Home / Имом Бухорий ҳадислари / “ЯХШИДИН БОҒ ҚОЛСА, ЁМОНДИН…”

“ЯХШИДИН БОҒ ҚОЛСА, ЁМОНДИН…”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар:

عن أنس رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “ إن قامت الساعة وفي يد أحدكم فسيلة، فإن استطاع ألا تَقوم حتى يَغرِسَها، فليَغرِسْها”

“Сизлардан бирортангизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолида қиёмат бўлиб қолса, қиёмат бўлишидан олдин уни экиб олиш имкони бўлса, албатта, уни эксин”, – дедилар[1] (Имом Бухорий. “ал-Адаб ал-муфрад”).

Дунёда инсон қўлидан келадиган барча эзгу ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим. Қилган хайрли ишларининг самарасини, албатта, келажакда кўради. Умрнинг ҳар бир қайтмас бўлган онларини ғанимат билиб, яхши ният билан бир дона бўлса-да, дарахт экса, эртага унинг мевасидан ўзи, болалари ва атрофдагилар ҳам баҳраманд бўлишади. Эртага нима бўлишини, қиёматнинг қачонлигини ҳеч ким билмайди. Чунки ғайб илми фақатгина Унинг измида, биз уни билмаймиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Одамлар сендан (қиёмат) соати ҳақида сўрарлар. Сен: “Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айт”[2],дейилган. Яъни, қиёмат қойим бўлиши Унинг Ўзигагина маълум ва У хоҳлаган вақтда содир бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз динимизда кўрсатилган барча эзгу амалларни бажаришга ва қолганларни ҳам савобли ишлар қилишга чақиришимиз керак. Зеро, доно халқимизда яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, деган мақол бор.

Мазкур ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳаётнинг энг сўнгги фурсатини ҳам ғанимат билиб, яхши ва савобли ишлар қилишга тарғибэтилмоқда.

2. Инсон вафот этганидан сўнг савоби қиёматга қадар унинг ортидан бориб туриши ва унинг номидан қилинган садақа бўлиши учун ҳам одамларга манфаати кўп бўлган нарсаларни этишга қизиқтирилмоқда.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳивасаллам ҳадисларида кўчатни мисол келтирдилар. Бу дегани, ўшавақтда қўлида кўчатдан бошқа нарса бўлса ҳам уни ташлаб юборсин, дегани эмаслиги.

4. Мусулмон одам яхши амалларни қилишда сусткашликка йўл қўймаслиги.

5. Мусулмон одам бошқаларга фойдаси тегадиган, шахсий ҳаёти ва жамияти учун фаол бўлиши.

6. Вақт масаласида ўта қизғанчиқ бўлмоғи лозимлиги, зероу инсоннинг умри экани.

7. Ҳамма ишлардан яхши гумон қилиб, ҳаётда Аллоҳ таолодан ноумид бўлмай, келажакка ёрқин назар билан боқиш кераклиги.

8. Ҳар бир ишни яхшиликка йўйиш, яхшилик аломати деб билиш лозимлиги.

9. Динимиз бизларни билганларимизга амал қилишга, сабабларни ишга солишга, ожизлик ва дангасаликка ўрганиб қолмасликка чорлаши.

10. “Экиб олсин” калимаси ҳаракат қилишга ва янги ҳаёт бошлашга ишора экани.

11. Умр ниҳоясига етишидан аввал эзгу амалларни қилишга шошилиш лозимлиги.

12. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига фақат яхшиликни раво кўрганлари.

13. Қиёматнингқойимбўлишитасодиф экани.

14. Ўтаётган ҳар бир лаҳзанинг ҳаётимизда қиймати ва унга бепарво қарамаслик кераклиги.

15. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “уни албатта экиб олсин” деган хитоблари аёлларга ҳам умумий экани. Эзгу ишлар қилган кишилар учун охиратда бериладиган савоб айнан мусулмонларга хослиги.

15. Қўл меҳнати орқали тирикчилик қилишнинг афзаллиги.

16. Биздан олдингилар биз учун дарахт экиб кетганлари каби биз ҳам ўзимиздан кейингилар учун дарахт экиб кетишимиз лозимлиги.

Мусулмон банда бирон савобли ишни ният қиладиган бўлса, албатта, унинг учун ажр олади. Ерга дарахт экиш ҳам савобли ишдир. Шунинг учун ҳам инсон ўзининг обрўсини сақлашни, аҳли аёлини боқишни, ўзидан қашшоқликни кетказишни ният қилган бўлса ҳам ундан бирор инсон ёки қуш ёхуд ҳайвон еса, албатта, унинг мукофотини олади. Банда, мана шу замин ўз Холиқи наздида маълум бўлган муддатга қадар обод бўлиб туриши учун ҳам дарахт экиш сингари яхши амалларни мунтазам қилиб бориш лозим.

____________________________________________

[1]Ҳадис Имом Аҳмаднинг “Муснад”и (ж.3, б.183,184 ва 191)да, Таёлисийнинг “Муснад”и (2068)да ваБухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад”и (479)да келган.
[2]Аҳзоб сураси, 63-оят.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Check Also

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили …