Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ТАРИХУЛ КАБИР” АСАРИНИ ИЛМИЙ АҲАМИЯТИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ТАРИХУЛ КАБИР” АСАРИНИ ИЛМИЙ АҲАМИЯТИ

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ илмнинг бир неча йўналишларида кўплаб китоблар ёзганини биламиз. У кишининг машҳур ва ҳажми жуда катта бўлган китобларидан бири “Тарихул кабир” китобидир. Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китоби Ислом динида ёзилган китобларнинг улуғроғи ва ровийлар тарихи ҳақида энг биринчи таълиф этилган китоблардан биридир. Имом Бухорийдан кейин келган ҳар қандай киши бу китобга боқувчидир. Абу Аббос ибн Саид: “Агар бир киши ўттиз мингта ҳадис ёзса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Тарих” китобидан беҳожат бўлмайди”, деган. Шунинг учун бу китоб “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзилишига замин бўлган дейилади. Бу “Саҳиҳул Бухорий”нинг тушунарсиз жойларини тушунтирадиган, шифрларини очадиган ва ишораларини аниқлаб берадиган калитдир.

Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китоби саҳобалар, тобеъийнлар ва ўз устозларигача бўлган ҳадис ровийларининг таржимаи ҳолини жамлаган китобдир. Имом Бухорийнинг ўзи бу китобни бошлаши ҳақида гапириб берган. У киши: “Мен ҳаж қилиб бўлганимда, акам онамни олиб уйга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим. Ўн саккиз ёшга тўлганимда, “Қазоя ас-саҳоба ва ат-тобеъийн ва ақовилуҳум” китобини ёздим. Ўша пайт Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даври эди. Мен “Тарих” китобимни ойдин кечаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ёзгандим. “Тарих” китобимдаги ҳар бир исмнинг қиссаси бордир. Лекин, мен китобни узун қилиб юборишни хоҳламаганим учун қиссаларни келтирмадим”, деган[1]. Маълумки, Имом Бухорий ўзининг “Тарих” китобини уч босқичда ёзган. “Тарихус сағир”, “Тарихул авсот” ва “Тарихул кабир”.

Имом Бухорийнинг энг биринчи ёзган ва энг катта китобларидан бири “Тарихул кабир” китобидир. Бу китобни Имом Бухорий Нишопурга келганида олдига келиб таълим олган шогирдларидан бири Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис Нишопурий ва бошқа кишилар Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қилганлар. Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ҳижрий 212 йилда ёза бошлаган. Бу китоб Имом Бухорийнинг замонидаёқ тарқалган эди. Бунинг исботи Хатиб Бағдодий Имом Бухорийдан ривоят қилган ривоятдир. Имом Бухорий шундай деган: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ менинг “Тарих” китобимни Хуросоннинг амири Абдуллоҳ ибн Тоҳир (ҳижрий 182-230 й.)нинг олдига олиб кириб: “Эй, мўминлар амири! сизга сеҳрни кўрсатайинми?”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга қараб таажжубланди ва: “Бу китобнинг ёзилишига фаҳмим етмади”, деди”[2]. Бу гап китобнинг аҳамияти ва илмий қиймати қанчалар юқори эканлигини билдиради.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Имом Бухорийнинг вафотидан ўн саккиз йил олдин ҳижрий 238 йилда вафот этган[3]. Бу маълумот бизларга Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ҳижрий 238 йилдан олдин ёзиб бўлганини билдиради.

Аммо бу китобда ўша вақтдан кейин вафот этган баъзи кишиларнинг таржимаи ҳолини борлиги, биз юқорида зикр қилган гап билан қарама-қарши бўлиб қолмайди. Эҳтимол, Исҳоқ ибн Роҳавайнинг қўлидаги нусха китобнинг охирги нусхаси бўлмагандир. Чунки, “Тарихул кабир” китобининг ёзилиши ўзининг охирги безаги билан чиққунча уч босқичда давом этган. Шу билан бирга китобнинг номини Имом Бухорийнинг ўзи “Тарих” деб номлаган. Имом Бухорий:  “Агар баъзи устозларимга ёзган китобларим кўрсатилса, улар менинг “Тарих” китобимни қандай қилиб ёзганимни тушунмайди ва билмайдилар. Мен “Тарих” китобимни уч марта ёздим”, деган[4]. Яъни, Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ёзиб бўлиб, одамлар учун нашр этган. Сўнгра, ўша нусхага қўшимчалар қўшиб, тўлдириб бориб, китобни иккинчи марта нашр этган. Сўнгра, яна қўшимчалар қўшиб, тўлдириб борган. Ҳатто, уни учинчи марта нашр этган. Демак, “Тарихул кабир” китоби ҳам мукаммал бир китоб ҳолига келгунча мана шу уч босқични босиб ўтган.

Доктор Аҳмад Абдуллоҳ  ўзининг докторлик ишида “Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ёзишда ўзоқ вақт давом этган”, деб айтади. Бунинг исботи, Имом Бухорий бу китобида ҳижрий 249 йилда вафот этган ровийларнинг таржимаи ҳолини ҳам келтирган[5]. 

Доктор Одил Абдушакур Зарқий “Тарихул кабир” китобининг иккита нашри кенг тарқалган деб айтади. Биринчиси: Шайх Абдураҳмон Ямонийнинг таҳқиқи билан Ҳиндистоннинг Даироту-л-маъориф нашриётида нашр қилингани. Иккинчиси: Мустафо Абдулқодир Атонинг таҳқиқи билан Саудия Арабистонининг Дару Товиқ ан-нажаҳ нашриётида нашр қилингани.

“Тарихул кабир” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан Имом Бухорийгача бўлган даврда яшаб ўтган ўн тўрт мингга яқин ровийларнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Шундан мингга яқин ровийларнинг таржимаи ҳоли эса “Тарихул кабир”нинг сўнгида, алоҳида жуз қилиб келтирилган “Кунялар” китобида баён этилган.

Имом Бухорийнинг номи “Саҳиҳул Бухорий”га боғлангани маълум. Лекин, “Тарихул кабир” китоби уламоларнинг олдида катта аҳамиятга  эгадир.

Ровийларнинг таржимаи ҳоли ҳақида мана шу тартибда китоб ёзган кишиларнинг аввалгиси Имом Бухорийдир. Кўпчилик уламолар буни эътироф этишган.

Имом Абу Аҳмад Ҳоким Кабир (ваф. 378 ҳ.): “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарихул кабир” китоби бирор китоб ўтиб кетолмайдиган китобдир”, деган[6]. Ибн Ражаб Ҳанбалий: “Имом Бухорийнинг кўплаб китоблари бор. У киши ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” ва “Тарихул кабир” китобларини ёзиши билан барча инсонлардан ўзиб кетди”, деган[7].  

Бу китоб ҳадис илмининг иккита асосий рукнини яъни, илми рижол (ҳадис ровийларининг таржимаи ҳоли ҳақидаги илм) ва илми илал (ҳадис иллатлари ҳақидаги илм)ни ўраб олган. Ибн Ражаб бу китоб ҳақида: “Бу бирор китоб ўтиб кетолмайдиган катта китобдир. Бу китоб тарихлар, иллатлар ва исмларнинг барчасини тўпловчидир”, деган[8]. Китобнинг воқелиги ҳам бу эътирофни қўллаб – қувватлайди. Бу китобда 6095 та ҳадис матни зикр этилган.

Хатиб Бағдодий ўзининг “Бағдод тарихи” китобида Абу Аббос ибн Саиднинг: “Агар бир киши ўттиз мингта ҳадис ёзса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Тарих” китобидан беҳожат бўлмайди”, деган гапини келтирган[9]. 

Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” китобида Абу Саҳл Шофеъийнинг ушбу гапини келтиради: “Ўттиздан кўпроқ Мисрлик уламолардан эшитган эдим. Улар: “Бизларнинг бу дунёдаги эҳтиёжимиз Муҳаммад ибн Исмоилнинг китобини ўқишдир”, деганлар”[10].

  Хатиб Бағдодий ва Имом Заҳабийнинг юқоридаги гаплари бу китобнинг қиймати нақадар улуғлигини англатади. Демак, ҳадис илми билан шуғулланадиган ҳамма одам бу китобни дарс қилиши ва унга мурожаат қилиши лозим бўлади. 

Бу китобдан жуда кўплаб уламолар фойдаланган. Шулардан бири Имом Муслимдир. Абу Аҳмад Ҳоким: “Кимки Муслим ибн Ҳажжожнинг “Исмлар ва кунялар” номли китоби ҳақида ўйлаб кўрса, албатта, бу китоб Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Кунялар” китобидан бирми-бир кўчирилганини билиб олади”, деган[11].

“Тарихул кабир” китобидан фойдаланган кишилардан яна бири Имом Термизийдир. У киши ўзининг “Ал-илал ас-соғир” номли китобида шундай деган: “Китобимда зикр қилинган иллатлар, ҳадислар, одамлар ва тарихларни “Тарихул кабир” китобидан олдим ва бу маълумотларнинг кўпроғи мен Муҳаммад ибн Исмоил билан баҳс олиб борган нарсалардир”, деган[12].

“Тарихул кабир” китобининг атрофида қирқ бешдан кўпроқ рисола ва китоблар ёзилган. Биргина китобнинг атрофида буқадар кўп рисола ва китобларнинг ёзилиши, бизларга китобнинг аҳамияти ва қиймати нақадар буюклигини билдиради.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало: 25 жилдли. Шуъайб Арноут таҳқиқи. – Байрут: Дору муассаса ар-рисала, 1985. Ж: 12. Б: 400.
  2. Абу Жаъфар Варроқ Бухорий. Шамоили Бухорий. Абу Муовия Байрутий нашри. – Байрут: 2019. Б: 27.
  3. 3. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ат-тарих ал-авсат. Маҳмуд Иброҳим Зойид таҳқиқи. – Дамашқ: Дор ат-турос, 1977. Ж: 2. Б: 368.
  4. Хатиб Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Бағдодий. Бағдод тарихи. 21 жилдли. Башшор Авад Маъруф таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исламий, 2001. Ж: 2. Б: 325.
  5. Аҳмад Абдуллоҳ. Манҳаж ал-Имом ал-Бухорий фий ат-таълил мин хилал китабиҳи ат-тарих ал-кабир, докторлик иши. – Урдун: Жамиъа ал-ярмук, 2005. Б: 28.
  6. Ҳоким Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ. Ал-асомий ва-л-куна. Юсуф Муҳаммад Дохил таҳқиқи. – Саудия: Дорул ғуробо, 1994. Ж: 2. Б: 274.
  7. Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Саломий Бағдодий Димашқий. Шарҳу илали-т-Термизий. 2 жилдли. Доктор Ҳумом Саид таҳқиқи. – Қоҳира: Мактабатул минор, 1987. Ж: 1. Б: 496.
  8. Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Саломий Бағдодий Димашқий. Шарҳу илали-т-Термизий. 2 жилдли. Нуруддин Итр таҳқиқи. – Дамашқ: Дорул милаҳ, 2008. Ж: 1. Б: 338.
  9. Хатиб Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Бағдодий. Бағдод тарихи. 21 жилдли. Башшор Авад Маъруф таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исламий, 2001. Ж: 2. Б: 326.
  10. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало: 25 жилдли. Шуъайб Арноут таҳқиқи. – Байрут: Дору муассаса ар-рисала, 1985. Ж: 12. Б: 426.
  11. Абу Аҳмад Ҳоким Кабир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исҳоқ Нишопурий. Ал-асомий вал куна: 5 жилдли. Абу Умар Муҳаммад ибн Али Азҳарий таҳқиқи. – Қоҳира: Дор ал-Форуқ, 2015. Ж: 2. Б: 274.
  12. Муҳаммад ибн Исо Термизий. Ал-илал ас-соғир. Аҳмад Шокир таҳқиқи. – Байрут: Дору иҳяи-т-туроси-л-арабий. Б: 738.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …