояти.

Яна бир ҳадисда шундай келтирилган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: «ذَهَبْتُ بِعَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي طَلْحَةَ إِلَى النَّبي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ وُلِدَ، وَالنَّبِيُّ صَلَّى الله عليه و سلم فِي عِبَاءَةٍ يَهْنَأُ بَعِيرًا لَهُ. فَقَالَ: مَعَكَ تَمَرَاتٍ؟ قُلْتُ: نَعَمْ. فَنَاوَلْتُهُ تَمَرَاتٍ فَلاكَهُنَّ. ثُمَّ فَغَرَ فَا الصَّبِيِّ وَأَوجَرَهُنَّ إِيَّاهُ. فَتَلَمَّظَ الصَّبِيُّ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حُبُّ الأَنْصَارِ التَّمْرَ. وَسَمَّاهُ عَبْدُ اللهِ.» رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ   [4]

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа туғилган куни кўтариб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ридога ўралиб туяларига қотрон суртаётган эканлар. Мендан: “Хурмо олиб келдингми?” – деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, – дедим (хурмоларни узатдим). Бас, уларни чайнадилар. Сўнгра чақалоқнинг оғзини очиб, уларни солдилар. Гўдак тамшанди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ансорнинг хурмони яхши кўриши”, – дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар”. Имом Бухорий ривояти.

Ушбу суннат амали халқ орасида унчалик оммалшиб кетмаган бўлсада айрим ҳудудлар ва маълум доирадаги инсонлар орасидагина сақланиб қолган. Баъзи ҳудудларда бу амални кекса онахонлар амалга оширадилар. Суннатга кўра аҳли илм, солиҳ ва тақводор эркак кишилар томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

Чақалоқнинг қулоғига азон ва такбир айтиш. Муқаддас динимиз таълимотга кўра чақалоқ туғилганда унинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир (иқома) айтиш суннат амалдир.

عَنْ عُبَيْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي رَافِعٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: «رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَذَّنَ فِي أُذُنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ – حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ – بِالصَّلاَةِ». رواه الترمذي.[5]

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади. “Фотима розияллоҳу анҳо Ҳасан ибн Алини туққан пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғига намозга айтиладиган азонни айтаётганларини кўрдим”. Термизий ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш суннат ҳисобланади. Дунё юзини кўрган фарзандимизнинг илк эшитадиган сўзи Аллоҳнинг исми бўлиши қандай ҳам яхши! Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига хос файзу баракаси бўлади.

Исм қўйиш. Ҳар бир ота-она фарзандига маъноли ва чиройли исм қўйиши лозим.

عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ». رواه الدارمي [6]

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!”, – дедилар. Имом Доримий ривояти.

Токи фарзанд катта бўлиб, оқу қорани таниганида ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исм унга зийнат бўлиб туриши зарур.

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَحَبَّ أَسْمَائِكُمْ إِلَى اللهِ عَبْدُ اللهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.[7]

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларингиз ичида Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлгани “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир”, – дедилар. (Имом Муслим ривояти).

“Абдуллоҳ” – Аллоҳнинг бандаси, “Абдураҳмон” – Раҳмоннинг бандаси деган маъноларини билдиради. Аллоҳга бандаликни изҳор қилувчи “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон” каби исмлар Аллоҳ таоло учун севимли ва маҳбубдир. Шу боис мусулмонлар ичида мазкур исмларни қўйиш одатга айланган.

Ақиқа қилиш. “Ақиқа” – ҳар бир чақалоқнинг она қорнидалик вақтида чиққан сочи бўлади, туғилганидан кейин еттинчи куни унинг сочи олинади ва ўша сочни оғирлигича тилла ёки кумуш садақа қилинади. Қурбонлик қилинадиган жонлиқни ҳам “ақиқа” деб аталади.

عَنْ سَلْمَانِ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ [8]

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Туғилган болада ақиқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинглар”, – дедилар”. Имом Бухорий ривояти.

Ақиқа муносабати билан қурбонлик қилинадиган жонлиқнинг сони ҳақида ҳадиси шарифларда шундай келтирилган:

عَنْ أُمِّ كُرْزٍ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «عَنِ الْغُلاَمِ شَاتَانِ مِثْلاَنِ وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ». رواه الدارمي. [9]

Умми Курз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғил болага икки ёшарли икки қўй ва қиз болага бир қўй”, – дедилар”. Имом Доримий ривояти.

Демак, ўғил бола туғилганда имкони бўлса иккита қўй, қиз бола туғилганда эса бир қўй сўйиб ақиқа қилиш суннатдир.

Нафақа билан таъминлаш. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг вазифаси ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида шундай марҳамат қилган:

﴿...وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِۚ [10] (البقرة: ٢٣٣)

    “…Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир”.

Бола сабабли онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш ҳам вожиб бўлади. Шу сабабли шариатимизда фақир ёш болани нафақа билан таъмин этиш отанинг зиммасидаги вожиботлардан бири ҳисобланади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم «دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللّهِ وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ. وَدِينارٌ تَصَدّقْتَ بِهِ عَلَىَ مِسْكِينٍ. وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَىَ أَهْلِكَ. أَعْظَمُهَا أَجْراً الّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَىَ أَهْلِكَ». رواه مسلم. [11]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир динори-ки, уни Аллоҳ таоло йўлида нафақа қилдинг, бир динори-ки, қулни озод қилишга нафақа қилдинг, бир динори-ки, сен уни мискинга бердинг, бир динори-ки, уни сен ўз аҳлингга нафақа қилдинг, булар ичидаги ажр жиҳатидан каттаси ўз аҳлинг учун нафақа қилганингдир”, – дедилар. Имом Муслим ривояти.

Ҳар бир нафақа қилгувчи аввало, нафақасини оиласи ва фарзандларига бериши – сарфлаши лозим бўлади. Ҳар бир ота аҳли-аёлига нафақа қилганида зиммасидаги вожиботни адо қилиш билан бирга улкан савоб ҳам эга бўлади.

Тарбия бериш. Ота-она фарзандига яхши тарбия бериб, уни замон талабига жавоб бера оладиган, ҳар томонлама етук, ҳусни хулқли, иймон-эътиқодли комил инсон қилиб тарбияламоғи лозим.

Ҳусни хулқ борасда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

أَيّوبُ بنُ مُوسَى عن أَبِيه عن جَدّهِ أَنّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قالَ: «ما نَحَلَ والدٌ وَلَداً مِنْ نُحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ».[12]

Айюб ибн Мусо отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди”, – деганлар.

Ушбу ҳадис орқали ота-она фарзанди учун берадиган барча нарсаларининг ичида энг муҳуми ва афзали ҳусни хулқ ва тарбия эканини англаш мумкин.

Тарбия борасда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «كُلُّ مَوْلُودٍ يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ فَأَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ وَيُنَصِّرَانِهِ…». [13]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир чақалоқ фитратда туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий қилиб тарбиялайди ва насроний қилиб тарбиялайди. …”, – дедилар. Ушбу ҳадисдан фарзанд қандай мақсадни кўзлаб тарбияланса, шу йўсинда вояга етиши ва улғайиши маълум бўлади.

Тарбия ҳақида сўз кетар экан, ўтган аср бошларида яшаб ижод қилган ўзбек халқининг улуғ мутафаккир жонкуяри, маърифат куйчиси Абдулла Авлонийнинг бир ҳикматли сўзини айтиб ўтмасдан бўлмайди: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.

Яхши тарбия саодатли, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Биз фарзандимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаган бўламиз. Шу билан бирга фарзанд мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унинг нафақаси – озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жойи ҳалол пок йўл билан таъмин этиш, шунингдек, оилада бир неча фарзанд бўлса, уларга баб-баробар меҳр бериш ва уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, илм, касб-ҳунар ўргатиш ҳамда мерос тақсимотида фарзандлар ўртасида одиллик қилиш ҳам ота-онанинг муҳим вазифаларига киради.

 Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 3. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 5090-ҳадис. – Б. 1177.
[2] Қуръони карим. “Бақара” сураси. 233-оят.
[3] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 3. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 5467-ҳадис  – Б. 1258.; 6198-ҳадис. – Б. 1391.; Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳ Муслим. Жомиъа ал-Азҳар. Мактаба ал-ийман.Саҳиҳу Муслим 2144-ҳадис.
[4] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 1254-ҳадис. – Б. 285.
[5] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъ ат-Термизий. 1999. Риёз. 1514-ҳадис. – Б. 368.
[6] Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий. Сунан ад-Доримий. Ж. 2. – Байрут. 1987. – Б. 380.
[7] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Табризий. Мишкат ал-масобиҳ. Ж. 3.  – Байрут. 1985. – Б. 29.
[8] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 3. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 5472-ҳадис. – Б. 1259.
[9] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий. Сунан ад-Доримий. Ж.. 2. – Байрут. 1987. – Б. 111.
[10] Қуръони карим. “Бақара” сураси. 233-оят.
[11]  Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳ Муслим. Жомиъа ал-Азҳар. Мактаба ал-ийман. 994-ҳадис. – Б. 456. 994-ҳадис
[12] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъ ат-Термизий. 1999. Риёз. 1952-ҳадис. – Б. 453.
[13] Абу Довуд Сулаймон ибн Ашаъс. Сунан. 2. Ж. Дор ал-Фикр. 7414-ҳадис. – Б. 642.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …