Home / МАҚОЛАЛАР / Амаллар ниятга боғлиқ

Амаллар ниятга боғлиқ

 بسم الله الرحمن الرحيم

Шариатимизнинг асосий манбаси бўлмиш, Қуръони карим ва суннати набавияда ҳам амалларда ниятнинг нечоғли муҳим эканлиги, унинг ўрни эътиборли экани ва фазилатлари ҳақида очиқ-ойдин баён қилинган.

Ният – динимиздаги энг муҳим амаллардан бири бўлиб, оддий ишлар ҳам ниятнинг яхшилиги сабабли савобли амалларга айланади ва ниятнинг ёмонлиги туфайли гуноҳ ишлар қаторига киради. Ният – қалб амалидир. Агар қалбдан ният қилиб, уни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. Мусулмон киши дунё ҳаётида қилаётган ҳар бир ишини ибодат даражасига кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”[1].

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларини фақат эзгу ишлар қилишга чорлаб, бундай дейди: “Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин”[2].

Шунинг учун ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиш учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз.

Бу борада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Расули учун бўлса бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Расулигадир. Кимнинг ҳижрати дунё ёки хотин олиш бўлса бас, унинг ҳижрати ниятига яраша бўлади”[3], дедилар.

Имом Шофиъий (р.а.) бу ҳадисни диннинг ярми деганлар. Сабаби диннинг зоҳири илм, ботини эса ниятдир. Имом Аҳмад эса, бу ҳадис –Исломнинг учдан биридир, деган. Имом Абу Довуд эса: “Бу ҳадис – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир”, – деганлар. Мазкур зотлар айтган маълумотларнинг ўзиёқ динимизда ниятга катта аҳамият берилганини кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо, фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса савоб бўлмайди.

Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин “Аллоҳ таоло аҳл-оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман, агар Аллоҳ муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, топган пулимдан муҳтожларга ва хайрли ишларга эҳсон қиламан” деб яхши ният қилса, унинг ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланади.

Кишининг масжидда ўтиришидан мақсади намозни кутиш бўлса, ўтирганини ўзига савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди. Киши уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким тунда туриб намоз ўқимоқни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади”[4].

Бинобарин Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закотни беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”[5].

Муфассирлар устози, улуғ саҳоба Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ояти кариманинг тафсирида айтади: Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Аллоҳни ягона деб билган ҳолда, унга чин ихлос билан ибодат қилишга амр қилинган. Ихлос – бу риё аралашмаган соф ният демакдир. Бу оят, ишнинг бошидан то охирига қадар чин ихлос билан адо қилиниши вожиб эканини уқтирмоқда. Чин мухлис шундай кишики, у яхши амалларни яхшилиги туфайли, вожиб амалларни вожиблиги туфайли адо қилиб боради. Бу ишларнинг барида ниятнинг муҳим ўрни бор. Ояти кариманинг далолати бўйича, Аллоҳ тарафидан келган буйруқларнинг ҳаммаси соф ният билан бирга адо қилиниши лозим.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Табук ғазоти”дан қайтишда, Мадинада касаллик ва бошқа узрлар билан ғазотга чиқолмасдан қолган саҳобалар ҳам, Табук сафарига чиққанлар билан савобда шерик эканларини хабар қилдилар. Ҳайратланган саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, ул зот: “Уларни узргина ушлаб қолди. Яхши ниятда биз билан шерик эдилар”[6] деб, жавоб бердилар.

Имом Тобароний Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир” деган ҳадисларини ривоят қилган. Шунингдек, имом Байҳақий “Шуъабул-иймон”да, имом Аскарий “Амсол”да Анас ибн Молик (р.а.) дан “Мўминнинг нияти амалидан етукроқдир” деган ҳадисни ривоят қилган. Бу ҳадисларни аксар муҳаддислар заиф, деган бўлсада шайх мулла Али ал-қори ҳазратлари, унинг ривоят услублари кўплигидан ҳасан даражасига етиб боргандир, деганлар.

Мўминнинг нияти амалидан яхши эканлигининг яна бир сабаби шуки, ният таъаддуд ва кўпайишни қабул қилади, бир амалдан бир неча фойдали мақсадлар кўзланиши мумкин. Натижада савоб ҳам шунга муносиб бир неча ҳисса бўлади. Амал эса ундай эмас. Масалан, масжидга кирган киши эътикофни, намозни мунтазир бўлиб кутишликни, дунёдан ҳоли бўлишни, Аллоҳнинг байтини зиёрат этишни, зикрни, тиловатни, кўз, тил ва қулоқ каби аъзоларни бефойда нарсалардан сақлашни ва масжидни обод қилишни ният қилиши мумкин. Агар шундай қилса унга шу ниятларига яраша, кўп ажр берилади. Бироқ, масжидга фақат намоз ўқиш учун кирса, у ҳолда фақат бир ҳисса савобга эга бўлади холос. Ният шу жиҳати билан амалдан яхшидир.

Ният амалдан яхшилигининг сабаби шуки, ният инсоннинг имконияти билан боғлиқ эмас. Инсон бирон яхшиликка имкони бўлмаган ҳолда ўша ишни ният қилса унинг шу нияти учун савоб берилаверади. Амал эса ундай эмасдир. Масалан, фақир қашшоқ киши қул озод қилишни, закот тарқатишни ёки масжид-мадрасалар бино қилишни ният қилиши мумкин. Унинг бу ниятларига савоб берилаверади. Аммо, амал эса имконга боғлиқ тоатдир. Ривоятларда келтирилишича, Бани Исроилдан бир киши катта қумтепалик ёнидан ўтар экан хаёлида “агар шу қумлар егулик бўлганида эди, уларнинг барини фақирларга улашиб чиқардим” деб ўй қилди. Аллоҳ таоло ўша давр пайғамбарига ваҳий қилдики, “фалончига у кўрган қумтепаликдаги қумларнинг ададича таом тарқатган савоби берилди”. Абул-қосим Қушайрий қуддиса сирруҳу шундай нақл қилади: Зубайда (р.а.) вафотидан кейин баъзилар уни тушида кўрди. Зубайдага Аллоҳ эҳсон қилган эди. Уни кўрганлар сўради: Эй Зубайда бу мартабалар яхши амалларинг учунми? Зубайда жавоб берди: Ҳайҳот менга амалларимнинг фойдаси бўлмади. Менга яхши ниятларим қўл келди, деди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ниятнинг амалдан яхши бўлишига яна бир сабаб, ният амалларни саҳиҳ бўлишини таъминловчи омил вазифасини бажаришидадир. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни саҳиҳ бўлиши учун ният фарз ҳисобланади. Баъзида эса ният амалларнинг савобини кўпайтиришга хизмат қилади. Масалан, таҳорат, сатри аврат каби ишларга яхши ният ҳамроҳ бўлса уларнинг савоби янада ортади. Ниятнинг амалдан яхши эканлигини билдирувчи яна бир жиҳат, ниятнинг маконидир. Табиийки, ният мўминнинг қалбида бўлади. Қалб эса, маърифат макони. Суҳайл ибн Абдуллоҳ Тустурий қуддиса сирруҳ айтардилар: “Аллоҳ таоло мўминнинг қалбидан кўра шарафли маконни яратмаган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ сизларнинг сурат ва амалларингизга эмас балки, қалбингизга боқади” маъносидаги ҳадис шунингдек, “Жасадда бир музға (лаҳта қон) бор. Қачонки у салоҳият топса жасаднинг бошқа қисми ҳам салоҳиятли бўлади, қачонки у фасод бўлса жасаднинг бошқа аъзолари ҳам фасод бўлади” мазмунидаги ҳадислар ҳам қалбнинг энг шарафли жой эканига ишора қилади. Энг азиз жойдан чиққан нарса бошқаларидан кўра азизроқ бўлганидек, ният ҳам бошқа аъзолар билан қилинган амаллардан яхшироқдир. Умуман олганда ният ботиний амал бўлиб зоҳирий амаллардан афзалдир.

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликларни ёзиб, уни баён қилиб қўйди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар қасд қилиб, бажарса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун ўнтадан етти юз баробар ва ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмонликни қасд қилса-ю, уни амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни қасд қилсаю, бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”[7].

Бир киши олимларга айтди: “Менга бир йўл кўрсатингки, у орқали Аллоҳ таолога доимо мақбул амаллар қилай, бутун ҳаётим Аллоҳ учун ибодатга айлансин”. Унга айтишдики: “Яхшиликни ният қил, қўлингдан келганича яхши амаллар қилавер, агар ундан толиқсанг ёки амалга ошира олмай қолсанг ҳам, уни давом эттиришда ҳиммат кўрсатавер. Албатта, яхши амал қилишга ҳимматли бўлиш – уни бажариш билан баробардир”.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишимизда яхши ниятни ҳамроҳ айлаб, ҳаётимизни эзгу ва савобли ишлар билан ўтказишимизни насиб айласин! 

Абдуҳалим МУҲИДДИНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Тошкент ислом университети”. Т.: – 2004.
  2. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  3. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулу-д-дин инда-л-имам Аби Ҳанифа. -Ар-Риёз: Дору-с-самъий ли-н-нашр ва-т-тавзийъ, 1428/2007.
  4. Саҳиҳул Муслим асари.
  5. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  6. Имом ал-Бухорий сабоқлари. Журнал. 2018/3.

Check Also

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса …