Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДАГИ ТАФСИРГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДАГИ ТАФСИРГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР

Имом Бухорий ҳазратлари фақатгина ҳадис илмида мўъминларнинг амири бўлиб қолмасдан балки Қуръон муфассирларидан ҳам бири бўлган. У киши ҳақида Имом Доримий шундай деган: “Имом Бухорий Аллоҳнинг бандалари ичидан энг зийрак зеҳнлисидир. Шу билан бирга Қуръони каримда ва Пайғамбарининг тилида буюрган ва қайтарган ҳукмларни У Зотга боғлайди. Агар Муҳаммад Қуръон ўқиса, унинг қалби, кўзи ҳамда қулоғи ҳам у билан банд бўлади. Унда келган зарбул масаллар ҳақида тафаккур қилади ва ҳалолни ҳаромдан ажратиб олади”[1].

Бакр ибн Мунир айтади: Имом Бухорий бир куни намоз ўқиётган эди. Ўша вақтда бир ари келиб, ўн етти жойидан чақди. Намозини ўқиб тугатгач: “Қарангларчи, қайси нарса менга намозимда озор берди экан?”, деди. Қарасалар, занбур у кишини чақиб шишириб юборибди. Шунда ҳам намозини бузмади. У кишидан бунинг сабабини сўраганларида, шундай жавоб берди: “Бир оятни ўқишни бошласам, уни тугатиб қўйишни яхши кўраман”[2]. Бундан маълум бўладики, Абу Абдуллоҳнинг ёшлигиданоқ Қуръонга бўлган меҳри жуда баланд бўлган.

Имом Бухорийнинг тафсирга оид иккита китоби бўлиб, бири “ат-Тафсир ал-Кабир”дир. Буни у кишидан шогирди Фирабрий айтиб берган.

Иккинчиси, “ал-Жомеъ ас- Саҳиҳ” асарининг ичидаги “Китабут тафсир” бўлимидир. Бу тафсирда жуда нозик ҳукмлар бўлиб, уни англаш учун ўзига хос илм ва тушунча керак бўлади. Чунки, Имом Бухорий бу китобни чуқур мулоҳаза қилиб, уч маротаба қайта ёзган.

Маълумки, Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас- Саҳиҳ” асари бир нечта илмларни ўз ичига олади. Яъни ҳадис, ҳадиснинг ровийлари, фиқҳ илми ва тарих ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир. Шунингдек, бу асарда тафсир илми ҳақида ҳам очиқ-ойдин хабарлар берилган. Бу асарни ўрганиш жараёнида унинг қуйидаги тафсир илмига оид муносабатларини билиб олишимиз мумкин. Жумладан,

  1. “ал-Жамеъ ас-Саҳиҳ” асари ҳадис ёки фиқҳга боғлиқ боблардан ташқари тафсирга оид бир нечта бобларни ҳам ўз ичига олган. Улар, “Ваҳийнинг бошланиш китоби”, “Дастлабки яратилиш китоби”, “Пайғамбарлар китоби”, “Қуръон ва суннатни маҳкам ушлаш ҳақидаги китоб”, “Тавҳид китоби”, “Тафсир китоби” ва “Қуръоннинг фазилатлари китоби”дан иборатдир.
  2. Бу асарда тафсирга оид сарлавҳаларнинг жуда кўп турлари келган. Яъни, “Иймон китоби”, “Тақдир китоби”, “Зулм қилиш китоби”, “Васиятлар китоби” ва асарнинг бошқа китобларида ҳам тафсирга боғлиқ сарлавҳалар тузилган.
  3. Имом Бухорий бу асарида тафсир илмига боғлиқ бўлган битта қоидага таянган. У қоида шуки, асардаги бир китобини битта ёки бир нечта оятлар билан бошлашидир. Бу эса ҳар бир ҳукм аслида Қуръондан олинишига, ҳадис ва хабарларда келган ҳукмлар ҳам Қуръонга боғланишига ишорадир. Ҳадис ва хабарлар фақат Қуръонни тафсир қилиб, очиқ-ойдин баён қилишдир. Мана шу асл бўлган қоидани Имом Бухорий бу асарида шу йўл билан қўллаган.
  4. Имом Бухорий Қуръони каримда келган оятлар билан ва ундаги калималарга бирорта ҳадис ёки хабарни эргаштирмасдан сарлавҳа тузади. Бу ҳолат ҳам “ал-Жомеъ ас – Саҳиҳ” асарида бир нечта ўринда қўлланилган. Бунга сабаб эса устозларининг наздида ушбу оятларнинг тафсири ҳақида ҳеч бир хабар келмаганига ишорадир. Имом Бухорий ўзининг шартига тўғри келмагани сабабли шу мавзуга оят билан ишора қилиб, уни ифодалаш учун ўша оятни сарлавҳа сиафтида келтириб ўтган.
  5. Имом Бухорий аввалги ва охирги нозил бўлган оятларга, уларнинг нозил бўлиш сабабларига, насх-мансух (ҳукмни бекор қилувчи-ҳукми бекор) бўлган оятларга, Қуръоннинг ажойиблигига, қироат илмига, Қуръонни Қуръон билан, Қуръонни суннат ва саҳобанинг ҳамда тобиъинларнинг сўзи билан тафсир қилишга аҳамият берган[3].

Имом Бухорийнинг тафсир илмида араб тили луғатини ишлатиши ва Қуръон қиссаларига диққатни қаратиши ҳамда юқорида келтириб ўтилган сабабларнинг барчаси Қуръони каримни тафсир қилишдаги асосий замин бўлиб хизмат қилган.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот бўлими
илмий ходими
____________________________________________________________________________
[1] Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий муқаддимату Фатҳул Борий. – Байрут: Дорут Тоййиба. – 754 б.
[2] Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий муқаддимату Фатҳул Борий. – Байрут: Дорут Тоййиба. – 748 б.
[3] Саййид Аҳмад Имам ибн Хотарий. Минҳажул Имамил Бухорий фит Тафсири мин хилали китабиҳи. – Саудия Арвабистони: Дирасатул уля, 1995. – 1/28, 29, 30 б.

Check Also

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса …