Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ НОДИР ҚЎЛЁЗМА АСАР ТАДҚИҚИ (2-қисм)

ИМОМ БУХОРИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ НОДИР ҚЎЛЁЗМА АСАР ТАДҚИҚИ (2-қисм)

Қўлёзманинг биринчи саҳифаси

Қўлёзманинг биринчи саҳифаси “Биррул волидайн” китобидаги ҳадисларни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Абу Абдуллоҳ Жуъфийдан 328/940 йилда Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Диллуяҳ Даққоқ раҳимаҳуллоҳ, у кишидан Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий ривоят қилганилиги тўғрисидаги маълумот билан бошланган.

Бу нусха имом ҳофиз саййид Муҳаммад Абдул Ҳай Каттоний раҳимаҳуллоҳга тегишли Каттоний кутубхонасида сақланаётган асарлардан биридир. Ҳозирда бу китоб Марокашдаги “Ал-қасрул-маликийа-л-омир” номли китоблар хазинасининг 452-бўлимда сақланмоқда.

Бу асарнинг асли Дамашқда бўлиб, саййид Абдул Ҳай Каттоний уни саййид Муҳаммад ибн Муҳаммад Муборак Ҳасаний Жазоирий Дамашқий[1]дан қўлга киритган. Асарнинг нусха кўчирувчиси Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Ҳалабий[2] бўлиб, нусханинг охирида ёзилганидек, ҳижрий 887/1482 йили шу нусхани ёзиб тугатган.

Қўлёзма нусханинг сўнги саҳифаси

Қўлёзма нусханинг сўнги саҳифаси қуйидаги
“Бу (нусха)ни ожиз банда Муҳаммад ибн Муҳаммад Мансур ибн Али Ҳусайний Ҳалабий 887/1482 йилнинг 28 шавволида Қоҳирадаги Ал-Азҳар жомесининг тепасида ўзи учун олиб қўйди. Аллоҳ бу юртни ҳимоясига олсин. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг олу асҳобларига салавотлар юборгин” мазмунидаги ёзувлар билан ниҳояланган.

Шунингдек, Имом ҳофиз саййид Муҳаммад Абдулҳай Каттоний нусханинг сўнггида ўз қўли билан ушбу ибораларни ёзган:

“Бу китобни фозил аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Исмоилий Зарҳуний[3] камина Муҳаммад Абдулҳай Каттонийнинг қўлида Каттома[4] қасрида эшитиб чиқди. Бу иш 1324/1906 йилнинг Рабиус соний ойида, ҳаждан қайтаётганимда мен билан кўришиш учун ўша ерга келган вақтида бўлди”.

Юқоридаги маълумотларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, Бу нусха камёб нусхалардан бири бўлиб, эҳтимол, у бугунги кунда ислом оламидаги ягона нусхадир. ушбу китобда келган ҳадисларнинг айримлари Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг нусхасида ҳам мавжуд бўлиб, бу нарса мана шу нусханинг аниқлигини қувватлайди.

Асарнинг мусаннифи, ундан нусха кўчирувчиси ҳамда бу асар ўқиб берилган шахсларнинг тарихлари орасида тафовутлар бор. Бу борада Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий асарида “Мен бу нусхани ўқиб чиққанимда шуни англаб етдимки, ундаги иборалар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, тахминан унинг биринчи ярми асарнинг номига уйғун ва алоқадордир. Чунки, уларда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида гап кетган. Иккинчи ярмига келадиган бўлсак, гарчи унда келган ибораларнинг кўпчилик қисмини шу мавзуга алоқадор деб тушуниш учун бир оз таъвил қилиш мумкин бўлса-да, ота-онага яхшилик қилиш мавзусидан жуда ҳам олисдадир. Бу нарса, айниқса, ундан нусха кўчирувчининг вафот этган санаси жуда ҳам кейинга тўғри келаётгани мени мана шу нусханинг собитлиги ҳақида шак-шубҳага боришимга ундади. Кейинчалик мен асарнинг биринчи ва иккинчи ярмида Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобида келган ибораларни айрим имомлар ривоят ва нақл қилганликларини кўрдим. Мана шу нақллар бу нусхадаги ибораларга мувофиқ келишини кўриб, кўнглим ундан таскин топди ва бу нусханинг собитлигига ишончим комил бўлди”[5].

“Биррул волидайн” китоби бир неча йўллар билан ривоят қилинган бўлсада, уларнинг барчаси Ибн Диллуяҳга бориб тақалади. Ибн Диллуяҳдан бир гуруҳ ровийлар, жумладан, биринчилардан бўлиб Муҳаллабий “Биррул волидайн” китобини ривоят қилган. Муҳаллабийдан эса шайх аллома, наҳв олими Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Халаф Шерозий Нишопурий (туғ.398/1105), Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Ҳамза Муҳаллабий, Абу Бакр ибн Фаврак, Абу Абдурраҳмон Суламий ва уларнинг табақаларида бўлган кишилардан ҳадис эшитган. Абу Бакр Шерозийдан Ибн Тоҳир Мақдисий, Важиҳуш-Шаҳҳомий ва Умар Саффорлар ривоят қилишган.

Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китоби бугунги кунда Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази таржимонлари томонидан таржима қилинган бўлиб, яқин кунларда нашр этиб китобхон эътиборига ҳавола қилиниши режалаштирилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу китобда ривоят қилинган ҳадислар мазмунан ҳар бир китобхонни ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва шу билан бирга инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шунингдек, мазкур китоб оиладаги муҳитни соғломлаштириш, ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуларини англаш, ёшлар тарбияси ҳамда жамиятимизда ота-она ва фарзанд муносабатларини тўғри йўлга қўйишда муҳим манба саналади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дарул кутуб мисрийя.2014.
  2. Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014.
  3. https://ar.wikipedia.org/
  4. https://www.ahlalhdeeth.com/vb/showthread.php?t=123772
  5. https://kfnl.gov.sa/Ar/RecentlyShelvedBooks/Pages/20180514-1.aspx
Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
_____________________________________________________________________________________
[1] Ҳижрий 1263 йили Байрутда таваллуд топган ва ҳижрий 1330 йили Дамашқда вафот этган.
[2] Ушбу “Биррул волидайн” қўлёзмасининг нусха кўчирувчиси – Саййид Шариф Розиюддин Абу Бакр ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳошим ибн Мансур Ҳусайний, Мувсавий, Ҳалабий, Ҳанбалий бўлиб, Ўзининг отасига ўхшаб Ибн Мансур номи билан машҳур бўлган. 863/1459 йили таваллуд топган. 895/1490 йилларда ҳаёт бўлган.
[3] У – буюк аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Идрис Алавий Зарҳуний бўлиб, ҳижрий 1288/1871 йилнинг Сафар ойида Зарҳунда таваллуд топган. Унга саййид Жаъфар, унинг ўғли саййид Муҳаммад, саййид Абдулкабир ва унинг ўғли саййид Абдулҳай Каттонийлар, Ҳабиб Ҳусайн Ҳабаший, Таҳомий Канун ва бошқалар “Биррул волидайн” китобини ривоят қилишга ижозат беришган.
[4] Ҳозирда бу жой “Катта қаср” номи билан машҳурдир.
[5] Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014. Б.36.

Check Also

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса …