Home / АЛЛОМАЛАР / ҲИСОМИДДИН САДРИ ШАҲИД ИЛМИЙ МЕРОСИ

ҲИСОМИДДИН САДРИ ШАҲИД ИЛМИЙ МЕРОСИ

Тарихдан маълумки, Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан аллома ва мутаффаккирлар билан бир қаторда ҳукмдорлар ҳамда маълум бир кучга эга бўлган сулолалар ҳам диний илмлар ривожини қўллаб-қувватлаган ва унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Хусусан, X-XII асрларда Қорахонийлар, Салжуқийлардан етишиб чиққан ҳукмдорлар, Саффорийлар, Оли Моза ва Маҳбубийлар каби йирик диний-сиёсий сулола вакиллари исломий илмлар ривожида муҳим роль ўйнаган.

Салжуқийлар даврида ҳар бир шаҳарда ҳам раис (дин ишлари билан шуғулланувчи вакил), ҳам амир (ҳукумат ишлари билан шуғулланувчи вакил) тайин этилган. Раислар маҳаллий ёхуд ҳукмдорнинг буйриғига биноан султонга содиқ диний арбоблардан (Оли Моза оиласи вакилларига ўхшаш) тайинланган[1]. Оли Моза оиласи вакиллари диний ва дунёвий ҳукмдорлар даражасига кўтарилган.

Ушбу оила вакиллари ҳанафий мазҳабининг ривожига катта хисса қўшган. Мўғул ҳужумидан кейин ҳам ҳанафий фақиҳларини ўз ҳимоялари остига олганлар. Масалан, ҳижрий 674 йили 4000 фақиҳ улар ёрдамидан фойдаланганлар. Манбаларда кўрсатилишича, оила аъзоларидан бири Садру-с-судур Бурҳонуддин Абдулазиз ибн Умар Самарқанд шаҳрида 30 минг қизил олтин (динор) тўплаб, бир ҳанафий фақиҳнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Ҳисомиддин Садри Шаҳид ҳам Оли Моза сулоласидан етишиб чиққан йирик фақиҳлардан биридир.

Буюк фақиҳ, ҳанафий мазҳабининг билимдони, аллома, валиюллоҳ Ҳисомиддин Садри Шаҳид Умар ибн Абдулазиз Бухоро олимлари устози эдилар[2].

Ҳисомиддин Умар ибн Абдулазиз ибн Моза милодий 1090 йили Бухорода туғилган. У жанг пайтида шаҳид бўлганлиги сабабли “Садр аш-шаҳид” номи билан машҳур бўлган.

Таниқли турк олими Муртазо Бадир алломанинг вафоти ҳақида қуйидагича келтиради: “Садр аш-шаҳид” лақаби билан танилган Умар ибн Абдулазиз ибн Моза Султон Санжар билан Қорахитойлар ўртасида 536/1141 йилда бўлиб ўтган Қатвон жангида қатнашган ва у ерда шаҳид бўлган”[3].

Бундан маълум бўладики, аллома Қатвон урушида ўлдирилганлиги сабаб унга “Шаҳид” нисбаси берилган. “Садр” унвони эса сулолавий мерос ҳисобланади. Шу тариқа аллома “Садр аш-шаҳид” нисбаси билан танилган.

Ҳисомиддин Садри Шаҳид “Ал-усул ал-Ҳусомиййа” ёки “Усул ас-садр аш-шаҳид”, “Ал-воқеъот ал-Ҳусомийя фи мазҳабил-ҳанафийя”, “Ал-фатово ас-суғро”, “Ал-фатово ал-кубро”, “Шарҳ ал-жомиъ ас-сағир”, “Шарҳ ал-жомеъ ал-кабир”, “Шарҳ адаб ал-қози лил Хассоф” ва бошқа асарлар муаллифидир.

“Ал-усул ал-Ҳусомиййа” асари усулул фиқҳ йўналишида ёзилган асар ҳисобланади. Ушбу асар “Усул ас-садр аш-шаҳид” номи билан ҳам аталади.

“Шарҳ адаб ал-қози лил Хассоф” асари адабул қози (қозилик одоблари) услуби бўйича ёзилган Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассоф Ҳанафий (вав. 261/875)нинг “Адаб ал-қози” номли асарига шарҳ ҳисобланади. Ушбу йўналишда ёзилган асарларда қозилик фаолиятига доир барча масалалар, ҳаттоки, қози қозихонада одамлар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганида қандай кийим кийиши лозимлигигача кўрсатиб ўтилган. “Шарҳ адаб ал-қози лил Хассоф” асари ироқлик олим Маҳий Ҳилол Сархон томонидан тадқиқ қилинган ва 1978 йил алоҳида китоб қилиб Бағдодда нашр этилган.

“Шарҳ ал-жомиъ ас-сағир” асари Муҳаммад Шайбонийнинг “Ал-жомиъ ас-сағир” асарига битилган шарҳ ҳисобланади. “Мифтаҳ ас-саъода” асарининг муаллифи бу шарҳ “Ал-жомиъ ас-сағир” асарига ёзилган етти йирик шарҳнинг биридир, деган фикрни айтиб ўтган.

“Ал-фатово ал-кубро” китоби ҳам аллома меросининг дурдоналаридан бири ҳисобланади. Унда фиқҳий масалалар ечимига оид нодир фатволар жамланган.

Муаллиф китобнинг муқаддимасида фақиҳ Абу Лайснинг “Навозил”и, Абул Аббос Нотифийнинг “Воқеъот”и, Имом Муҳаммад ибн Фазлнинг ва аҳли Самарқанднинг фатволарини жамлашга ҳамда ўзига тушган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилажагини таъкидлаган. Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ мазкур китоблардан олинган фатволарни маълум ҳарфлар билан белгилаб борган[4].

Садри Шаҳид илмий меросини ўрганган ироқлик тадқиқотчи Маҳий Ҳилол Сархон олимнинг фиқҳга бағишланган “Китоб ан-нафақот”, “Китоб ат-таклима”, “Китоб ал-мунтақо”, “Китоб масоил даъво ал-ҳийтон ват туруқ ва масоил ал-мо”, “Китоб ал-мабсут фил хилофиёт”, “Китоб хират ал-фуқаҳо”, “Китоб ал-вақф” асарлари ҳақида ҳам маълумот беради[5].

Садри Шаҳид фиқҳий назария бўйича Ҳазрат Бурҳониддин Марғинонийнинг буюк устозларидан бири бўлган[6]. Олимдан ўғли Шамсиддин Муҳаммад, Умар ибн Муҳаммад Оқилий ва Муҳаммад ибн Муҳаммад Сарахсийлар таълим олишган.

Шу тариқа Мовароуннаҳрда барча исломий илмлар қатори фиқҳ илми ҳам ривож топган. Айниқса, Бухородан етишиб чиққан фақиҳлар ушбу илмнинг ривожига катта ҳисса қўшганлар. Дастлабки даврларда ҳам ҳанафий мазҳаби Бухоро орқали бутун Мовароуннаҳр диёрига тарқалган. Абу Ҳафс Кабир Бухорий каби фақиҳ алломалар мазҳаб имомларидан таълим олиб, Бухорода ўзига хос фиқҳий мактабнинг шаклланишига замин яратган. Кейинги даврлардаги йирик фақиҳлар ҳам, диний-сиёсий кучга эга бўлган сулола вакиллари, улардан етишиб чиққан олимлар ҳам диний илмларнинг ривожига ҳар томонлама саъй-ҳаракат қилганлар.

Оли Моза оиласидан чиққан йирик фақиҳ Ҳисомиддин Садри Шаҳид ҳам фиқҳ илмининг ривожланишига ўзининг бой илмий мероси, сулолавий имкониятларидан фойдаланиб катта ҳисса қўшган. Аллома милодий 1141 йили 53 ёшида вафот этади.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] И.И Бекмирзаев. Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. –Т:.“Таълим нашриёти”, 2011. –Б. 7-8.
[2] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012. –Б.77.
[3] Murteza Bedir. BUHARA HUKUK OKULU Vakıf Hukuku Bağlamında X-XIII yüzyıl Orta Asya Hanefi Hukuku Üzerine Bır İnceleme. ‒ İstanbul: İSAM yayınları, 2014. ‒ S.34.
[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. ‒ Т:. “SHARQ” нашриёти, 2011. ‒ Б.133.
[5] И.И Бекмирзаев. Бурҳониддин Маҳмуд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. –Т:.“Таълим нашриёти”, 2011. –Б. 28.
[6] А.Ш.Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Т:. “Тошкент ислом университети” нашриёти, 2002. –Б.215.

Check Also

АБУЛ БАРАКОТ НАСАФИЙ

Буюк Ватандошимиз Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насаф шаҳрида милодий XIII …