Home / ЯНГИЛИКЛАР / Давлат герби – миллий юксалиш мужассам улуғвор Ватан тимсоли

Давлат герби – миллий юксалиш мужассам улуғвор Ватан тимсоли

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
 
«Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари». Бу улуғвор ғоя бугун янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Инсон улуғ ғоя ва даъватлардан куч олади, уларга қараб қаддини ростлайди, уларга мос равишда ўктам қадам ташлашга интилади. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди. Ана шу маънода Давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш қадам ташлашда бетимсол қудрат ва бунёдкорлик бахш этмоқда.
 
Ватан сурати! Улуғ меҳр, улуғвор ният ила муҳаббат мўйқалами билан чизилган, ғурур-ифтихор ранглари жо бўлган, қалб олами усиз ҳувиллаб қоладиган бетимсол, бемисл суратки, у давлат байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз, ўзбек тили сиймосида аввало ўзимизни ўзимизга, шунингдек, дунёга танитади.
 
2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан бири: бундан 28 йил муқаддам айни шу кунда «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир. Демак, Давлат герби – халқнинг эрки, бахти, ғурури, ўзлиги тимсоли. Шундай тимсолки, ҳар қараганда, халқу Ватан тарихи, бугуни, келажаги билан боғлиқ орзу-интилишларингга қувват, қудрат оласан гўё. Қорачиғингга Ватан рамзида жо бўлади, унга ҳатто гард тушса ҳам, кўзинг ёшланади, дилинг вайрон бўлади.
 
Ҳар сафар Давлат гербимизга қараганимда, устоз шоир Абдулла Ориповнинг барчамизга севимли «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърлари беихтиёр ёдга тушади.
 
Тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочмоқда. Биз Ватанни гўзаллигу бойликлари кони бўлган тоғу даштлари, дарёлари учун севамизми ёки олтин бошоқлари, оппоқ пахталари муҳаббатимизга сабабми? Балки, тўрт фаслимизни ҳам мунаввар, сероб этган қуёши қалбимизга меҳр нурларини ёғдирар?.. Шоир фикрлашга чорлагани каби:
 
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонни
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
 
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшими севгимга сабаб?
Ахир қуёшлику, бутун Осиё…
 
Бу саволнинг жавоби қалбни улғайтирган, маънавий ганжиналар билан бойитган, инсонни ўз ватанидагина бахтиёр этган туйғуларда ярақлайдики, ифодасига сўз танлайверасиз, танлайверасиз! Балки, Ватанни сўзсиз, дил билан севмоқнинг маъноси шундандир.
 
Гербимизда тасвирланган ҳар бир тимсол дилга туташ, улар моҳиятидаги маъно, ҳикмат, меҳр қалбимизда сайқалланиб бораверади. Савлат тўкиб турган мағрур тоғлар шунчаки тоғ эмас, улар мардлигу жасорат, Ватан муҳаббатига садоқат бобида башариятга ибрат бўлиб қолган аждодларимиз рамзи. Бу тоғлар— кучни адолат тарозуси билан ўлчаган Соҳибқирон Амир Темур, Синд дарёси бўйида мардлигу шижоати билан Чингизхонни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди, Ватан байроғини жонга тиккан Нажмиддин Кубро, юрт ғанимларга оёқости бўлмаслиги йўлида умрини фидо этган Широқ, Тўмарис… зеро, ҳар қандай замонда элу юрт қадди, қадри баланд бўлиши учун фидойиликка тайёр инсонларнинг сиймоси гўё.
 
Порлаб турган қуёш меҳридарё халқимизнинг юраги кабидир. Унда бағрикенглик, Ватанга муҳаббат, қадриятларгаҳурмат, миллий юксалишга қанот бўлаётган оловқалб инсонларнинг оташин шижоати бардавомлиги бор. Қуёш ҳамма юртлар узра бирдек нур, ҳарорат улашади. Ўзбекистонни севишимиз сабаби, демак, қуёш эмас, қалб ҳарорати бу кўҳна заминга ободлик, файзу баракот, юксалиш, тўкинлик бахш этаётган халқнинг меҳр-муҳаббат офотоби рамзига ҳам ўхшайди гербимиздаги қуёш.
 
Гербимизда тасвирланган заминда илму урфонда дунё тамаддуни сарчашмаларини очган, уни ирмоқлардан дарёларга айлантирган бобокалонларимиз, маърифату юксак маънавияти инсоният қалб кўзларини нурлантирган улуғ алломаю донишмандларни тарбиялаб вояга етказган моможонлардан тортиб яқин тарихда шу тупроқ, шу халқерку озодлиги учун фидо-қурбон бўлган оталаримиз, оналаримиз нафаси бор. Бу нафақат Шарқда, балки бутун дунёда улуғвор давлатчилиги, юксак маданияти, буюк тарихи билан эъзозланиб келинаётган муқаддас замин! Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
 
Ватан таркин бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.
 
Ватанни бир нафас ҳам тарк айлаш, онадан айрилган гўдак кўзидаги ёшдек ғамли, ўкинчли, изтироблидир. Давлатчилигимиз тарихининг барча даврида шу азиз тупроғу миллат рамзлари, ватан тимсоллари энг азиз ва муқаддас қадрият сифатида эъзозланган. Туғ, тамға миллат, халқ, давлатнинг ор-номуси каби асралган. Муқаддас рамзларни асраб қолиш йўлида аждодларимиз, ҳатто, ўз жонидан ҳам кечганини кўрсатувчи мисоллар жуда кўп. Байроқ, тамға билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат шундаки, жангу жадалларда давлат рамзларини энг ишончли баҳодирлар, паҳлавонлар қўриқлаган, кўтарган.
 
“Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб, қалъани тарк этишга даъват этсада, Нажмиддин Кубро «Киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди», дея бу таклифни рад этади. У Ватан байроғини баланд кўтариш баробарида ўзи ҳам байроққа айланади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўн кишилик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради. «Ё Ватан, ё шарафли ўлим!» дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отланади.
 
Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали воқеалардан бири бўлди. Шайх бошчилигидаги мудофаачилар Ватаннинг юраги бўлмиш Гурганж ҳимоясини ор-номус ҳимояси, деб билдилар. Ҳар бир курашаётган жангчи, мудофаадаги халқ – каттаю кичик Ватан учун курашиб ўлишни фахр ва шараф деб билган руҳан енгилмас кучга айланади. Имон белгиси – Ватан севгисига садоқат билан ғанимга қарши жангда мардона бўлиш ҳақидаги улуғ шайхнинг даъвати мўғуллар бераётган қурбонлар сонини кескин ошириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”. Давлат гербидаги тасвирларнинг ҳар бир қати ана шундай мардлик ва қаҳрамонликлар билан йўғрилган.
 
Донолар «Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч қачон ҳеч нимани сева олмайди», – дейдилар. Таъбир жоиз бўлса, бизнинг Она Ватанга, шу муқаддас тупроққа бўлган муҳаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади, ифодаланди.
 
Ватан рамзлари доимо баландда туради. Бош узра ҳилпирайди, пештоқлардан ўрин олади. Негаки, у миллионларни бирлаштиради. Халққа куч-қудрат бахш этади. Юксак мақсадларни тарбиялайди, иродани тоблайди. Эзгулик учун курашларда йиқилганни тиклайди, қўрқувни жасоратга, заифни матонатли инсонга айлантира олади. Байроқни мардона кўтарган, давлат гербини ўз эрки ва ор-номуси рамзидек қабул қилган инсон минглаб қалбларга ватанпарварлик, халқпарварлик байроғини тика олади.
 
Гербимизнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини кенг ёзган Ҳумо қуши, пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган. “Oʼzbekiston” – бу сўз кўзимизга дунё имло луғатларидаги барча сўзлардан ҳам кўра чиройли кўринади. Ҳумо қушини аждодларимиз бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш, дея таърифлаган. Ривоятларда келтирилишича, у кимнинг бошига қўнса, шодимонлик, бахт доимий ҳамроҳи бўлади. У бизнинг ВАТАН бошига қўнган, юрт узра парвози бардавом, барқарор бўлган бахту саодат тимсолидир.
 
Давлат Гербимизга қараб туриб яна бир гап дилимда ўтди. Бизнинг Давлат Гербимиз ҳам Байроғимиздек чиройли, ёруғ, ундан эзгуликнинг, бунёдкорлик ва яхшиликнинг нафаси келади. Таъбир жоиз бўлса Давлат Гербининг ўзи бир достон, достонки ундан буюк халқимизнинг қалби мужассам. Биз дунё саҳнасида бугун давлат тиклаган миллат эмасмиз. Шу боис ҳам унда улуғ тарих, маданият, эзгу ният ва мурод мужассам.
 
Давлат рамзлари бизни юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди. Давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир. Мана шу рамзларни эъзозлаш орқали биз ўз қадр-қимматини, ўз мамлакатимиз истиқболи, демакки, ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон ҳамиша миллатга саодат бахш этадиган улуғ ишларга қодир бўлади. Ана шу маънода 2 июль -Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун катта байрам қилинишга арзирли кундир.
 
Бу – кўксида Ватан деган муборак номни гард юқтирмай олиб юришни ўзига шараф деб билганлар байрами. Бу янги Ўзбекистонни бунёд этишга сидқдилдан интилаётган мардона халқимиз байрами, бу-ўз илми, касб кори, фидойилиги билан буюк аждодларга мос равишда қадам ташлашга интилаётган Ватаннинг ўктам ёшлари байрами. Бу – бир бутун Ватанга айланган Ўзбекистонликлар байрами!
 
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …