Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН – ХАЙРУ БАРАКА ОЙИ

РАМАЗОН – ХАЙРУ БАРАКА ОЙИ

Ислом динининг бешта асосий рукнларидан бири рамазон рўзасидир. Рўза очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Аллоҳ таолога яқинлик ва тақво ҳосил қилинадиган буюк амалдир. Аллоҳ таоло бандалари учун бу дунёда соғ-саломат, охиратда саодатли бўлишини ирода этиб бу ойни фарз қилган.

Рўза аввалги пайғамбарларнинг умматларига ҳам буюрилган. Шундан маълум бўладики, ҳаёти давомида одамзотга рўза тутиш амали инсонийлигининг ҳақиқий кўринишини сақлаб туришини кўрсатади.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, иккинчи йили фарз қилинган. Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръони карим, суннати набавий ва ижмои уммат билан фарз экани ўз исботини топган.

Аллоҳ Таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси 183-оят мазмуни). Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар. Жумладан:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар” (Насоий ва Байҳақий ривоятлари).

Осмон эшикларининг очилишидан мурод, шу ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, Аллоҳнинг раҳмати, хайру баракаси ёғилади. Раҳмат фаришталари тушади. тутилган рўзалар ва қилган яхши амалларининг савоблари кўпайиб, осмонга кўтарилади. Дўзах эшиклари ёпилишидан мурод эса, бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камаяди, унга кириш вақтинча кечга сурилади. Шайтонларнинг кишанбанд бўлишидан мурод эса, Рамазон ойи шарафидан шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қилишга кучи етмай қолади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол бажарадилар. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Яъни бу кеча Қадр кечаси бўлиб, у кечадаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайру баракалар шу даражада кўпки, минг ой ибодат қилгандан яхшидир. Бу муборак кечани уйқусиз ибодат билан ўтказган киши жуда кўп яхшиликларга эга бўлади.

 Ким Аллоҳнинг марҳаматидан сўнг рўза ойига эътиборсиз қараса жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлади. Овқат танага қувват бўлгани каби, рўза ҳам руҳга қувват бағишлайди. Одам овқат емасдан тура олмаганидек, мўминнинг руҳи ҳам рўзасиз яшай олмайди.

Рўза ҳар бир киши ўзи биладиган махфий ибодат бўлиб, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун савобини Аллоҳнинг ўзи беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло айтадики: “Ҳар бир яхши амал учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бераман, фақат рўза бундан мустасно. У мен учун тутилади, унинг ажрини ҳам ўзим бераман”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мўмин-мусулмонлар бу муқаддас ой кирганда бир-бирларини муборакбод қиладилар. Чунки бу муқаддас ой йилда бир марта келадиган яхшилик ва хайру саховат ойидир. Гуноҳлар афв қилинадиган, банданинг Аллоҳ таолога яқинлашадиган паллаларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки рамазон рўзасини иймон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади”, дедилар (Бухорий ривояти). Шунинг учун бу ойнинг баракасидан ҳар бир инсон фойдаланиб қолиши лозим.

Рўзадор киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Нафс балосидан сақланишни, сабрли бўлишни ўрганади. Рўзанинг энг муҳим ҳикматларидан бири рўза туфайли рўзадор саломатлигини тиклаб олади. Зеро Пайғамбаримиз: “Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар”, деганлар. Рўза ҳар хил касалликлардан ҳалос этиш билан бир қаторда, баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа зарарларни ҳам кетказади. Аллоҳ таоло бандаларни яратган экан, уларга нима кераклигини билувчи зотдир.

Рамазон ойининг баракотидан қилинадиган хайру саховат ишлари кўпчилик мўмин-мусулмонларни хурсандчиигига сабаб бўлади. Халқимизда бу ойда кўп саховат ва меҳр оқибат каби яхши хислатлар авж олганини кўрамиз. Одатимизда закотни мана шу ойга тўғрилаб адо қилиш урфга кирган. Бундан ташқари қийналган оилаларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш каби инсонийлик фазилатлари шу ойда жуда ҳам билинади. 

Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Аллоҳ бу муборак кунларни рўза, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати, хайру саховатли кишиларни қилаётган амалларини даргоҳида қабул қилсин. Бало-ю кулфатларни кўтариб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини яратгандан сўраб қоламиз.

Қодирхон МАҲМУДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Ислоҳотлар – фаровон ҳаёт гарови

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам қатор муҳим вазифа …